Спорт | 14:47 / 02.12.2021
18479
11 дақиқада ўқилади

«Навбаҳор» билан судлашаётган Канчельскис ўзига қилинган таҳдид ҳақида хабар берди. Наманган клуби баёнот билан чиқди

Фото: Tribuna.uz

1 декабрь куни Россия нашрларида Наманганнинг «Навбаҳор» клуби собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскисга номаълум шахслар томонидан таҳдидлар бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мутахассиснинг маълум қилишича зўравонлар ундан ФИФА орқали ўзбек клубидан ундирмоқчи бўлаётган 1,6 миллион евро маблағ масаласида талабини пасайтиришни, акс ҳолда уни майиб қилишларини айтиб, қўрқитишган. Ушбу можароли вазият Россия футбол ҳаётидаги асосий воқеага айланмоқда.

Ўзи нима бўлган эди?

2020 йилда Канчельскис маошлар масаласидаги қарздорликдан сўнг Наманган клубини тарк этганди. Кўп ўтмай, у ФИФАга бу масалада мурожаат қилгач, футболдаги бош ташкилот «Навбаҳор»дан россиялик мураббий фойдасига жами 1,6 миллион евро миқдоридаги товон пули ва қарздорликни ундириш ҳақида қарор чиқарган.

22 ноябрь куни кечга яқин Москвадаги «Оазис» ресторанида овқатланаётган Канчельскис ёнига уч нафар номаълум шахс келиб, ундан Ўзбекистонда ишлагани ва 80 минг АҚШ доллари миқдорида тўлов қилиш бўйича таклиф олгани ҳақида сўрашади. Унгача эса айнан шунча маблағ билан масалага нуқта қўйиш ҳақида «Навбаҳор» клуби президенти Канчельскисга таклиф билан чиққан эди.

«Сиз судга бердингиз. Энди ҳеч нарса ололмайсиз! Агар шу маблағга (80 минг АҚШ доллари) рози бўлмасангиз, бир умрга майиб бўласиз. Оёғингни синдирамиз, аравачада юрасан», дея гумондаги шахслардан бирининг сўзларини келтиради «Мутко против» Telegram-канали кузатув камераларидаги видеони келтириб.

«Навбаҳор» собиқ устози таҳдидлардан сўнг полицияга мурожаат қилган. Қайд этилишича, Канчельскисни анчадан буён кузатишган. Ресторан ишчиларининг сўзларига кўра, бу шахслар бу ерга олдин ҳам бир неча марта кириб, россиялик мураббийни шу ердан излашган.

«Таклифдан бош тортсам, оёқ ва қўлларимни синдиришларини айтишди»

Канчельскис «СЭ» билан суҳбатда бўлган воқеаларни айтиб берди.

«Полицияга мурожаат қилганимиз рост. Аммо бу маълумот қандай қилиб ОАВда пайдо бўлгани қизиқ. Органларимиз қандай ишлаши мен учун тушунарсиз. Барча таҳдидлар ФИФА ва УЕФАга етказилади. Бу иш билан ҳозир жиддий шуғулланишимиз керак. Полициядан ҳозирча олганимиз – ушбу маълумотни кутилмаганда тарқалиши бўлди, бошқа ҳеч қандай реакция бўлгани йўқ. Ўйлайманки, тез орада маълумот кўпроқ бўлади. Бу кимсаларни тезроқ топиб, қонун доирасида чора кўришларини хоҳлайман.

Батафсил? Улар ёнимга келиб сўрашди: «Сиз Ўзбекистонда ишлаганмидингиз?». Ишлаганимни айтдим. Суҳбат бошланиб, уларни судга берганимни сўрашди. Уларга судга эмас, ариза билан ФИФАга мурожаат қилганимни айтдим. Шундан сўнг маълум миқдордаги маблағ айтилди. Бу таклифдан бош тортсам, оёқ ва қўлларимни синдиришларини айтишди. Шундан сўнг биз тинчгина тарқалдик. Бу тахминан 5 дақиқа давом этди, аммо аниқ бир ярим соат эмас. Суҳбат давомида улар томондан турли ҳақоратли сўзлар янгради. Беш дақиқа ўтиб, улар кетишди», дейди Канчельскис.

Қайд этилишича, полицияда гумондор шахслар бўйича маълумотлар бўлиши мумкин. Чунки номаълум шахсларнинг баъзилари ресторандан чиққач, ниқобларини ечган ва кузатув камерасига тушиб қолган. Шунингдек, полиция Канчельскисга таҳдид қилганларнинг айримлари йўл олган манзилни кузатган. Ҳуқуқшунослар сўзларига кўра, гумонланувчилар 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Фото: Навбаҳор ФК

Канчельскисга нега таҳдид қилинган бўлиши мумкин?

Россиялик мутахассис 2018 йил Суперлига якунига 7 тур қолганида «Навбаҳор» бош мураббийи этиб тайинланган эди. Мавсум якунида жамоа Канчельскис бошқарувида бронза медалларига эга чиқди, аммо 2019 йилги мавсумда жамоа омадсиз иштирок этди – 14 клуб орасида 9-ўринни эгаллади.

2019 йилнинг июнь ойида Канчельскис истеъфога чиқарилди, аммо икки ой ўтиб яна бош мураббийликка қайтарилиб, у билан уч йиллик шартнома имзоланди. Аммо бир йил ўтиб, 2020 йилнинг октябрь ойида Канчельскис жамоадан кетиб қолди. Бу сафар маошлар тўланиши ярим йилга чўзилгани ва қарздорлик юзага келгани сабаб.

Якунда у шартномасини бекор қилиб, ФИФАга Наманган клуби устидан шикоят йўллади. Шу билан бирга, «Навбаҳор» раҳбариятини жиддий танқид остига олди.

«Эътирозларим фақат клуб раҳбариятига. Гўёки, биз улар билан бошқа бошқа сайёраларда яшардик. Футболга ҳаваскорлар келса, ўзи доим шунақа муаммолар юзага келади. Агар улар очиқ мулоқотга тайёр бўлишса, мен ҳам шунга тайёрман. Акс ҳолда суд бўлади. Ҳужжатлар бор, жойида, ҳаммасини футбол федерацияси ҳал қилади», - дейди Канчельскис Sport24 билан суҳбатда.

Канчельскиснинг фикрича, ресторандаги таҳдидлар «Навбаҳор»нинг 1,6 миллион евро миқдоридаги қарздорлик ва компенсацияни тўлашга тайёр эмаслиги билан боғлиқ.

«Фикримча, буларнинг барчаси ФИФАнинг менинг фойдамга «Навбаҳор»дан катта миқдордаги маблағни ундириш ҳақидаги қарори билан боғлиқ. Биз бир йилдан буён судлашдик. Бу судда юта оламизми ёки йўқ, билмасдик. Якунда эса ютиб чиқдик. ФИФА «Навбаҳор» клубидан шунча маблағни ундириш ҳақида қарор чиқарганига мен айбдор эмасман. Мен қонун доирасида иш кўраман ва ҳеч қандай 80 минг АҚШ долларига рози бўлмасдим. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу кимсаларни топиб, ҳал қилишсин. Улар 4 нафар эди. Кузатув камераларида уларнинг юзи кўринган, аммо ўзим уларнинг юзларини эслаб қололмадим», дейди Канчельскис «СЭ» билан суҳбатда.

Ўша суҳбатдан кейин мени таъқиб қилмай қўйишди. Жуда ҳам ёқимсиз вазият. Қўрқув борми? Табиийки, ҳа. Аммо энди нима қилиш керак, уйга қамалиб олишим лозимми? Одатий ҳаётимда яшаяпман, ишлаяпман. Ҳаммаси режадагидек. Яна нимадир бўлса, ҳуқуқни ҳимоя қиладиган органларга мурожаат қиламиз», дея «Навбаҳор» собиқ бош мураббийининг сўзларини келтирган Россиянинг Sport24 нашри.

«Канчельскис билан боғлиқ хабарлар клубга қарши фойдаланиш учун ўйлаб топилган уйдирма бўлиши мумкин» —  «Навбаҳор»

«Навбаҳор» клуби Андрей Канчельскис билан юз берган ҳолат ва бу борада ОАВда эълон қилинаётган хабарлар юзасидан расмий баёнот билан чиқди.

«1 декабрь куни Россия ва мамлакатимизнинг спортга ихтисослашган аксарият интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларида «россиялик мураббий Андрей Канчельскисга номаълум шахслар томонидан таҳдид қилингани ва мутахассис ушбу масала юзасидан полицияга мурожаат этгани» билан боғлиқ маълумотлар тарқалиши юртимиздаги футбол жамоатчилиги томонидан турлича қабул қилинди, ҳаттоки, айримларда ноўрин шубҳа ва янглиш тасаввур пайдо бўлишига сабаб бўлди, айниқса, «Навбаҳор» жамоаси мухлисларининг кўпчилигида хавотир уйғотди.

Шу муносабат билан, «Навбаҳор» профессионал футбол клуби мазкур ҳолат бўйича шуни маълум қиладики, жорий йил август ойида ФИФА томонидан «...Андрей Канчельскисга 1,6 миллион доллар миқдорида компенсация пули тўлаб бериш...» юзасидан чиқарилган қарор бўйича «Навбаҳор» ПФК Халқаро Спорт арбитраж суди (CAS)га апелляция йўллаган. Мазкур жараёнда қўшимча куч ва ёрдам тариқасида хорижлик ҳуқуқшунос-юристлар, соҳа мутахассислари жалб этилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу жараёнда «Навбаҳор» ПФК томонидан CAS’га тақдим этилган далил-исботлар суд ишида ютиб чиқиш имконини беради.

Вазиятдан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, Андрей Канчельскис шахси билан боғлиқ бу каби маълумотларнинг интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилиши россиялик мутахассиснинг келгусида CAS’да ўзини оқлаш учун қилинаётган, ўз навбатида, «Навбаҳор» ПФКга қарши фойдаланиш учун ўйлаб топилган уйдирма ва бўҳтонлар бўлиши мумкинлигини ҳам инобатга олиш даркор.

Ваҳоланки, «Навбаҳор» ПФК ва клуб манфаатларини ҳимоя қилаётган юристлар ушбу ҳодисадан анча олдин хабардор эди. Чунки, Андрей Канчельскиснинг юристлари ҳодиса бўйича «Навбаҳор» ПФК юристлари билан боғланишганда, «Навбаҳор» ПФК бу ҳодисадан хабари йўқлигини, лекин ҳолат юзасидан ҳар қандай ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилганди»,  дейилади клуб хабарида.

Клуб ўз баёнотида мухлисларга ҳам мурожаат қилиб, бу борадаги хабарларни клуб номи билан боғлаш «Навбаҳор»нинг мамлакат ва хориж футбол жамоатчилиги олдидаги обрўси ва имижига жиддий зиён келтириши мумкинлигини қайд этган.

«Ҳурматли футбол мухлислари! Сир эмаски, «Навбаҳор» ПФК янги – 2022 йилги мавсумга катта мақсадлар билан тайёргарлик кўрмоқда. Клуб раҳбарияти раҳнамолигида жамоа рақобатбардошлигини янада ошириш, «Навбаҳор» брендини ривожлантириб, уни жаҳон талаблари даражасига кўтариш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, «Навбаҳор» ПФК эзгу мақсадлари йўлида дадил одимлаётган паллада интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабар-маълумотларнинг ҳаммасини ҳам клуб номи билан боғлаш «Навбаҳор» ПФКнинг мамлакатимиз ва хориж футбол жамоатчилиги олдидаги обрўси ва имижига жиддий зиён келтириши мумкинлигини эътиборга олиш керак.

Шуни унутмаслик керакки, клубимиз «Навбаҳор» ПФКга алоқадор ҳар қандай воқеа-ҳодисага юридик жиҳатдан тўғри ёндашишга, мавжуд масалаларни қонуний томонлама ҳал этишга ҳаракат қилиб келади, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади», дейилади баёнотда.

  • Эслатиб ўтамиз, Наманган жамоаси ҳали ҳам қарздорликни бартараф эта олмагани учун ўтган ҳафтада ОФК лицензиясини қўлга кирита олмади. Бир ҳафта аввал Наманган клуби янги мавсум олдидан Самвел Бабаянни бош мураббий сифатида эълон қилган, шунингдек, Канчельскис билан муаммони бартараф этиш ишларини олиб бораётгани ҳақида маълум қилинганди. 
Тайёрлаган:  Усмон Ибодов

Мавзуга оид