Ўзбекистон | 19:40 / 26.06.2019
16646
4 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳокимлиги «ДХМ рухсати билан дарахт кесаётганлар» ушлангани ҳақида хабар тарқатди. ДХМ рухсатнома ҳокимлик томонидан берилишини эслатди

Фото: Facebook

Тошкент шаҳри ҳокимлиги шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 25 июндан 26 июнга ўтар кечасидаги кузатув давомида Алишер Навоий шоҳ кўчасидаги «Туркистон» санъат саройининг олд томонида дарахтлар кесилаётгани устидан чиққани ҳақида «Дарахтларни кесишга ким рухсат берди» сарлавҳаси остида хабар тарқатди.

«Шаҳар ҳокимининг кун тартиби тиғиз. Шунга қарамай ҳоким ҳар куни кечки пайт Тошкентни айланиб, пойтахт ҳаёти, муҳитини ўрганади, кузатади. 

25 июндан 26 июнга ўтар кечасидаги кузатув давомида Алишер Навоий шоҳ кўчасидан ўтар экан, «Туркистон» санъат саройининг олд томонида дарахтлар кесилаётганига гувоҳ бўлди. 

Ҳоким ушбу ноқонуний ҳаракат бўйича изоҳ сўраганида, «табиат кушандалари» диаметри 70-80 сантиметр бўлган 20та дарахтни кесиш учун «Ягона ойна» давлат хизматлари марказидан 61 минг сўм эвазига рухсат олишганини маълум қилишди. Воқеа жойига тезлик билан Юнусобод туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, ИИББ ва прокуратура мутасаддилари чақирилди.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушбу ноқонуний ҳаракатга алоқадор гуруҳ қўлга олинган. Прокуратура назоратида соғлом дарахтларни кесиш бўйича аниқланган ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Текширув натижалари ҳақида қўшимча маълумот берамиз», дейилганди хабарда.

Давлат хизматлари агентлиги бу хабарга раддия берди. «Ноқонуний дарахт кесувчилар ҳам шаҳар ҳокимлигига қарашли идора...ми?» сарлавҳали раддияда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматини хато маълумотлар тарқатишда айблаган.

Раддияда алоҳида қайд этилишича, дарахт кесишга рухсат берувчи ваколатли органлар туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ҳудудий экология органлари ҳисобланади. Қолаверса, ҳокимлик матбуот хизматида тилга олинган «Ягона ойна» номли ташкилот мавжуд эмас.

«Давлат хизматлари агентлиги амалдаги қонунчиликка мувофиқ юзага келган вазиятга аниқлик киритади:

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги 255-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан рухсатнома бериш жараёнини амалга оширишда ҳудудий экология органлари ўз хулосаларини туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юбориши ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳудудий экология органларининг хулосаларига асосан рухсатномалар бериши лозим.

Ушбу маъмурий регламентга асосан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни рухсатнома олмасдан кесиш тақиқланади.

Ҳақиқий ҳолат қуйидагича:

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасига қарашли Ирригация хўжалигини ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан 2019 йил 29 майда Юнусобод тумани Давлат хизматлари маркази орқали берилган 9761057-сонли аризага асосан Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан 2019 йил 4 июнда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш юзасидан 884-сонли хулоса берилган.

Бироқ, Ирригация хўжалигини ва кўкаламзорлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан Юнусобод туман ҳокимлигининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномаси олинмаган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги телеграм-каналида айтиб ўтилган ва қоидабузарлар тақдим этган қоғоз парчаси, аслида дарахт кесишга рухсатнома эмас, балки ДХМга ариза топширилгани тўғрисидаги маълумот эди.

Ушбу давлат хизматини кўрсатишда ваколатли органлар туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ҳудудий экология органлари ҳисобланади.

Қолаверса, ушбу давлат хизматини кўрсатиш учун ундирилган энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдоридаги йиғимнинг (ўша «61 000 сўм») асосий қисми туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ҳудудий экология органлари ҳисоб рақамларига ундирилган.

Хулоса ўрнида, матбуот хизматларидан турли хил маълумотларни омма эътиборига етказишдан олдин тўлиқ таҳлил қилишни ва масалани тўлиқ очиб беришни сўраган бўлар эдик», дейилади раддияда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид