Жамият | 14:59 / 18.04.2022
26871
7 дақиқада ўқилади

“Ҳомиладор хотиним тўймаяпти” — бўлажак онанинг овқатланиш рациони қандай бўлиши керак?

Ҳомиладорлик – бўлажак она ва бола ҳаётидаги энг муҳим давр. Бу пайт аёлнинг овқатланишига алоҳида эътибор бериш, витаминли маҳсулотлар истеъмолини кўпайтириш лозим. Бироқ... ЮНИСЕФ таҳлилига кўра, Ўзбекистонда ҳомиладор аёлларнинг учдан бир қисми анемиядан азият чекади, репродуктив ёшдаги аёлларнинг 40 фоизигина минимал диета талабларида овқатланади.

Фото: KUN.UZ

Аёл ҳаётидаги энг муҳим ва мураккаб даврлардан бири – ҳомиладорлик. Бу даврда у соғлигига, овқатланиш рационига ҳар қачонгидан кўпроқ эътиборли бўлиши талаб этилади.

Бироқ жамиятда ҳомиладор аёлнинг яхши овқатланиши унинг оила аъзоларига малол келадиган вазиятлар ҳам учраб туради.

“Кеча қўшним ҳомиладор келинини уйидан ҳайдади. Сабабини эшитиб жинними деб ўйлайсиз. Келиннинг нафси бузуқ экан. Холодилникни бесўроқ очаркан, отаси кечаси беркитиб шашлик ташлаб кетаркан. Маҳалла келиннинг ёнини олди. Саккиз ойлик ҳомиладор келинни еган овқати учун кечирим сўратишди”.

“Бир йил олдин турмуш қурганман. Ҳозир етти ойлик ҳомиладорман. Ношукур ёки нафси бузуқ келин эмасман, лекин мени “ўғритомоқ” деб масхара қилиб чақиришади. Ҳомиладор бўлиб гўштга бошқоронғу бўлдим, кабоб, гўшт егим келади. Эримга айтсам, кўзи чиқиб кетди, қайнонамга айтган экан, “намунча кўзингиз оч, нафсингиз бузуқ, очофат бўладими келин деган”, деб уришиб берди. Эримга бошқа гапирмадим, егим келган нарсани уйга бориб еб келаман”.

“Аёлим ҳомиладор. Уни ейман, буни ейман деяверади. Онамнинг асаби тамом бўлди: нафсингизни тийинг, дейди. Бу ўтиб кетармикин?”

Бу – реал ҳаётдаги вазиятлар. Кимдир бу ҳолатларни ўқиб ҳайратланган бўлса, кимдир қайсидир танишининг ҳолати шундай экани ҳақида ўйлаб қолган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳомиладор аёлларнинг ҳар уч нафаридан бирида – анемия

ЮНИСЕФнинг “2019/2020: Ўзбекистондаги болалар вазиятининг таҳлили” ҳисоботида Ўзбекистонда ҳомиладор аёлларнинг овқатланиш рациони билан боғлиқ муаммолар қайд этилади.

Ҳисоботга кўра, мамлакатда охирги йигирма йил давомида репродуктив ёшдаги (15-49 ёшда) ва ҳомиладор аёллар овқатланишининг умумий аҳволи яхшилангани кузатилди. Шундай бўлса-да, фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ҳануз тўғри овқатланишга эришолмаяптилар: ҳомиладор бўлмаган аёлларнинг қарийб 20 фоизи анемияга чалинган; ҳомиладор бўлмаган репродуктив ёшдаги аёлларнинг тахминан атиги 40 фоизининг овқатланиши минимал диета меъёрларига жавоб беради. Ҳомиладор бўлмаган аёлларнинг деярли ярмида фолат танқислиги мавжуд. Фолат танқислиги шаҳар ҳудудларида яшовчи аёлларда кўпроқ кузатилади. Ҳомиладор бўлмаган аёлларнинг тахминан беш нафаридан бирида В12 витамини танқислиги қайд этилади.

Ҳомиладор аёлларнинг овқатланишида ҳам муаммолар мавжуд: уларнинг қарийб учдан бир қисми анемиядан азият чекади ва бундай ҳолат ЖССТ таснифига кўра, жамоат соғлиқни сақлаш тизимининг ўртамиёна муаммоси сифатида эътироф этилади. ЮНИСЕФ хулосасига кўра, Ўзбекистонда ҳомиладор аёлларнинг ярмигина минимал мақбул диета хилма-хиллигига амал қилади ва бундай аёлларнинг ҳар ўн нафаридан биригина тавсия этиладиган А витаминли қўшимчаларни, ҳар уч нафаридан биригина поливитаминли таблеткаларни қабул қилади.

Кичикдай кўринган муаммо

Шунчаки жуда кичик кўринган бу масала ҳам, аслида, жуда муҳим. Атиги 40 фоиз репродуктив ёшдаги аёлнинг овқатланиш рациони минимал диета талабларига жавоб бериши ҳақидаги таҳлил эса вазият мақтагулик эмаслигини кўрсатади.

Ҳомиладор аёл рациони қандай бўлиши кераклиги, нега баъзи аёлларда ҳомиладорликда иштаҳа жуда очилиб кетиши ва бу ҳолатга қандай ёндашиш кераклиги ҳақидаги саволларга гинеколог-репродуктолог Гулноза Ғаниевадан жавоб олдик.

— Ҳомиладор аёл рациони қандай бўлиши керак?

— Нафақат ҳомиладор аёл, балки ҳомиладорликни режалаштираётган аёлнинг рационига ҳам алоҳида этибор бериш керак. Ҳомиладор аёлнинг рационига оқсил, углевод, витамин ва минералларга бой бўлган маҳсулотлар киритилиши керак. Булар – гўшт маҳсулотлари: мол гўшти, балиқ гўшти, товуқ гўшти, сабзавотлар ва ҳўл мевалар, кўкатлар, тухум ва сут маҳсулотлари кабилар.

Ҳомиладор аёлларга кунига 3 маҳал эмас, 4-5 маҳал кам-камдан тез-тез овқатланиш тавсия этилади. Уларга ўта аччиқ, шўр, қовурилган, ёғли овқатлар истеъмолини камайтириш, нон, биринчи навли ундан тайёрланган юмшоқ булочкалар ўрнига қора унли нонларни истеъмол қилиш тавсия қилинади. Газли ва рангли ичимликлар, тез тайёр бўладиган маҳсулотлар, фаст-фудлар истеъмолини эса чеклаш керак.

— Нега баъзи ҳомиладор аёлларда иштаҳа ҳаддан зиёд очилиб кетиши мумкин?

— Бу – аёлнинг индивидуал организмига боғлиқ. Бизга кўрикка келган ҳомиладор аёллар, одатда, биринчи уч ойликда иштаҳасизликдан шикоят қилишади. Енгил токсикоз ўтгандан сўнг ҳомиладор аёлларда иштаҳанинг ҳаддан зиёд очилиб кетиши кузатилиши мумкин. Бу аёлнинг ҳомиладорликда организмида кузатилган гормонал ўзгаришга боғлиқ. Ҳомиладорликда эстроген гормонининг ошиб кетиши ҳисобига мияга жуда кўп сигналлар келиб тушади ва очлик ҳисси кузатилади. Натижада аёл кўп овқат ейди.

Бундан ташқари, овқатланиш аёлнинг психологик-эмоционал ҳолатига ҳам боғлиқ. Аёлнинг кайфияти бузилса ҳам, кўп овқат ейиши мумкин. Яна бир сабаб организмдаги ҳомиланинг ўсиши натижасида аёлнинг организмида витамин ва минераллар етишмовчилиги кузатилади. Етарли озуқа олиш учун ҳам ҳомиладор аёллар кўп миқдорда овқат ейишни бошлайди.

Лекин тинимсиз овқат ейиш ҳам ошқозон-ичак тизимига босим ҳисобланади. Шунинг учун овқатни кам-кам улушда ейиш лозим. Қорин тез очганда кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш ва витаминларга, минералларга бой маҳсулотлар: сабзавотлар, салатлар, ҳўл мевалар ейиш тавсия этилади.

Аслида, ҳомиладорликда иштаҳанинг очилиб кетиши – нормал ҳолат. Бироқ бу ҳолат семизлик билан кечса, бу ерда қўшимча экстренитал касалликлар, яъни қандли диабет, қалқонсимон без патологияси, тиреотоксикоз касалликларини ҳам текшириб кўриш керак бўлади.

Она сўраган нарсасини емаса...

Ҳомиладорлик даврида айтиб ўтилганидек, турли гормонлар, жумладан, эстроген ва прогестерон гормонларининг ортиши, эмоционал ҳолатларнинг ортиб кетиши, ҳид-таъм билиш сезгиларининг кучайиб кетиши сабаб турли хилдаги овқатларни ейиш ҳолати кузатилади. Бунақа ҳолатда, албатта, ҳомиладор аёл кўнгли тусаган нарсани ейиши керак. Чунки унинг организмида егиси келган озиқ-овқат моддалари таркибидаги озуқа, минералларга етишмовчилик борлиги сабаб ҳам айнан шу нарсаларни талаб қилади. Шунинг учун ҳам халқимизда аёл хоҳлаган нарсани емаса, боланинг кўзи кўк бўлади, қулоғи хунук бўлади деган ҳар хил гаплар мавжуд. Бунинг тагида аёлларга керак бўлган витамин ва минералларни истеъмол қилишлари зарурлиги маъноси ётади.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Мавзуга оид