Жамият | 19:08 / 08.06.2021
16246
7 дақиқада ўқилади

«Ўзбек жамиятига маънавий падарлар етишмаяпти» – Хуршид Дўстмуҳаммад амалдорларнинг фаолияти ҳақида

Бугун ўзбек жамияти ахлоқий, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий йўналишдаги юзлаб, балки минглаб муаммолар ичида қолгандек.

Қолаверса, миллий менталитет, маънавият, миллат руҳияти ва маданияти каби жиҳатларнинг демократик қадриятларни ўзлаштириш учун тўла тайёр эмаслиги ҳам ўтиш даври ислоҳотларига салбий таъсир этмоқда.

Хўш, жамиятимизнинг бу муаммолари ечилиши учун у қандай тизимлаштирилиши, касалликларни даволаш дастлаб қайси соҳалардан бошланиши керак?

Kun.uz таниқли журналист, ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад билан айни шу мавзуда суҳбат уюштирди.

— Бугун ўзбек жамиятидаги коррупция иллати ўзидан бошқа яна юзлаб муаммоларга доя бўляпти. Фикрингизча, бу иллатга қарши қандай чоралар етарли самара беради?

— Ўзбек жамиятида коррупция ва порахўрликнинг илдизи жуда чуқур.

Хўш бунга қарши нима қилиш керак? Одамлари коррупция ва порахўрлик орқасидан келадиган даромадга қараб қолмаган жамият қуриш керак. Бу шундай жамият бўлсинки, унда кишилар порага, коррупцияга муҳтож бўлмасин. Коррупция гуноҳ, деган тушунча одамларнинг қон-қонига сингиб кетган бўлсин.

Kun.uz сайтининг шу мавзуда зиёлилар билан қилаётган суҳбатларини синчиклаб ўқидим. Шундан кейин Акмал Бурҳоновнинг бу фикрларга жавобан берган интервьюсини ҳам кўрдим. Рости, саволларга етарли жавоб ололмадим.

Акмал Бурҳонов порахўрлар жавобгарликка тортиляпти, деди, лекин бундан жамоатчилик бехабар-ку.

Юқори даражадаги коррупционерлар ҳалқнинг кўз ўнгида жазоланиши керак. Одамлар билсин, жиноятга жазо борлигини. Агар шундай қилинса, кўрасиз, албатта, ўзгариш бўлади.

Албатта, бу ҳам ягона ечим эмас, бошқа чораларини ҳам кўриш керак. Масалан, диний уламолар ёшларга диний тарбия берайлик, деяпти. Тўғри. Чунки, диний тарбия коррупцияга қарши курашдан ташқари, шунингдек, ўзликни тарбиялаш дегани ҳам. Бу энг катта омил. Бизнинг ишонган боғимиз, суянган тоғимиз.

Шуларсиз одамлар коррупцияга қўл уришдан қўрқмай қўйди. Улар 5-6 йил ўтириб, коррупция орқали йиққан, тергани билан яшайверишга рози бўляпти.

— Биз суҳбат давомида оддий одамлар, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида гаплашяпмиз. Хўш, амалдорларимиз-чи? Уларнинг фаолиятига қандай баҳо берасиз? Ўзбек амалдорлари бугун қанчалик ҳалол, ўз вазифасини бажаришда қанчалик тўғри?

— Фалончи амалдор ахлоқсиз, фалончи амалдор порахўр, деган фикрлардан қочаман. Бунга менда далил ва исбот йўқ. Лекин умумий тенденция, умумий манзара хулосалар чиқаришга асос беради.

Масалан, бир вилоятда бўлаётган воқеа у ердаги раҳбар, амалдорларнинг ҳам дунёқараши, тутган йўли ва қанчалик инсонпарвар раҳбар эканини кўрсатиб беради.

Хулосам шуки, бизда ҳокимлик мактаби йўқ. Ҳозир ҳокимларни президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида тайёрлашяпти. Лекин унда ўқиган, ҳужжат олган бошқа нарса. Ҳоким дегани, 200 минг, 300 минг одамга раҳбарлик қиладиган киши дегани. У бошқача ўқитилиши керак. Ҳоким дегани шундай одамки, у энди ота бўлади, донишманд, мутафаккир бўлади.

Икки йил олдин Тошкент шаҳри Себзор туманида одамларнинг уйлари бузилиши бўйича қанча тўполонлар бўлди. Бунда одамлар яшаб турган уйлар бузилди. Халқда норозилик уйғотишди. Мен кечагина шу жойлардан ўтдим ва кўрдимки, бу жойлар ҳали ҳам бўш турибди.

Хўш, нега шошиласан? Мана ётибди-ку ташландиқ майдон бўлиб. Ёки Тошкентнинг «эски шаҳар»ида қанча уйлар бузилди. Шу жойларга боринг, уйлар ҳалиям бузилгани бўйи турибди. На таъмирланади, на қурилади ва на тўла бузилади.

Аччиқ саволлар туғилади. Тураркан, нега у ерларни бузасан, нега у ерларни чиқиндихонага айлантирасан?

Мен 2015 йилнинг март ойида Москвада эдим. Телевидениеда шундай расмий ахборот ўқиб эшиттирилди: «Умер духовник губернатор Иркутске писатель распутин», яъни «Иркутскнинг маънавий губернатори вафот этди». Тасаввур қилинг, бу гап расмий ахборотда айтилди.

Шу ахборотни эштидим-у, ичимда қуюн пайдо бўлди. 6 йил ўтди, ҳалиям ўйлайман: Жиззахда маънавий ҳоким борми? Хивада, Чирчиқда маънавий ҳоким борми? Тошкент шаҳрида маънавий падар борми?

Маънавий валинеъмат борми? Йўқ. Мана шу жиддий муаммоларимиздан бири. Жамиятга маънавий ҳокимлар керак.

У норасмий бўлиши керак, расмий эмас. Чунки, бизда ҳокимнинг олдидаги расмий шахс бўлиш – ҳокимга тобе бўлиш дегани.

Бизда расмий ишлаётган шахс ўз раҳбарига ҳеч қачон топшириқ беролмайди. Унинг қарашларини ўзгартиролмайди. Бу ўзбеклик психологиямизга сингиб кетган фикрлаш. Раҳбарнинг олдида доим тилимизни тишлаб туриш ҳатто, одатий фазилатимизга айланган.

Илгари шундай кишилар, халқ ҳурмат қилган нуроний, ижодкорлар бўларди. Биз шундай инсонлардан воз кечдик. Шундай кишилар бўлса, албатта ҳокимларга ёрдамчи бўларди. Буни жиддий ўйлаб кўриш керак.

— Гоҳида менга журналистлар айтаётган сўзлар беҳуда совурилиб кетаётгандай, улар нотўғри йўлдагиларни тўғрилашга бесамар уринаётгандек туюлади. Бугун журналистлар айтаётган гаплар фойдасини беришига тажрибали журналист сифатида сиз ишонасизми?

— Бу саволингиз бошқа бир муаммони ёдга солади, гапиртиради. Биз ОАВ соҳасида ростдан ҳам 27 йил катта бўшлиқ, фожиали бўшлиқ даврини босиб ўтдик. Жуда кўп нарсаларни бой бердик. Жумладан, матбуотни ҳам. Биз унинг таъсирчан кучини бой бердик. Ваҳоланки, вақтида газеталар талаш бўлиб ўқилган, телевизорлар талаш бўлиб кўрилган. 

Қалами ўткир журналист, публицистларимиз кўп бўлган даврлар ҳам бўлди.

Биз халқнинг кўнглини совитиб қўйганмиз, энди уни илитишимиз керак. Бу масалалар матбуотга ҳам, халққа ҳам боғлиқ. Матбуот кўтараётган муаммоларни халқ, халқ кўтараётганларини матбуот қўллаб-қувватлаши керак.

Матбуотдаги чиқишларни мен ҳеч қачон аҳамиятсиз ва таъсири кам, деб ҳисобламайман. Ҳар бирининг ўз ўрни бор. Ҳар бир чиқаётган мақола кимнингдир қалби, онгига етиб боради. Бундан воз кечишимиз керак эмас. Бошқа илож йўқ. Халоскор матбуот. Жамиятни покловчи манба – матбуот.

Ижтимоий тармоқлардаги ҳозирги ижобий силжиш босма матбуотга ҳам кўчиши керак. Лекин материаллар ҳам танқидий, таҳлилий ва одамларнинг онгига етиб борадиган даражада таъсирли қилиб ёзилиши керак. Бу ўзининг қўллаб-қувватловчилари, тарафдорларини, албатта, топади.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Нидо.

Тайёрлаган:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид