Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳамас ва Исроил музокаралари, Россияда бензин тақчиллиги ва сайловлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ҳамас ва Исроил музокаралари
Халил ал-Ҳайя бошчилигида Ҳамас расмийлари 5 октябр куни Исроил билан музокаралар ўтказиш учун Қоҳирага етиб келди. АҚШ эса бу музокаралар Ғазода жангларни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этишига умид қилмоқда.
Исроил музокарачилари — стратегик масалалар вазири Рон Дермер бошчилигидаги делегация ҳам бугун Шарм аш-Шайхга келади.
«Ҳамас бу борада жиддий ёки йўқлигини биз жуда тез биламиз — бу техник музокараларда логистик тафсилотлар бўйича қандай ҳаракат қилишига қараб маълум бўлади», - деди АҚШ давлат котиби Марко Рубио якшанба куни.
Трамп якшанба куни музокаралар «тез суръатда ривожланаётганини» билдирди. «Менга айтилишича, биринчи босқич шу ҳафта якунланиши керак. Мен эса ҳаммадан 'ТEЗ ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ' деб сўраяпман», - деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги постида. Биринчи босқичда гаровдагиларни озод этиш эвазига фаластинлик маҳбусларни озод қилиш масаласи кўрилади.
Трамп аввалроқ Ғазодаги жангларни тугатиш, қолган гаровдагиларни озод этиш ва ҳудуднинг келажагини белгилашга қаратилган 20 бандлик режани илгари сурган. Исроил ҳам, Ҳамас ҳам режадаги айрим қисмларга розилик билдирган.
Трамп Ҳамаснинг жавобини олқишлаб, гуруҳ «барқарор тинчликка тайёр эканини» кўрсатди, деди. Шунингдек, у Исроилдан Ғазони бомбардимон қилишни дарҳол тўхтатишни талаб қилди, бироқ ҳужумлар тўхтамади. Якшанба куни самолётлар ва танклар бутун сектор бўйлаб зарбалар бериб, камида 19 кишини ўлдирди.
Икки томон ҳам урушдан қаттиқ чарчаган: ғазоликлар сулҳ ҳақидаги гапларни хавотир ва умид билан қарши олган бўлса, Нетаняҳу босим остида қолмоқда. Гаровдаги оилалар ва урушдан чарчаган жамоатчилик бир томондан, яна бир томондан эса Ғазодаги урушни давом эттиришни талаб қилаётган коалициядаги сиёсатчилар босим бермоқда. Хусусан, Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазодаги уруш тугаса, Нетаняҳу ҳукуматини ағдариш билан таҳдид қилмоқда.
Россия–Украина уруши
Россия қўшини 5 октябрга ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма ҳужумини амалга оширди. Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия армияси 50 дан ортиқ ракета ва 500 га яқин дрондан фойдаланган. Жами тўққиз област – Лвив, Ивано-Франковск, Запорижжя, Черниҳив, Суми, Харкив, Херсон, Одесса ва Кировоград зарбалар остида қолган.
«Бугун россияликлар яна бизнинг инфратузилмамизга, одамлар учун нормал ҳаётни таъминлайдиган ҳамма нарсага зарба беришди. Бу ҳаво террорини маъносиз қилиш учун кўпроқ ҳимоя, барча мудофаа келишувларини, айниқса ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича келишувларни тезроқ амалга ошириш керак. Америка ва Европа Путинни тўхтатиш учун ҳаракат қилиши керак», – деб ёзди Украина президенти.
Лвив областида Россия ҳужуми оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, яна тўрт киши яраланган. Запорижжя областида эса 69 ёшли аёл ҳалок бўлиб, яна 10 киши жароҳатланган.
Шундан бир кун ўтиб, Украина қуролли кучлари бир вақтнинг ўзида Россиянинг бир нечта ҳудудларига ҳужум уюштирди. Ижтимоий тармоқларда нефт базасидаги портлашлар ва иссиқлик электр станциясидаги ёнғин ҳақида хабарлар бор, расмийлар Тамбов, Ярославл, Калуга, Краснодар, Сочи ва Геленжик аэропортларида чекловлар ҳақида эълон қилган.
Украина учувчисиз учоқларининг уриб туширилгани ва Россиянинг турли шаҳарларида ҳаво ҳудуди ёпилгани ҳақидаги хабарлар 5 октябр куни кечқурун тарқалди. Портловчи моддалар заводи жойлашган Дзержинск ва Нижний Новгород осмонида 10 дан ортиқ портлаш овози эшитилди, деб хабар берди маҳаллий ОАВ. Украина асосан нефт омборлари ва иссиқ электр станциясига зарба бергани айтилмоқда.
Украина дронлари ҳужуми оқибатида Россияда бензин тақчиллиги кучаймоқда. Хусусан, сўнгги ойларда Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари қувватининг қарийб 40 фоизи ишдан чиққан. Айрим ҳудудларда бир кишига 30 литрдан ортиқ бензин сотилмаяпти. 20 дан ортиқ регионда тақчиллик юзага келган.
Bitcoin янги рекорд ўрнатди
Bitcoin якшанба куни август ўрталаридан бери илк бор янги рекорд даражага чиқди. Bloombergʼнинг ёзишича, бу АҚШ ҳукумати фаолиятининг тўхташи билан боғлиқ.
Хусусан, энг йирик криптовалюта ўтган ҳафта охирида 125 минг 689 доллар даражасига кўтарилди.
«Бу ўсиш АҚШдаги ҳукумат ёпилиши билан боғлиқ бўлиб, бу жараён инвесторларда — хавфсиз деб қараладиган активларга талабни оширди. Ҳукумат ёпилгани сабабли АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси жума куни нофаол сектор бўйича маълумотларни эълон қилмади. Шу орада олтин нархи ҳам 3,9 мингдан ошиб, кетма-кет бир неча ойлик ўсишдан сўнг яна янги рекорд ўрнатди. Bitcoin эса криптовалюталар орасида етакчилик қилди», дейилади Bloomberg изоҳида.
Таҳлилчиларга кўра, ҳозирда унинг нархи 135 минг доллар даражасига чиқиши кутилмоқда. Агар ҳозирги ўсиш импулси сақланса, 150 минг доллар бўлиши ҳам мумкин. Аммо кескин тескари ҳаракатлар беқарорликни кучайтириши мумкин. Bitcoin'дан бошқа рақамли активларда эса катта ўсиш кузатилмаган.
Сурияда сайловлар
Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияда ўтказилган биринчи парламент сайловлари якуни бўйича овозларни санаш жараёни бошланди.
«Сиёсий ассамблея (Халқ мажлиси) сайловлари бўйича олий қўмита матбуот котиби Навор Нажмеҳнинг айтишича, барча вилоятларда сайлов участкалари ёпилгач, овозлар саналяпти», - деб хабар берди Сурия Араб ахборот агентлиги.
Якшанба куни суриялик сайловчилар Халқ мажлиси ўринларининг учдан икки қисмини сайлаш учун овоз берди — бу Асад ҳокимиятдан четлатилганидан буён ўтказилган илк овоз бериш жараёни бўлди.
Умуман олганда, 1 578 нафар номзод 210 та ўрин учун курашди, улардан 14 фоизини аёллар ташкил этди. Мажлисдаги учдан бир ўрин президент томонидан бевосита тайинланади, қолган учдан икки қисми эса ҳар бир округдаги махсус «сайлов органлари» орқали сайланади.
Дипломатик миссиялар вакиллари ва аккредитациядан ўтган элчилар сайловларни кузатиш учун Миллий кутубхона марказига келди. Сайлов пайтида президент Аҳмад аш-Шаръа Дамашқдаги Миллий кутубхона марказида бўлди.
«Ҳар бир суриялик янги мамлакат қурилишида ўз ролини ўйнаши керак», - деди Шаръа. Якуний натижалар 6-7 октябр кунлари эълон қилиниши кутилмоқда.
Трамп Нетаняҳуни ҳақорат қилди
Ахios нашрининг ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо бўйича тинчлик режаси атрофидаги воқеалар муваффақиятли ривожланаётганига ишонтириш учун беадаб иборалардан фойдаланган.
Нашрга кўра, 3 октябр куни Ҳамасдан ижобий жавоб олган Трамп хурсанд бўлиб Нетаняҳуга телефон қилган. Исроил бош вазири эса Ҳамас жавобини ижобий баҳолашга мойил бўлмаган.
«Биби байрам қилишнинг ҳожати йўқлигини айтди, бу (Ҳамас жавоби) ҳеч нарсани англатмаслигини таъкидлади», деб Ахios ўз суҳбатдоши сўзларидан иқтибос келтирди. Бу эса Трампни ғазаблантирди. «Билмадим, нега сен доим шунақа ярамас негативчисан. Бу ғалаба, уни қабул қил», деган АҚШ президенти.
Ахios экспертларининг фикрича, ушбу тортишув АҚШ президенти ўз режасига қанчалик жиддий ёндашиши ва унга катта умид боғлашини кўрсатади.
Гуржистонда президент саройига ҳужум
4 октябр куни Гуржистонда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Овозлар санаб чиқилгандан сўнг, «Гуржистон орзуси» барча муниципалитетларда ғалаба қозонганини эълон қилди. Аксарият мухолифат партиялари сайловларни бойкот қилиб, «ҳукуматни тинч йўл билан ағдариш» шиори остида митинг ўтказишга чақирди. Бироқ намойишнинг ўзида айрим ташкилотчилар одамларни президент саройига бостириб киришга чақириб, полиция билан тўқнашувга сабаб бўлди.
Бир неча намойиш етакчилари аллақачон ҳибсга олинган. Сайлов натижалари мухолифатнинг тўқнашувга чақируви билан бир қаторда, норозилар сафини янада бўлиб юбориши ва норозиликларнинг руҳиятини пасайтириши, янги ҳибсга олишлар тўлқинига олиб келиши мумкин.
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овозларнинг 75 фоизи санаб бўлингандан кейин «Гуржистон орзуси» 81 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда.
Сайловда иштирок этиш рекорд даражада паст бўлди. Марказий сайлов комиссияси (МСК) маълумотларига кўра, сайловда 1,5 миллионга яқин сайловчи иштирок этган, бу умумий сайловчиларнинг 40 фоиздан кўпроғини ташкил этади.
Бироқ кузатувчилар томонидан кенг тарқалган қонунбузарликлар ҳақида хабар берилмаган. Сайловлар ЕХҲТ халқаро кузатувчилари иштирокисиз ўтказилди, чунки Гуржистон расмийларидан таклиф жуда кеч келган. Овоз беришни кузатиш учун маҳаллий нодавлат ташкилотлар ҳам йўқ эди. Сайлов арафасида расмийлар кўплаб хорижий журналистларга киришга рухсат бермади.
Мавзуга оид
22:54 / 24.12.2025
Россия Украина бўйича 20 банддан иборат тинчлик режасини рад этди
22:34 / 24.12.2025
Москва аэропортларида биометрия топширган мигрантларнинг 10 фоизи Россияга киритилмади
19:43 / 24.12.2025
Дуров Путин 2013 йилда унга Россияда эмас, балки хорижда бизнес юритишни маслаҳат берганини айтди
15:25 / 24.12.2025