Спорт | 17:57 / 31.10.2025
11401
3 дақиқада ўқилади

«Насаф» мухлислари Намангандаги ўйиндан қайтишда ЙТҲга учради

Мухлислардан бири вафот этган. Клуб матбуот хизмати ЙТҲга учраган мухлисларни «клубнинг ашаддий мухлислари» деб атаган.

Қаршининг «Насаф» клуби мухлислари 30 октябр куни Наманганда «Навбаҳор»га қарши кечган ўйиндан қайтишда ЙТҲга учради. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, тўрт киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

«Насаф» клуби матбуот хизматида ЙТҲ иштирокчилари клубнинг ашаддий мухлислари бўлганини қайд этган.

«Насаф» футбол клуби жамоамизнинг фидойи мухлиси Маҳмуд Муҳаммадиевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Куни кеча Наманган шаҳрида бўлиб ўтган «Навбаҳор» ва «Насаф» учрашувида жамоамизни стадиондан қўллаб-қувватлаш учун борган бир гуруҳ мухлислар НаманганҚарши йўналишида ортга қайтиш чоғида Тахтиқорача довонида йўл-транспорт ҳодисасига учраган.

Афсуски, мазкур ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган мухлислардан бири Маҳмуд Муҳаммадиев ҳаётдан кўз юмган. Қолган тўрт нафар мухлис турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган» дейилади клуб хабарида.​

Самарқанд вилояти ЙҲХБ хабарига кўра, мазкур ЙТҲ ҳайдовчи ухлаб қолиши оқибатида содир бўлган.

Маълум қилинишича, ҳодиса 31 октябр куни соат 08:30 ларда Ургут тумани «Қоратепа» МФЙ ҳудудидан ўтган М-39 автомобил йўлининг 1113-километрида содир бўлган.

Kia Sonet ҳайдовчиси СамарқандҚарши йўналишида ҳаракатланиб бораётганида, чарчоқ оқибатида ухлаб қолган ва рул бошқарувини йўқотган. Шу сабабли автомобил йўлнинг ўнг томонидаги тупроқ уюмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Оқибатда ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи Ургут туман марказий шифохонасига мурожаат қилган. Йўловчи шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут туман ИИБ ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид