Ўзбекистон | 19:25 / 21.05.2021
5198
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд тиббиёт институти ўқитувчилари Американинг Питтсбург университетида малака оширадилар

Самарқанд давлат тиббиёт институтида жаҳоннинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича истиқболли режалар амалга оширилмоқда.

 2020 йилда ўтказилган онлайн-конференцияда АҚШнинг нуфузли университетларидан ҳисобланувчи Питтсбург университети ва СамДТИ ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилган эди.

 Шу келишув доирасида Питтсбург университети делегацияси Самарқанд давлат тиббиёт институтида бўлишди. Нуфузли университет делегацияси таркибида ўқув ишлари ва халқаро фаолият бўйича вице-канцлер, эпидемиология йўналиши бўйича етакчи профессор Margaret MсDonald, тиббиёт мактабининг халқаро тиббий таълим дастурлари директори, ички касалликлар бўйича профессор David Elnicki ва ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари, микробиология йўналиши бўйича олим Saleem Khan ташриф буюришди.

Ташриф аввалида Самарқанд давлат тиббиёт институти раҳбарияти билан расмий музокаралар ўтказилди.

Самимий кечган мулоқот давомида, профессор Жасур Ризаев сўнгги вақтларда юртимизда олиб борилаётган олий тиббий таълимдаги ислоҳотлар, бевосита давлат раҳбари бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ва муҳимлиги ҳақида сўзлаб берди. Келажакда Самарқанд тиббиёт институти ўқитувчилари Американинг Питтсбург университетида малака оширадилар. Питтсбург университети билан ҳамкорлик доирасида институтдаги ўқув жараёнини, илмий тадқиқотлар олиб борилиши, халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш юзасидан фикрлар билдирди. Бу борада аниқ таклифлар ва тажриба алмашиш ҳақида келишиб олинди. Мазкур ташрифнинг дастлабки кунида Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Питтсбург университети ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Маълумот учун, 1787 йилда ташкил этилган Питтсбург университети 17 та коллеж ва мактабдан иборат бўлиб, унда 35 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Питтсбург университетининг тиббиёт факультети нафақат АҚШнинг, балки жаҳоннинг юқори рейтингли тиббиёт университетлари қаторида саналади.

 Делегация аъзолари институтнинг Акушерлик ва гинекология, хирургия ва нейрохирургия кафедраларида олиб борилаётган ўқув жараёни, илмий ва даволаш ишлари билан яқиндан танишдилар.

 Делегация раҳбари, профессор Margaret MсDonald ташриф таассуротлари ҳақида фикрларини қуйидагича изҳор этди:

 - Самарқанд давлат тиббиёт институтида олиб борилаётган ўқув жараёни, илмий-тадқиқот ва даволаш ишлари билан танишиш давомида бу олийгоҳда олиб борилаётган ислоҳотларнинг келажаги ҳақида ижобий фикрлар айтиш мумкин. Питтсбург университетидаги замонавий тиббий таълим жараёнидаги ва илмий-тадқиқот ишларидаги кўпгина ютуқларни Самарқанд давлат тиббиёт институти амалиётига жорий этиш бўйича бугунги учрашувда келишувга эришдик. Жумладан, ўқув жараёнига симуляцион технологияларни, лабораториялар ишини тўғри ташкил этишни, ўқув услубиятидаги ютуқларни татбиқ қилишни режалаштиряпмиз ва бу борада истиқболли режалар тузилди.

Мавзуга оид