Ўзбекистон | 16:24 / 06.04.2019
12391
6 дақиқада ўқилади

Қуролли Кучларда тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Низомга кўра, тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ҳарбий тузилмаларида ташкил этилади ва амалга оширилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш учун мудофаа ишлари бошқармалари (МИБ) ва мудофаа ишлари бўлимларида (МИББ) - тиббий комиссиялар, Мудофаа вазирлиги, ДХХ ЧҚ, ИИВда ҳарбий-тиббий комиссиялар (ҲТК) ташкил этилади.

Тиббий комиссиялар ва ҲТК қуйидагича бўлинади:

ташкилий тузилиши бўйича - штатли ва штатдан ташқари;

ҳуқуқларининг давомийлиги бўйича - доимий ва вақтинча фаолият юритувчи;

ташкил топган жойи бўйича - гарнизон, госпиталь, ҳарбий бошқарув тизимининг  маҳаллий органлари;

мақсадига кўра - тиббий-учувчилик, санаторий-саралаш ва муқобил.

Мудофаа вазирлигида штатли ҲТК - Марказий ҳарбий тиббий комиссия (МҲТК). Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида штатли тиббий комиссия - Республика муқобил тиббий комиссияси (РМТК) ҳисобланади.

РМТК, Қорақалпоғистон Республикаси (вилоят) муқобил тиббий комиссиясининг тузилиш тартиби, комиссия аъзолари таркиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади.

МҲТК махсус вазифаларни бажарувчи ҳарбий-тиббий муассаса ҳисобланади ҳамда бевосита Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармасига бўйсунади. МҲТКга ҳарбий-тиббий экспертиза масалалари бўйича Мудофаа вазирлигининг барча тиббий комиссиялари ва ҲТК бўйсунади.

МҲТК ўз фаолиятини ташкил этишда ҳарбий-тиббий экспертизанинг бошқарув ҳужжатларидан ташқари, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм, муассаса, ташкилот ва корхоналарнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича бошқарув ҳужжат талабларини қўллайди.

МҲТК юклатилган вазифаларни бажариш вақтида ҳарбий-тиббий экспертиза манфаатлари мақсадида ўтказиладиган чораларни ташкил этиш ва амалга ошириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўсмир ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш маркази, ДХХ, ИИВ марказий ҳарбий-тиббий комиссиялари, РМТК, шунингдек бошқа ташкилотлар билан биргаликда тадбирларни ўтказади.

Фуқароларга тиббий кўрикдан ўтказишдан аввал, Низомда келтирилган мажбурий таҳлилий ва тиббий ускуналар ёрдамида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига мувофиқ мажбурий диагностик тадқиқотлар, зарурият туғилганда тиббий кўрсатмаларга кўра бошқа текширувлар ўтказилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш кундузги ёруғликда махсус ажратилган ёруғ, иссиқ ва кенг хоналарда ўтказилади. Кундузги ёруғлик етарли бўлмаган шароитларда сунъий ёруғлик шифокорларнинг ишлаши учун етарли бўлиши лозим. Ҳар бир шифокорга алоҳида хона ажратилади.

Шифокор-мутахассисларнинг хоналари тиббий кўрикдан ўтказиш учун мазкур Низомда келтирилган тиббий комиссиялар ва ҲТК шифокор-мутахассисларнинг хоналарини жиҳозлаш учун бўлган дори воситалари ва тиббий ускуналар рўйхатига мувофиқ лозим бўлган дори воситалари ҳамда тиббий ускуналар билан таъминланган бўлиши лозим.

Тиббий кўрикдан ўтаётган шахсларнинг соғлиғи, саломатликка оид шикояти бор ёки йўқлигидан қатъий назар, сўров асосида ҳар томонлама объектив текширувлар ёрдамида аниқланади.

Тиббий кўрикдан ўтаётган шахслар томонидан уларнинг саломатлиги тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган, шунингдек диспансер кузатувига оид турли тиббий ҳужжатларнинг тақдим этилиши, уларни тиббий кўрикдан ўтказилишидан озод қилинмайди.

Тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг тиббий ҳужжатлари, тавсифномалари ўрганилиб, шахсий йиғма жилди ва бошқа ҳужжатлари билан танишиб чиққач, қандай шикоятлари борлигини сўраб билиб, анамнези йиғилгандан кейин, шифокор-мутахассислар томонидан тиббий текширув ўтказилади.

Тиббий комиссия ёки ҲТК тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида мазкур Низомда келтирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича кўрсатмалар асосида фуқарони кўрикдан ўтаётган даврдаги соғлиғи ва жисмоний ривожланиш ҳолатини ўрганиб, унга баҳо беради, аёллар шифокор-гинеколог томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт.

Ҳарбий тиббий экспертизанинг шифокор-мутахассислари оммавий тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида қисқа вақт сарфлаган ҳолда тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг соғлиғи тўғрисида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини берувчи махсус (ҳарбий) текширув усулидан фойдаланилади. Шу мақсадда, аъзо ва тизимларнинг текшируви аниқ белгиланган тартиб ҳамда шундай кетма-кетликда ўтказиладики, бунда уни ўтказишга кам вақт сарф қилинади ва текширувларнинг бирор-бир усули бошқаларининг ўтказилишини қийинлаштирмайди.

Тиббий кўрикдан ўтаётган шахсларни текширув жараёнида муҳими, фақатгина жисмоний жиҳатдан нуқсон топиш ёки касаллик, шикастланиш (ярадорлик. жароҳат) асорати хусусиятларини аниқлаш эмас, балки касалланган аъзо фаолиятига оид бузилиш ҳамда компенсация даражаси ва умуман организмнинг фаолиятга оид мослашувчанлигини аниқлаш лозим, чунки ушбу омил тегишли эксперт хулосасини чиқаришга асос бўлади.

Меъёрдан фарқ қилувчи кўрсаткичлар мавжуд бўлган барча ҳолатларда, тиббий кўрикдан ўтаётган шахс аниқланган ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда, мукаммал текширувдан ўтказилиши ва тегишли шифокор - мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим. Агар амбулатория шароитдаги текширувлардан сўнг ҳам ташхис ноаниқлигича қолса ёки шубҳа туғдираётган бўлса, тиббий кўрикдан ўтаётган шахс стационар шароитдаги текширувларга юборилади.

Мавзуга оид