Жамият | 21:33 / 04.04.2022
29279
11 дақиқада ўқилади

“Сиёсий тафаккургина ўз атрофида турли фикр ва дунёқараш эгаларини бирлаштира олади” – Файласуф Виктор Алимасов билан катта интервью 

Файласуф Виктор Алимасов фалсафа, фикр ва сўз эркинлиги, сиёсий плюрализм ҳамда ўзбек жамиятининг қатор муаммолари ҳақида Kun.uz’га интервью берди.

Қуйида файласуфнинг ўзбек жамияти борасида фалсафа призмаси орқали қилган таҳлиллари ва тавсиялари билан танишишингиз мумкин.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Фалсафа нима ўзи? 

Сизни фалсафа борасида ёзганФалсафа ёхуд фикрлаш чанқоғи”, “Фалсафа ёхуд фикрлаш лаззативаФалсафа ёхуд фикрлаш санъатиномли асарларингиз бор. Балки жавоб асарларингиз номи ва кетма-кетлигида ҳамдир.

— Инсон мавжуд экан ҳаётнинг маъноси, умрини нимага сарф қилаётгани ва ён атрофида бўлаётган масалалар тўғрисида фикр юритади. Демак, фалсафа инсонга ҳар доим керак.

Ҳа, баъзан фалсафа керакми ёки йўқ, деган савол инстинктив тарзда хаёлимиздан ўтади. Биз бу тўғрисида профессионал фикрлаб ўтирмаслигимиз мумкин, лекин биламизки, фалсафасиз яшаш қийин, фалсафасиз яшаш мумкин эмас. Негаки, юқоридаги саволлар инсон тафаккурини ўзига мафтун этиб келган ва уларга жавоб излаган.

Баъзилар “ҳар бир инсон файласуф” дейди. Ҳа, тўғри, кимдир кўпроқ, кимдир камроқ файласуф. Лекин у доим фалсафий муаммолар ва азалий муаммолар ҳақида бош қотиришга мажбур. Антик даврми ёки ҳозирми, умрнинг моҳияти нима деган савол инсонни ҳар дам безовта қилиб келади. Ана шунинг учун ҳам фалсафа керак.

Юнончадан олинган бу сўз (философия) “фило” – “севиш” “софия” эса “донишмандлик” маъноларини англатади. Шу маънода фалсафани айримлар донишмандликни севиш дея тушунтиради. Лекин фалсафа фақат бу этимологиядангина иборат эмас. Бу инсоннинг фикрлаши, мушоҳада қилиши ва қалбида кечаётган кечинмаларни бошқаларга ошкор қилиши, гинесология тажрибалари билан ҳам боғлиқ. Хуллас, ҳаётдаги ҳамма нарса маълум маънода фалсафага бориб тақалади.

— Айримлар фалсафани софистика, яъни йўқни бор, борни эса йўқ сифатида айтиш, кўрсатиш билан боғлашади.

— Бу Суқрот давридан буён такрорланиб келаётган ибора. Баъзи инсонлар бемаъни фикрларни гапирар, ўйлар экан, бу софистикани келтириб чиқаради. Бундай олсангиз, чиндан ҳам фалсафанинг кўп мавзулари, талқинлари ҳаётга жорий қилинавермайди. Айнан ҳаётга жорий қилинмайдиган айрим фикрлари учун ҳам фалсафани сафсата дейишади. Ҳа, сафсатага яқинлик фалсафага хос хислат. Бундан қочиш керак эмас. Негаки, фикрлаётган инсон ўзининг ҳақ эканини ҳеч қачон исботлай олмайди. Бунга даъвогар бўлиши мумкин эмас. Шу нуқтайи назардан бизнинг ҳар бир фикримиз сохта. Тафаккур билан унинг манбаси ўртасида жуда катта фарқ мавжуд.

Биз столнинг устида фикрлашар эканмиз, фикрларимиз айнан столнинг ўзи эмас. Бундай бўлмайди. Акс ҳолда фикрларимиз – субъектив нарса, объект – столнинг ўзи бўлиб қолади.

Натижада улар ўртасида фарқ қолмайди. Йўқ, фикрларимиз субъектив ва у ҳар доим адашиши мумкин. Ҳар доим нотўғри, чалкаш бўлиши мумкин.

Шу нуқтайи назардан чиндан ҳам фалсафада сафсатага мойиллик кучли.

— Фалсафа ва фан ўртасида қандай фарқ бор?

Тафаккур ривожланиш жараёнида икки нарса фалсафани бир-биридан фарқлайдиган жиҳатини аён қилиб қўйди. Уларнинг биринчиси – фалсафа юқорида айтганимдек, донишмандлик илми. Бу – эркин фикр, фикрлаш санъати, фикрлаш маданияти дегани.  

Иккинчиси, фалсафани илм-фанга яқинлаштириш тенденцияси юзага келди.

Тарихда Суқрот ва Аристотел жамиятга яқинлаштирадиган муаммолар ҳақида фикрлаб, фалсафани ижтимоий борлиқ ва ижтимоийликка олиб бориб қўйишди. Натижада фалсафанинг ижтимоийлик билан боғлиқ жиҳатлари илм-фан сифатида шакллана бошлади.

Айниқса, янги давр фалсафаси фалсафани схоластикадан холи қилди ва ўз навбатида илмга яқинлаштириб қўйди.

Илм нима дегани? Илм бу – ижтимоий эҳтиёжларни қондириш дегани. Ижтимоий эҳтиёж эса жамият учун зарур бўлган нарсаларнигина ўрганади, бошқа нарсани эса ўрганмайди.

Ижтимоийлик эҳтиёжларида авторитетга сиғиниш, йирик одамларнинг фикрларига таяниш, уларнинг фикрларидан келиб чиқиш тенденцияси ниҳоятда кучли.

Илм-фанда догматика бор. Унда илмий догматикага таяниш жуда кучли. Унда йўл-йўриқ кўрсатувчи шахслар бор. Олимлар давраси, илмий кенгашлар, олий аттестация комиссияси бор. Булар илм-фаннинг доирасини, мавзуларини белгилаб беради. Илм ана шу доирадагина ривожланиши мумкин.

Илмий фалсафа ҳам шундай. Аммо эркин фалсафа буларнинг ҳаммасини рад қилади. Исталган мавзу эркин фалсафанинг мавзуси бўлиши мумкин. Ҳатто антиутопик ғоялар ҳам. Унга олимларнинг даъволари, илмий доираларнинг муҳокамалари керак эмас. Унга фикрни айтиш керак. У доирасини ва мавзуларини эркин танлай олади.

— Ҳозир фалсафа қаёққа қараб боряпти?

— Фалсафа инсондаги ички салоҳиятни намоён этиш томонга силжияпти. Чунки биз шу пайтга қадар уни сиёсий тизимларга, ижтимоий эҳтиёжларга ва маълум доирадаги қарашларга боғлаб келдик. Энди эса фалсафа ҳар бир шахснинг қалбидаги фикрни эркин билдирадиган доирага ўтиши керак. У шу доирага ўтган тақдирдагина инсон билан яқинлашади. Фалсафанинг гуманистик моҳияти ҳам шунда.

Фалсафа келгусида инсонга яқинлашиш сари қадам отаверади.

— “Ҳаётий шиорим фикр, ҳикмат изла, фикр, ҳикмат топмаган кунинг абас кетгай, абас”, дегандингиз мақолаларингиздан бирида. Умуман, инсонни ва жамиятни фикрлашга қандай ўргатиш керак?

— Бу жуда оғир ва шу билан бирга ҳаммани файласуф қиламан, деган тенденциядан келиб чиқилган савол. Ваҳоланки, ҳаммани олим, ҳаммани фозил қилолмайсиз. Бунинг иложи йўқ. Буни Фаробий ҳам орзу қилганди, лекин бу иложсиз. Ҳатто ҳар бир инсоннинг қалбида файласуфликка иштиёқ, интилиш ётган тақдирда ҳам.

— Мен ҳаммани файласуф қилиш ҳақида эмас, жамиятнинг умумий билим даражасини ошириш ҳақида гапиряпман. Чунки жамиятларнинг ҳам билим даражаси турлича бўлади.

— Гап қалб файласуф бўлишида. Масалан, Суқрот, Платон, Аристотел, янги даврда Декарт ёки Гегелнинг фалсафада бирор даражаси бўлмаган. Қандайдир даражага эга бўлиш инсоннинг файласуф бўлганини билдирмайди. Сиз кўтариб юрган диплом пайти келадики, ҳеч нарсага арзимайди. Чунки инсон файласуфликка қадар маълум босқичларни босиб ўтиши, маълум қийинчиликларни тотиши керак.

Шопенгауэр айтади: инсон қирқ ёшигача романлар ёзади, қирқдан кейин романларга изоҳлар ёзади. Изоҳ бу – фалсафа.

— Жамиятнинг кайфияти оғир, тушкун бўлганда, зиёлилар унга янги характер юқтириши керак. Хўш, бизнинг зиёлилар, файласуфлар жамиятга кайфият бера олишга қодирми? Умуман, бугунги жамиятнинг кайфияти ҳақида нима дейсиз?

— Саволингиз ўринли, лекин ундан илмий догматиканинг ҳиди келяпти. Юқорида айтганимдек, илм-фанда ҳам догматика бор. Динда қандай догматика бўлса, илм-фанда ҳам шундай догматика бор. Догматик фикрлар зиёлилар жамиятни бошқаради, дейди.

Йўқ, бундай эмас. Мен зиёлиларнинг бирор жамиятни бошқарганини ёки ғолиб чиққанини билмайман.

— Улар жамият муаммоларини ҳал қилиш, ечимлар топишда ўз билимидан келиб чиққан ҳолда тавсиялар бериб туриши керак-ку.

— Тавсияларга амал қиладиганлар бошқа тоифа. Аниқроғи буни сиёсий кучлар, давлат ҳал қилади. Давлат ниҳоятда катта куч сифатида жамиятнинг қайси томонга боришини белгилаб беради. Буни файласуфлар қилолмайди.

Файласуфлар давлатни бошқарсин, деган ғоя Платондан қолган. Чунки унинг мол-мулки демократлар томонидан мусодара қилинганди. Шунинг учун ҳам Платон давлатнинг бошига келишни орзу қиларди. Бу Платоннинг кратологик ёндашуви.

Билиб қўйинг, жамиятни бошқариб обрў топиб турган, уни такомиллаштирган файласуф борлигини мен билмайман.

— Бугунги жамиятнинг кайфияти ҳақида нима дейсиз?

— Бугун нафақат жамиятимиз, балки дунё янги даврга ўтиш арафасида. Биз аввалги тасаввур, қадриятлардан воз кечишга ёки уларни қайта баҳолашга мажбур бўляпмиз.

Бугун Украинада Россия томонидан қилинаётган ишлар бизни бутунлай бошқа дунёга олиб кирди.

Бизни Америка Қўшма Штатларининг гегемонистик сиёсати ҳам иккилантириб қўйди. Ишончим комил, тез орада бу гегемонизмдан дарак ҳам қолмайди. Чунки биз тоталитар бошқарувнинг саноқли кунлар, саноқли ҳафталарда йўқолиб қолаётганини кўрмоқдамиз.

Ўйлашимча, мана шундай кескин давр фалсафа керакми, деган саволни яна ўртага чиқаради. Негаки, фалсафа айни шу саволларга жавоб бериши керак.

Ҳа, зиёлилар айни шундай саволларни кун тартибига қўйиши керак. Давлатнинг тепасидагилар эса жамият қўйган саволларга жавоб, ечим излаши ва янги босқичга ўтиши зарур.

Ўйлашимча, биз эндиликда гегемонизмни, авторитетларни ва мол-давлатни эмас, плюрализмни йўлини тутамиз. Умид қиламанки, биз эндиликда эркин фикрли шахслар ортидан эргашадиган жамият бўламиз. Ишончим комил, биз келгусида мансаби, мол-мулки борлар ортидан эмас, одамларни ўзига ишонтира оладиган, янгича фикрловчи ва шунга ўргатувчи шахслар ортидан эргашамиз.

— Биз секуляр, яъни дунёвий давлатмиз. Лекин бугун ўзбек жамиятида диний ва дунёвий дунёқараш эгалари ўртасида қандайдир бўлиниш, муаммо юзага чиқаётгандек. Ҳамма ўз қарашларини илгари суришга интилмоқда.

Хўш, барча қатламининг эҳтиёжлари таъминланган жамият қандай яратилади?

— Фикримча, бу кўпроқ сиёсий тафаккурга бориб тақалади. Кучли сиёсий тафаккургина ўз атрофидаги турли фикрлар ва дунёқараш эгаларини бирлаштира олади. Жамият шундагина бирлашади, ривожланади.

Биз плюрализмдан қўрқмаслигимиз керак. Биз унга қарши турган оқимлардан қўрқишимиз керак. Эркин жамиятда плюрализм бўлиши шарт.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

 

Интервьюни ёзиб олишда кўрсатган ёрдами учун «MFaktor» жамоасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Муаллиф:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид