Жамият | 08:27 / 25.12.2025
3606
2 дақиқада ўқилади

Наманганда кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш учун 40 минг талаб қилган шахслар ушланди

Наманган вилоятида “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиали бошлиғи ўринбосари кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш ва кўмир вагонлари сонини ошириб бериш баҳонасида фуқародан 40 минг АҚШ доллари талаб қилган. У воситачи орқали пулни олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди.

Фото: Видеодан кадр

«Кўмир таъминот»нинг Наманган вилоят филиали бошлиғи ўринбосари ва ходими коррупцияда гумонланиб қўлга олинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, муқаддам судланган мансабдор ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарони вилоятдаги туманлардан бирининг кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш ҳамда омборга келувчи кўмир ортилган юк вагонлари сонини кўпайтириб бериш эвазига 40 минг доллар талаб қилган.

6 декабрь куни у сўралган пул маблағидан 25 минг долларни филиал ишчиси орқали олган, шундан сўнг фуқаро омбор мудири лавозимига тайинланган.

Кейинроқ филиал бошлиғи ўринбосари қолган 15 минг доллар ҳамда омборга кўмир ортилган 30 та вагон юборгани учун улуш сифатида 7500 доллар, жами 22 500 доллар беришини талаб қилган.

Ўзининг воситачиси бўлган филиал ишчиси орқали ушбу пул маблағини олган вақтида ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан улар қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

ДХХ қайд этишича, кўрилган чора-тадбирлар натижасида аҳолига кўмир маҳсулотларини ўз вақтида ва имтиёзли нархларда етказиб берилиши йўлга қўйилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид