Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбек офицерлари қандай тайёрланади: Қуролли Кучлар академиясига саёҳат
9 январ куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар академия фаолияти, дарс жараёнлари ва машғулотлар жараёни билан танишди.
Дастлаб пресс-тур иштирокчиларига Қуролли Кучлар академияси ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган жаҳон классикаси ва миллий эстрада куй-қўшиқлари ҳамда курсантлар иштирокидаги қўл жанги кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Марказий Осиёда ягона ҳамда мамлакатимиздаги таянч олий ҳарбий таълим муассасаси – Қуролли Кучлар академияси бугунги кунда юқори бўғин қўмондонлик офицерларини тайёрлайди. Шунингдек, Қуролли кучлар таркибини малакали офицер кадрлар билан тўлдириш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида илмий тадқиқотларларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Академияда умумқўшин, ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги қўшинларига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети ва Ички ишлар вазирлиги ҳарбийлашган бўлинмалари мутахассисларини тайёрлаш каби жами 17 та кафедра фаолият юритиб келмоқда. Бу ерда курсантларнинг сиёсий, маънавий-маърифий, ижодий, лидерлик сифатларини ривожлантиришга йўналтирилган 20 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
Тингловчи ва курсантларга 10 нафарга яқин фан доктори, 40дан ортиқ фан йўналишлари бўйича фалсафа докторлари, 50 га яқин илмий унвонга эга бўлган малакали профессор-ўқитувчилар таълим бериб келяпти.
Маълум қилинишича, академияда шахсий таркиб учун барча имкониятлар, 4000 дан ортиқ китобга, интернет ва 15 мингдан ортиқ электрон адабиётларга эга Ахборот-ресурс маркази фаолият юритади. Марказ академия фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, академиянинг музейида ҳам 100 йилдан ортиқ тарихга эга экспонатлар ва қўлёзмалар мавжуд.
Пресс-тур давомида ҳарбий хизматчиларнинг сифатли таълим олиши ҳамда хизматни ўташлари учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари билан бир қаторда курсантлар бўлинмаси ётоқхонасидаги қулайликлар билан яқиндан танишилди.
Бундан ташқари журналистлар жанговар техникалар ҳамда ўқотар қуроллар тренажёр комплексларида бўлиб, амалий машғулотларни кузатишди. Жараёнда мутахассислар томонидан ҳарбий техникаларни бошқариш ҳамда электрон тирда нишонларга ўқ отиш бўйича иштирокчиларга маълумот ва кўникмалар бериб ўтилди.
Мавзуга оид
21:30 / 12.01.2021
Қуролли Кучлар Академиясида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди
19:20 / 17.09.2019
Қуролли Кучлар академияси дала-ўқув майдонида янгиланган ўқув базаси фойдаланишга топширилди
21:04 / 14.05.2019
АҚШ делегацияси Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида бўлди
15:23 / 02.04.2019