Жамият | 08:57 / 18.06.2020
7153
7 дақиқада ўқилади

Юридик университет қошидаги лицейни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланади

Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей фаолияти такомиллаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, президентнинг 2020 йил 29 апрелдаги ПФ–5987-сон «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан қуйидагилар:

таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, унинг ташкилий тузилмаси, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) томонидан амалга оширилади;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб академик лицейда тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий қилиниши, қабул тартиби ва параметрлари, шунингдек, ўқиш учун тўлов миқдори ТДЮУ томонидан мустақил белгиланади;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга;

академик лицей педагог ходимларининг меҳнатини нормалаштириш ТДЮУ томонидан амалга оширилади;

академик лицейда хорижий ҳамкорлар билан келишув асосида қўшма таълим дастурлари амалга оширилади.

Қуйидагилар академик лицей фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш, уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ўқувчиларнинг илмий-интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш;

ўқувчиларни келгусида “юриспруденция” йўналиши бўйича олий таълим муассасаларида ўқишга тайёрлашга мўлжалланган фанларни танлаш имконияти берилган замонавий ўқув дастурларини жорий қилиш;

гуманитар ва ҳуқуқий фанларни чуқур ўрганишини ташкил этиш, ўқувчиларнинг чет тиллари ва ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириши, уларда ижодий фикрлашни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ўқитишнинг, ўқувчиларнинг билимини баҳолашнинг илғор усулларини жорий этиш;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш, уларда етакчилик ва нотиқлик санъати, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш кўникмалари ривожлантириш;

хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, илғор халқаро ўқитиш амалиётлари ва таълим дастурларини жорий этиш, ўқув дастурлар изчиллигини таъминлаш, келгусида битирувчиларнинг илғор хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг республикадаги филиалларида ўқиши учун ўқув жараёнига юқори малакали, шу жумладан чет эллик мутахассисларни жалб қилиш.

ТДЮУга тизимли асосда қуйидагиларни кўзда тутадиган вазифалар юкланади:

академик лицейда ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш, махсус фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўрганишга қаратилган замонавий услубиётларни, рақамли ва инновацион технологияларни қўллаш орқали ўқитиш сифатини ошириш;

академик лицейнинг кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-услубий ва бошқа адабиётлар, шу жумладан миллий ва жаҳон адабиёти асарлари билан шакллантириш ва тўлдириш, шунингдек юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиш;

академик лицейга чуқур билимларга эга, замонавий педагогик ва ахборот технологиялар, ўқитишнинг инновацион услублари ва чет тилларни биладиган малакали ва тажрибали педагогларни, шунингдек зарурат бўлганда хорижий мутахассисларини жалб қилиш;

академик лицейда ТДЮУ профессор-ўқитувчилари томонидан ўқувчиларнинг ҳуқуқий фанларни чуқур ўрганишига қаратилган машғулотлар ўтказилишини таъминлаш;

академик лицей кадрларини ТДЮУда қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

академик лицейга абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали амалга оширилади;

Кам таъминланган оилалардан абитуриентлар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари бўлган абитуриентлар, шунингдек I гуруҳ ногиронлигига эга шахслар академик лицейга давлат гранти асосида қабул квоталаридан ташқари қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қарори билан халқаро олимпиадалар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар, мусобақалар ва олимпиадаларда совринли ўринларни (1-3 ўринлар) олган 9-синф ўқувчилари академик лицейга ўқишга давлат гранти асосида, имтиҳонсиз, қабул параметрларидан ташқари қабул қилинади;

хорижий фуқароларни (хорижий давлат фуқароси бўлган жисмоний шахсни, шунингдек, хорижий давлат ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларни) академик лицейга ўқишга қабул қилиш ТДЮУ томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижалари бўйича, қабул параметрларидан ташқари тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

академик лицей битирувчиларига таълим тўғрисидаги давлат намунасидаги ҳужжат билан бирга хорижий олий таълим муассасаларига кириш имконини берувчи халқаро даражадаги тегишли дастурнинг (University Foundation Programme, General Certificate of Education (GCE) Advanced Level, International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) дипломи (сертификати) берилади;

ТДЮУ магистратураси талабалари магистратурадаги ўқиш даврида академик лицейда педагогик маҳоратини оширишга йўналтирилган стажировка ўтайди;

академик лицей ўқув юкламаси ҳажми, синфдаги ўқувчилар сони ТДЮУ томонидан белгиланади;

тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган контракт асосида ўқитишдан тушган маблағлар академик лицейнинг тўлиқ ва мустақил ихтиёрига ўтказилиб, академик лицейни ривожлантириш Жамғармасида тўпланади;

ўқувчиларни академик лицейдан четлаштириш ўз хоҳишига кўра, ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчириши, соғлиги сабабли (тиббий маълумотнома асосида), академик қарздорлик ва ўқиш учун контракт маблағларини ўз вақтида тўламаганлиги, ўқув интизоми ва академик лицейнинг ички тартиб қоидаларини бузганлиги, шу жумладан, узрсиз сабабларга кўра семестр давомида 74 соатдан ортиқ ўқув машғулотларига келмаганлиги ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги, шунингдек суд ҳукмига кўра ўқувчининг озодликдан маҳрум этилиши ва вафот этганлиги сабабли амалга оширилади;

академик лицейда камида уч йил ишлаган, базавий олий юридик маълумотга эга педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, академик лицейда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда, кириш ҳуқуқига эга;

ходимлар академик лицейга ишга адлия органлари ва муассасалари учун белгиланган тартибда қабул қилинади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид