Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистондаги туман ва шаҳарларда адлия бўлимлари ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда ПҚ–3666-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Республикадаги туман ва шаҳарларда Адлия вазирлигининг бўлимлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоятнинг Андижон, Асака, Избоскан, Пахтаобод ва Хўжаобод туманлари ҳамда Андижон шаҳрида ана шундай бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди.
Фаолияти йўлга қўйилган туман адлия бўлимлари учун алоҳида бино ажратилиб, талаб даражасида жиҳозланди. Замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланди. Фуқаролар учун кутиш хонаси ва унда компьютер орқали қонунлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиш имконияти яратилди.
– Туманимизда адлия бўлими томонидан маҳаллаларда тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилиши аҳолининг ҳуқуқий билимсизлик ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларининг, шу билан бирга, туманда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик каби иллатларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди, - дейди Марҳамат туман ҳокими Шуҳратбек Қамчиев. - Ушбу ишларда туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб боришади.
Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Тоҳиржон Ахмадалиев эса ушбу бўлимлар ҳақида шундай фикрни билдиради: “Жойларда маъмурий ва иқтисодий судларнинг ташкил этилганлиги одил судловга эришиш даражасини ошириш имконини берган бўлса, туман (шаҳар)ларда адлия бўлимлари фаолият бошлагани ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича танқидий таҳлил асосида аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш имконини беради”.