Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фаластин халқини қўллаган БМТ, Трамп билан гаплашган Зеленский ва Абхазиядаги намойишлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Яқин Шарқдаги вазият
Исроил Ливан пойтахти Байрут шаҳрининг жанубидаги Даҳия туманига тўрт бора аивазарба берди. Ливан медиасининг хабарларига кўра, ҳужумлар «Ҳизбуллоҳ»нинг қароргоҳи ҳисобланувчи Даҳиянинг Ғубайри мавзесига берилган.
Аввалроқ Исроил армияси Даҳиядан аҳолини эвакуация қилишга чақирган эди. Исроил армияси матбуот котиби Авиҳай Адраи Х ижтимоий тармоқда Ғубайри мавзесидаги бир қатор нуқталарга зарба берилишидан огоҳлантирган.
«Сизлар «Ҳизбуллоҳ»га тегишли ва унинг манфаатлари йўлида ишлатилаётган объектларга яқин турибсиз ва бу ерлар тез орада Исроил нишонига айланади. Ўзингиз ва оилангиз хавфсизлиги учун илова қилинган харитада кўрсатилган ва Даҳия туманидаги Ғубайри мавзесига яқин биноларни тарк этишингиз ва улардан камида 500 метрга узоқлашишингиз талаб этилади», — дейилган хабарда.
БМТда Фаластин қўлланди
БМТнинг қўмитасида 170 давлат томонидан Фаластин халқи ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга экани қўллаб-қувватланди. Фақат олти давлат: Аргентина, Исроил, Микронезия, Науру, Парагвай ва АҚШ қарши овоз берган.
Учинчи қўмита йиғилиши доирасида «ижтимоий, ҳуманитар ва маданий» масалалар муҳокама қилинган, овозга «Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқи» резолюцияси лойиҳаси қўйилган.
Лойиҳани қўллаб 170 давлат овоз берган, 9 та давлат овоз беришдан тийилган ва юқорида санаб ўтилган 6 та давлат қарши чиққан.
«Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқи ва мустақил Фаластин давлати тузиш тасдиқланди», — дейилади ҳужжатда.
Резолюцияда қайд этилишича, барча мамлакатлар ўз минтақасида тинч яшаш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган ҳамда БМТга аъзо барча давлатлар ва ташкилотлар Фаластин халқини ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқини амалга оширишда қўллашга чақирилган.
Эронга зарба оқибатлари
Исроилнинг октябр ойида Эрон ҳарбий объектларига берган зарбалари оқибатида Теҳрон яқинидаги ядровий қурол тадқиқот маркази вайрон бўлди, деб ёзмоқда Axios нашри.
Гап Эрон пойтахтидан тахминан 30 километр жануби-шарқда Парчин ҳарбий мажмуаси ҳудудидаги Толиқон-2 иншооти ҳақида кетмоқда. 2003 йилда «музлатиб» қўйилгунга қадар у Эроннинг ядро қуроли дастурининг бир қисми эди.
Тахминларга кўра, ушбу объектда ядровий қурилмани ҳаракатга туширувчи портловчи моддалар синовдан ўтказилган. Зарба оқибатида бундай тадқиқотлар учун мўлжалланган мураккаб ускуналар йўқ қилингани таъкидланмоқда.
АҚШ ва Исроил разведка хизматлари объектдаги фаолликни йил бошида пайқаган.
«Улар ядровий қурол ишлаб чиқаришга асос соладиган илмий изланишлар олиб борган. Бу сир эди. Бу ҳақда Эрон ҳукуматининг оз қисмигина биларди», деган манбалардан бири.
Axios манбаларининг таъкидлашича, объектнинг вайрон бўлиши Эроннинг ядровий қурол бўйича тадқиқотларни қайта бошлаш ҳаракатларига «сезиларли» путур етказган.
Эрон ядровий қурол яратиш режасини рад этиб келади. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик яқинда Эронни ташкилот билан ҳамкорлик қилмаётганлиги учун қораловчи резолюцияни овозга қўйиши кутилмоқда. Эрон бунга жавобан АЭХА билан ҳамкорликни янада чеклаши мумкинлигини айтди.
Зеленский уруш ҳақида
Украина президенти Володимир Зеленский «Суспилне»га берган интервюсида АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси билан Россия—Украина уруши тезроқ якунланишини айтди. Нашр Украина етакчиси билан бўлиб ўтган суҳбатдан парчалар эълон қилди.
«Биз учун адолатли тинчлик жуда муҳим… Уруш тугайди, аммо аниқ санаси йўқ. Шубҳасиз, энди Оқ уйга келадиган ушбу жамоа сиёсати билан уруш тезроқ якунланади. Бу уларнинг йўналиши, уларнинг ўз жамиятига берган ваъдаси ва бу улар учун жуда муҳим», — дейди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, Трамп Зеленский билан телефон орқали мулоқотда Украина позициясини тинглаган. «Бизнинг позициямизга қарши ҳеч нарса эшитмадим», — дея қўшимча қилади Украина етакчиси.
Зеленский Трамп Украинадан Россия билан музокараларда иштирок этишни талаб қилган ёки қилмагани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди:
«Биз — мустақил давлатмиз ва биз ушбу уруш вақтида — халқимиз ҳам, шахсан мен ҳам АҚШ билан, Трамп билан, Байден билан ва Европа етакчилари билан музокараларда — «Ўтир ва тингла» риторикаси бизга нисбатан ишламаслигини исботладик».
Доналд Трамп сайловолди кампанияси давомида бир неча бор агар ғалаба қозонса, Россия—Украина урушини тезроқ якунлашга ваъда берганди. Сиёсатчининг жамоаси жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режасини тайёрлаган. Унга кўра, Украина камида 20 йилга НАТОга қўшилиш ниятидан воз кечади.
Абхазиядаги намойишлар
Гуржистондан мустақиллигини ёқлаб чиққан ва дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан тан олинмаган Абхазия парламенти олдида юзлаб намойишчилар йиғилди.
Пойтахт Сухуми шаҳрида Абхазия парламенти биноси олдида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамда республика ҳукуматининг Россия билан инвестиция келишуви ратификация қилинишига қарши норозилик намойиши иштирокчилари ўртасида тўқнашув рўй берди, деб хабар бермоқда маҳаллий нашрлар.
Депутатлар 15 ноябр куни Сухуми ва Москва ўртасидаги инвестиция келишуви лойиҳасини кўриб чиқиш учун йиғилганида юзлаб намойишчилар Абхазия парламенти биносига келишган.
Хабар қилишларича, одамлар абхаз–рус муносабатларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида акцияга ўзи билан Абхазия ва Россия байроқларини келтиришган.
Мухолифат етакчиларидан бири, «Абхаз халқ ҳаракати» жамоат ташкилоти етакчиси Адгур Ардзинбанинг айтишича, бир гуруҳ депутатлар спикернинг олдига бориб, инвестициялар бўйича битимни ратификация қилиш масаласини кун тартибидан олиб ташлашни талаб қилишган.
Ардзинба республика раҳбариятини «халқни иккига бўлувчи барча ўткир масалаларни 2025 йилги сайловлардан кейинга қолдириш»га чақирган.
«Агар ҳукумат бунга рози бўлмаса, яқин кунларда юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар учун жавобгарлик тўлиғича Абхазия президенти Аслан Бжания ва унинг атрофидагилар зиммасида бўлади», — деган у.
Якунда парламент кун тартибини тасдиқламаган, 15 ноябр кунги сессия бекор қилинган. Аммо намойишчилар депутатлардан сессия ўтказиш ва битим лойиҳасини тасдиқлашга қарши овоз беришни талаб қилишган.
Кўп ўтмай парламент биноси олдида намойишчилар ва бинони қўриқлаш учун жалб этилган полициячилар ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан. Акция иштирокчилари кучишлатарларга тухумлар улоқтиришган, шунингдек, бино атрофидаги тўсиқни юк машинаси орқали бузиб ўтиб, ҳудудга бостириб киришган.
Бунга жавобан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кўздан ёш сиздирувчи газ сепишган, шунингдек, оломонга қарата тутунли гранаталар улоқтирила бошланган. Кучишлатарлар ўт ўчириш хизмати машиналари билан парламент ҳудудига кириш йўлини тўсишга уринган.
Кечга яқин норозилик намойишлари кучайган. Намойишчиларга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам қўшилгани айтилмоқда.
Намойишчилар тан олинмаган Абхазиянинг президенти Аслан Бжанияга ўз ваколатларини топшириш учун бир соат вақт беришган. Акс ҳолда намойишчилар президент яшириниб турган Ички ишлар биносига бостириб киришларини айтишган.
Гарчи аввалроқ президент Бжания аҳолига қарата «провокацияларга учмаслик», ўзи Абхазияда экани, бирга ишлашда давом этишини айтган бўлса-да, айрим нашрлар у Россияга қочиб кетганини хабар қилишмоқда.
Мавзуга оид
14:54 / 19.02.2026
Эронга зарба беришга тайёр АҚШ, музокарадан кўнгли тўлмаган Зеленский ва НАТОни айблаган Патрушев – кун дайжести
15:15 / 18.02.2026
Хитойни ядровий синовларда айблаган АҚШ, Женевадаги музокаралар ва президентини ишдан олган Перу Конгресси – кун дайжести
15:38 / 17.02.2026
АҚШ–Эрон музокаралари, Украина хавфсизлик хизматида «тозалашлар» ва 2 ҳафтада кўриниш берган Имомали – кун дайжести
15:10 / 16.02.2026