Жаҳон | 10:00 / 25.11.2023
11039
8 дақиқада ўқилади

Арманистон КХШТ саммитида қатнашмади. Ереваннинг ташкилотдан чиқиши аниқми?

Франция Арманистонга ҳарбий техникалар юбориши фонида, КХШТнинг Минск саммити Ереваннинг иштирокисиз ўтди. Хўш, Қорабоғдаги узоқ йиллик можаро якунланиб, тинчлик келишувига ҳаракат бўлаётган бир вақтда Жанубий Кавказда вазият қандай шаклланяпти?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мавзу атрофидаги саволларга сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Жаҳонгир Акрамов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” рукнида жавоб берди.

Кўплаб таҳлилчилар Қорабоғ уруши мазмунан якунланди, дейишади, лекин Арманистон нега яна қурол импортини кучайтирди?

Камолиддин Раббимов: Қорабоғдаги уруш тўхтади деб ўйлайман. Арманистоннинг Қорабоғни қайтариб олиш учун жамулжам ресурслари йўқ. Бу аввало ҳуқуқий ресурс: бутун дунё ҳамжамияти Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олади. Собиқ иттифоқ парчалангач, Озарбойжон БМТга Қорабоғ билан кирган, иттифоқ пайтида ҳам Қорабоғ Озарбойжон ҳудуди сифатида эътироф этилган. 90-йиллар бошидаги Қорабоғ урушида ҳудудни Арманистон босиб олди. Озарбойжон 2020 йилга келиб [Қорабоғнинг асосий қисмини, 2023 йилда тўлиқ] қайтариб олди.

Бугунда Арманистонда Қорабоғ устидан яна назорат ўрнатиш учун инсоний, иқтисодий, ҳарбий ва бошқа ресурслар мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, Арманистон қуролланишда давом этяпти. Асосий сабаб – Жанубий Кавказдаги ва минтақадаги вазият қайтадан трансформация бўляпти. Украина уруши бошлангач, Россиянинг постсовет ҳудудидаги мавқейи ниҳоятда заифлашди. Чунки бутун ресурслар Украинага қаратилди, давлатларнинг қудрати эса куч ишлатиш қобилияти билан ўлчанади. Украина урушида Россиянинг ҳарбий инфратузилмаси эскириб кетгани маълум бўлди. Қорабоғ урушида Россия ёрдам бермагач, Арманистон мустақил геосиёсий вектор томон кета бошлади. Минтақадаги учала давлат ҳам қуролланишда давом этяпти. Менимча, Арманистон Қорабоғни қайтариш учун қуролланаётгани йўқ. Россия, Эрон ва Туркия бу минтақага Ғарбдан кимдир кириб келишини истамайди.

Жаҳонгир Акрамов: Геосиёсий вазият 90-йиллардагидан ўзгарган. 21-аср бошида учта омил Озарбойжон фойдасига ишлади: Туркиянинг кучайиши, 2014 йилдан сўнг Россия ва Ғарб тирашувининг ортиши ҳамда Озарбойжоннинг ўз имкониятлари кенгайиши. Бундан ташқари, арман лоббиси таъсири аввалгидай бўлмай қолди.

Қуролланиш масаласига келсак, менимча ҳам Арманистон Қорабоғни қайтариб олмоқчи эмас, шунчаки ўз хавфсизлигини таъминламоқчи. Россиядан узоқлашиш омили ҳам бор бу ерда. Ғарб давлатлари манфаатлари ҳам бор, биринчи ўринда Франция манфаатлари, чунки у ерда арман лоббиси таъсирга эга. Бундан ташқари, Туркиянинг кучайиб кетаётганини ҳам нисбатан чеклаш, кучлар мувозанатини яқинлаштириш мақсади ҳам бор.

Франциянинг Жанубий Кавказга қурол юбориши – Африкадаги таъсири кучсизланаётган Парижнинг Эрон ва Россияга нисбатан жавоб юриши дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Франция ва Арманистон алоқалари анъанавий, тарихан кучли бўлган. Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Москвага йўналиш олган пайтларда ҳам Франция билан муносабатлар ижобий бўлган. Францияда сўнгги 2-3 йилда постсовет ҳудуди давлатларига нисбатан геосиёсий қарашлар ўзгарди. Чунки 5 та Африка давлатида ҳукуматлар ағдарилди ёки ўзгарди. Франция қарашига кўра, бу инқилобларда Россиянинг қўли бор. Шунинг учун Кавказда ўч олмоқчи, деган талқин кенг тарқалмоқда.

Эрон билан Франция муносабатлари нисбатан юмшоқ бўлган. Эронга бўлган санкциялар бошида АҚШ ва англосаксон давлатлари туради. ЕИда ҳам давлатларнинг геосиёсий позицияси бир хил эмас. ЕИ Вашингтондан мустақил бўлиши керак дейдиган давлатлар байроқдори Франция ҳисобланади. Обама даврида Эронга санкциялар нисбатан юмшагач, энг биринчи бўлиб Эронга кириб борган давлат Франция эди. Трамп даврида яна санкциялар кучайди, ғарб давлатлари яна Эрондан узоқлашди, лекин Франция нисбатан ҳамкорликни сақлаб қолди.

Жаҳонгир Акрамов: Франция АҚШ ва Англия каби давлатларни тийиб туришга ҳаракат қилади доим. Юқорида айтилганидек, Франциянинг Кавказга кириб бориши – Африкадаги сиёсатга жавоб. Дунёда қурол-яроғ савдоси биринчи ўриндаги фойдали савдо ҳисобланади. Ҳозирги мураккаб ҳолатда шу йўналиш билан кириб бориш ўзига яраша реклама ва стратегик қадамлар ҳисобланади.

Бундан ташқари, Озарбойжон Исроил билан ҳамкор, Исроил эса АҚШнинг энг яқин иттифоқчиси. Шунинг учун ҳам Арманистонга ёрдам бераётган бўлиши мумкин.

Ереваннинг Рим статутини ратификация қилиши ва КХШТ учрашувларидан буткул бош тортиши Арманистон Россиядан тўлақонли юз ўгирди дейишга асос бўладими?

Камолиддин Раббимов: Юз ўгирди дейиш мумкин, бунга асослар бор. Минтақадаги геосиёсий йўналишлар қайта форматлашяпти. Маълум бир ҳодисалардан кейин бирор бир давлат ёки минтақа геосиёсий вазиятни қайта шакллантиради. Арманистоннинг асосий геосиёсий концепцияси Россияга яқин бўлиш эди, ўтган асрларда ҳам Россия давлатчилиги қай шаклда бўлган бўлса ҳам, Арманистон яқин иттифоқчиси бўлган. Аммо бу вазият 2020 йилдаги Қорабоғ урушига қадар давом этди. Уруш пайтида Арманистон Россиядан ёрдам сўради, аммо Россия уруш ҳаракатлари Арманистон чегарасига ўтсагина ёрдам беришини билдирди. Бу дегани Қорабоғ расман Озарбойжон ери дегани. Путин ёки бошқа ғарб давлатлари тан олмасдан иложи йўқ буни. Халқаро ҳуқуқ жуда кучли нарса.

Қорабоғ Озарбойжонга қайтгач, Арманистоннинг Россияга бўлган геосиёсий эҳтиёжи тугади. Туркия президенти ҳам Арманистонга мурожаат қилиб, ўз хавфсизлигингиз учун минглаб километр узоқдагилар билан эмас, қўшнилар билан алоқаларни яхшиланг, деди. Арманистонга пакет таклиф этиляпти, буни Туркия, Озарбойжон ва бошқа давлатлар қўллаяпти. Қорабоғ қайтарилгач, Арманистон ва Озарбойжон ўртасида зиддиятга сабаб қолгани йўқ бугун.

Пашинян учун оғир давр ҳозир, давлат ичида ҳам унга хоин деб қарашлар бор. Арманистонда фундаментал имкониятлар йўқ эди Озарбойжонга қарши туриш учун, бунда инсон ресурслари, иқтисодий ва бошқа омиллар бор. Туркия ёрдами билан Озарбойжон жуда самарали ҳарбий операция ўтказди ва жуда қисқа муддатда Қорабоғни тортиб олди. Мана шундай ҳолатда Россия ва КХШТга бўлган эҳтиёж тугади. Расмий Ереван Пашенян бошчилигида АҚШ, ЕИ ва НАТОга геосиёсий йўналиш олади.

Арманистон яқин келажакда КХШТдан расман чиқиб кетиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Арманистонда Россия бизга дўст эмас, деган сиёсий қараш шаклланиб бўлди. Лекин Россиянинг Арманистонга таъсир қилиш воситалари ҳали кўп. Украина уруши бошланганидан бир ярим йил ўтиб, Яқин Шарқда ҳозиргидек вазият пайдо бўлди ва бутун геосиёсий ҳолатни издан чиқарди, бир-икки йилдан кейин Арманистонда нима бўлишини ҳам биров билмайди.

Жаҳонгир Акрамов: Жанубий Кавказдаги вазиятни ўзгартирган энг асосий воқелик ўтган йили бошланган Украина уруши бўлди. Бунгача Россия ўз таъсирини сақлаб келаётган эди. Ўтган йили сентябрда Озарбойжон ва Арманистон чегарасида тўқнашув бўлди, бир неча юз инсон ҳалок бўлди. Балки бу разведка уруши бўлгандир, геосиёсий ва ҳарбий вазиятни билиш учун. Шу вазиятда КХШТдан ёрдам бўлмади ва якуний хулосага келинди, менимча.

Арманистоннинг келажакда Россия етакчи бўлган 3 та асосий ташкилотдан чиқиш эҳтимоли катта. Яъни Евроосиё иқтисодий иттифоқи, МДҲ ва КХШТ. Бу ажралиш секинлик билан, босқичма-босқич бўлиши кутиляпти. Арманистонни чўчитадиган нарсалар бор, яъни энергетика, хавфсизлик масалалари. Бундан ташқари, Россиядаги арманистонлик мигрантлар бор. Шунинг учун секинлик билан бундай ташкилотлардан чиқиб кетади, агар кутилмаган, кескин геосиёсий бурилишлар бўлмаса.

НурмуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид