Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Давлат идораларидаги ижро сифати ҳар ойда танқидий муҳокама қилинади» – Шавкат Мирзиёв
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатида Вазирлар Маҳкамасида ҳар ойда давлат идораларидаги ижро сифати танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилиши, адлия вазири шу масала бўйича ҳар чоракда бир марта Сенат ва Қонунчилик палатасида ҳисобот беришини айтиб ўтди.
Фото: KUN.UZ
«Давлат идораларидаги ижро сифати ва ҳолатини вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларида, республика даражасида эса – Вазирлар Маҳкамасида ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилади. Бошқа йўлимиз йўқ. Агар қийинчилик билан қабул қилган қарорларимизни раҳбарлар ечмаса, халқимизга енгилликлар яратмаса, у қарорлар нимага керак. Қуйи бўғиндаги раҳбарлар қарорларни бажармагани учун кенгашларда талаб бўлади, Вазирлар Маҳкамаси вазирларни ишдан олишгача чора кўради. Ўзим назорат қиламан буни, бошқа йўли йўқ.
Ҳукумат, Адлия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат бошқаруви академияси билан бирга бир ой муддатда ушбу тизимни жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгиласин.
Адлия вазири барча оммавий ахборот воситалари, жумладан телевидение орқали «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда», деган мавзуда доимий кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиб, халқимизга ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини етказиб бориш тизимини жорий этсин. Адлия вазири шу масала бўйича ҳар кварталда бир марта Олий Мажлис Сенати ва қуйи палатасида ҳисобот беради. Қайси вазир, қайси вилоят ҳокимлари ишдан олингани – ҳаммасини маълум қилади. Бундан буёғига шикоятга ўрин йўқ. Агар шуни қилмасак, кўп ишларимиз қолиб кетяпти», дея таъкидлаган президент.
Парламентга мурожаатда сўнгги тўрт йилда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 550та қонун, икки мингга яқин фармон ва қарор қабул қилингани, лекин жойларда барча раҳбарлар ҳам ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушуниб етмаётгани танқид қилинган.
«Ислоҳотларимиз ҳар бир инсонга етиб бориши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлашимиз лозим. Сўнгги тўрт йилда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 550та қонун қабул қилдик, икки мингга яқин фармон ва қарор қабул қилинди. Лекин жойларда барча раҳбарлар ҳам ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушуниб, берилган имкониятлардан фойдаланмоқда, аҳоли ва тадбиркорларга зарур шарт-шароит яратилмоқда деб айта оламизми? Айта олмаймиз.
Ўқимайди, тушунмайди, билмайди, интилмайди. Амалдаги назорат тизими эса кўпроқ формал тусга эга бўлиб, ижрони ташкил этишдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаяпти.
Шунинг учун, келгуси йилда бу борада янги иш тизими жорий этилади. Энди Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилишдан иборат бўлади.
Ҳар битта фармон ва қарор нима учун қабул қилиняпти ўзи?! [Бу ҳужжатлар] кимга керак, кимга осон йўл, кимларга имкониятлар яратишини Адлия вазирлиги масъулларга етказиши, тушунтириши керак. Сен туман ҳокими, сен муовини, мана бундай қарор чиқди, буни тушундингми ё йўқми [деб сўраши], тушунмаса тушунтириши керак.
Шу мақсадда, Адлия вазирлигига зарур ваколат ва ресурслар берилади. Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда, жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади.
Жумладан, «жамоатчилик эшитувлари» ва «жамоатчилик мониторинги» тизими жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилади.
Шунингдек, таҳлиллар асосида ижрога халақит бераётган ортиқча вазифа ва функциялар қисқартирилади», деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
11:06 / 30.10.2025
Пeтер Пеллегрини Самарқандга амалий ташриф билан етиб келди
08:48 / 30.10.2025
Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО 43-сессиясининг очилишида қатнашади
20:04 / 29.10.2025
Хусусий секторда банд бўлган шахсларга ҳам нафақа тўланиши йўлга қўйилади
13:52 / 29.10.2025