Ўзбекистон | 11:02 / 20.07.2022
49951
8 дақиқада ўқилади

Мактаб формаларини тикиш авжида: янги ўқув йилидан мактабларда форма мажбурий бўлади

Ҳукуматнинг шу йил 19 майдаги 271-сонли қарори билан умумтаълим мактабларида ягона мактаб формасига ўтиш 2022/23 ўқув йилидан мажбурий қилинди. Хўш, тикувчилик корхоналари 6,6 миллионлик талабни қондира оладими?

Вазирлар Маҳкамасининг машҳур 666-сонли қарори билан мактаб формалари дизайни тасдиқланганига 4 йил бўлмоқда. Унга кўра, кичик ёшдаги 1-6-синф ўқувчилари учун алоҳида ва юқори 7-11 синф ўқувчилари учун бошқача формаларнинг ягона дизайни тасдиқланган.

Мактаб формаларининг тасдиқланган дизайни

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда журналистлар учун Наманган вилоятидаги корхоналарда тикилаётган мактаб формаларини бориб ўрганиш мақсадида пресс-тур ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2018 йил 15 августдаги «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 666-сонли қарори билан ягона мактаб формаси жорий этилиши аҳолининг катта қисмида эътироз келтириб чиқаргани сабабли бироз кечиктирилган ва 2024/25 ўқув йилидан жорий этиш белгиланганди. Ҳукуматнинг шу йил 19 май санасидаги 271-сонли қарори билан янги ўқув йилидан мактаб ўқувчиларини мажбурий мактаб формасига ўтказиш белгиланди.

ХТВ маълумотига кўра, 2022/23 янги ўқув йилида Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларда 6 млн 620 минг нафар ўқувчи таълим олади ва уларнинг барчаси мактаб формаси билан таъминланиши керак.

Хўш, мактабларда ягона мактаб формаси нега жорий этилмоқда? Халқ таълими вазирлиги маънавият бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Фозиловнинг тушунтиришича, ягона форма жорий этишдан кўзланган бош мақсад мактаб ўқувчилари ўртасида ижтимоий тенгликни жорий этишдир. Яъни мактабда ўқувчилар ким қандай кийиниб келганига чалғимасдан, фақат билим олиш билан шуғулланишлари керак.

Жамолиддин Фозилов, ХТВ маънавият бошқармаси бошлиғи

Бир гуруҳ журналистлар Наманган шаҳридаги Даштбоғ кичик саноат зонасида жойлашган тикувчилик корхоналарида бўлишди. Бу ерда тикувчиликка ихтисослашган корхоналар жуда кўп ва бу корхоналарда асосан кичик ёшдаги 1-6-синф ўқувчилари учун формалар тикилмоқда.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси дизайнни ривожлантириш бўлими бошлиғи Камола Ғуломованинг айтишича, ягона мактаб формаси жорий этилишидан аввал турли дизайнлар танлови ўтказилган. Ғолиб бўлган дизайн Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги мактабларда синовдан ўтказилган. Ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналарнинг эътироз ва таклифлари инобатга олинган.

Камола Ғуломова «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг дизайнни ривожлантириш бўлими бошлиғи

Уюшманинг Наманган филиали директори Нуриддин Бобоевнинг айтишича, Наманган вилоятида тўқимачилик ва тикувчиликка асосланган 2300 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 1420 таси тикувчиликка ихтисослашган. Уларнинг 500 дан зиёди мактаб учун формалар тикиш билан шуғулланмоқда.

Нуриддин Бобоев, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг Наманган филиали директори

Нуриддин Бобоевга кўра, жами корхоналар бир ойда 2 миллиондан зиёд форма тикиши мумкин. Бу нафақат Наманган вилоятидаги 509 мингдан зиёд ўқувчилар, балки бошқа вилоятлардаги ўқувчиларни ҳам мактаб формаси билан таъминлаш имконини беради.

Мактаб формалари ишлаб чиқараётган корхоналар раҳбарлари ишлаб чиқариш жараёни, мактаб формаларининг таннархи ва сотувчи учун тавсия этиладиган нархлари ҳақида гапириб беришди. Формалар ўғил ва қизлар учун олтита ўлчам бўйича ишлаб чиқарилади. Энг қизиғи — улар чалкашлик вужудга келмаслиги учун бир хил нархда сотилади.

Корхоналарда катта синф ўқувчилари учун формалар тикилмаяпти. Юқори синф ўқувчилари тўқ кўк рангда, тасдиқланган дизайн бўйича пиджак-шим, пиджак-юбка харид қилишади.

«MUSTAFO SEWING» МЧЖ раҳбари Ҳусан Дадахоновнинг айтишича, ўзи раҳбарлик қилаётган корхонада кунига 300 дона форма тикилмоқда. Уларнинг ўртача нархи 150-200 минг сўмга тушмоқда.

Ҳусан Дадахонов, «MUSTAFO SEWING» MCHJ раҳбари

«SAXIY MIRZO TEKSTIL» МЧЖ раҳбари Собитхон Мирзаевнинг ҳикоя қилишича, мактаб формалари маҳаллий матодан эмас, Хитойдан импорт қилинадиган сифатли матолардан тайёрланади.

Собитхон Мирзаев, «SAXIY MIRZO TEKSTIL» MCHJ раҳбари

Хитойдан импорт қилинадиган матодан тикилаётган мактаб формалари ўзининг чидамлилиги билан ажралиб турар экан. Чунки тикувчилар бу формани тикиб сотувга чиқаришганига уч-тўрт йил бўлган ва унинг сифати бўйича харидорлардан барча тақризларни олиб бўлишган.

Таъкидлаб ўтиш керакки, мактаб формаси тўпламига оқ кўйлак кирмайди. Кўйлакни ота-оналарнинг ўзи фарзандига лойиғини танлаб, турли корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганини харид қилишади.

«DILDORA TEKSTIL» МЧЖ раҳбари Дилдора Мамажонованинг айтишича, у Навоий вилояти Нурота тумани ва Зарафшон шаҳридаги мактаблар ўқувчиларининг ота-оналари билан шартнома асосида арзон нархда мактаб формаси етказиб бериш бўйича келишувга эришган.

Дилдора Мамажонова, «DILDORA TEKSTIL» МЧЖ раҳбари

Дилдора Мамажонова бошлиқ корхона учинчи йилдирки тасдиқланган намуна бўйича мактаб формаси тикиб келмоқда. Аввалги йилларда форма кийиш мажбурий бўлмаса-да, ўқувчиларнинг ота-оналари ўз ихтиёрлари билан харид қилишган.

Ушбу форманинг афзаллик тарафларидан бири – унинг ниҳоятда чидамлилиги, бир мавсум эмас, икки-уч мавсум бемалол кийиш мумкинлигидир. Шу сабабли ота-оналар бир ўлчам каттасини харид қилишмоқда. Чунки куртка енгларининг билакни қисиб туриши унинг катта эканлигини билдирмайди, қолаверса, унинг сифати, ювганда ва қуёшда ранги ўчмаслиги келгуси мавсумда ҳам кийишга имкон беради.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамова тикувчиликдан хабардор ота-оналар ўзлари шу матодан болаларга андоза бўйича форма тикишлари мумкинлиги, шунингдек, қиз болалар учун узунроқ фасонда юбка тикиш мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Вазирлик ходими республика бўйлаб 400 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактаб формалари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, шунингдек, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олиниши режалаштирилганини ҳам айтиб ўтди.

Лайло Рустамова. ХТВ матбуот хизмати раҳбари.

Лайло Рустамова қиз болалар учун юбкаларни узунроқ қилиб тикишга рухсат борлигини айтди. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 666-сонли қарори 2-иловаси — Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 3-бобидаги таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш ва уларга қўйилган талаблар орасида қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан 5 — 15 см пастда бўлиши белгиланган.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакилига кўра, тикувчилик корхоналари барча вилоятларда бор ва у ерларда ҳам корхоналар айни кунларда мактаб формаси тикиш билан банд. Тикувчилик корхонаси эгаларининг таъкидлашича, дастлабки йилда форма етказиш масаласида айрим узилишлар бўлиши мумкин, бироқ маҳсулот сифати ва узлуксиз тикилиши келгуси ўқув йилидан бошлаб ҳар қандай узилиш ва етишмовчиликка тўлиқ барҳам беради.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид