Ўзбекистон | 17:00 / 17.04.2021
36311
11 дақиқада ўқилади

Мустамлакачилар зулми, оқпошшо фармони ва коррупционер ҳокимлар. Француз тадқиқотчиси – 1916 йилги Жиззах қўзғолонининг сабаблари ҳақида

«1916 йилги Марказий Осиё қўзғолони: Уруш ва инқилоблар даврида империянинг қулаши» номи билан Манчестерда чоп этилган китоб ҳаммуаллифи Клое Дрию Марказий Осиё халқларининг рус истилосига қарши энг йирик исёнига элтган сабаблар ҳақидаги тадқиқоти хулосалари билан ўртоқлашди.

Марказий Осиё Рус империяси учун пахта манбасига айланганди.

2019 йилда Буюк Британиянинг Манчестер университети нашриётида «1916 йилги Марказий Осиё қўзғолони: Уруш ва инқилоблар даврида империянинг қулаши» номли китоб чоп этилган эди.

Бу қўзғолон Марказий Осиёда яшовчи ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ ва бошқа халқларнинг рус истилочиларига қарши энг йирик исёни сифатида қолган. Инглиз тадқиқотчилари китобида қўзғолоннинг турли жиҳатлари таҳлил қилинади. Бу охирги 60 йил ичида шу мавзуда инглиз тилида чоп этилган биринчи тўплам ҳисобланади.

BBC ўзбек хизмати китоб муаллифи ва муҳаррирларидан бири франциялик олима Клое Дрию билан суҳбат қилди.

— 1916 йилги Марказий Осиё қўзғолони ҳақида кўп китоб ёзилмаган, ёзилганларига ҳам анча вақт бўлган. Сиз ва ҳамкасбларингиз ёзган бу китоб аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади, қандай янги топилмалар бор унда?

— 1916 йилги Марказий Осиё қўзғолонини таҳлил қилган илк китобни Александр Сокол 1950-йилларда чоп қилган. Демак, унинг чиққанидан бери анча вақт ўтди. Соколнинг китоби ҳам анча яхши, у 1916 йилги қўзғолон сабабларини таҳлил қилган. Аммо, Совет Иттифоқининг илк йилларида ва кейинроқ 50-йиллар ва ундан кейин бу мавзу жуда сиёсийлаштирилган эди. 1930-йиллардан кейин бу қўзғолонни тадқиқ қилувчи бошқа китоблар чиқарилмай қўйганди. Чиққанларининг ҳам аксари архив материаллари тўпламлари бўлган. Яъни у асосан хом материал эди ва уни таҳлил қилиш жуда қийин, чунки жуда кўп турли мавзуларни ўз ичига олган. Агар тарихчи бўлмасангиз, бу маълумотлар билан ишлаш осонмас. Биз нашр этган китобимизга эса кўплаб тарихчиларни жалб қилдик, унга Александр Моррисон, Аминат Чокобаева ва мен муҳаррирлик қилдик, ва яна 10дан ошиқ муаллифлар мақолаларини қўшдик. Улар дунёнинг турли бурчакларидан – Ўзбекистон, Қирғизистон, Германия, Франция, Британия ва бошқа жойлардан.

Биз китобда ҳам ўтроқ ва ҳам кўчманчи ҳудудлардаги қўзғолонларнинг турли тафсилотлари ҳақида фикрлар билдирганмиз.

20-аср бошида Марказий Осиёга рус аҳоли кўчириб олиб келинган.
Фото: Getty Images

— Сиз бу китобда Жиззах қўзғолони ҳақида бир бобни ўзбекистонлик тарихчи билан биргаликда ёзгансиз. Қўзғолон сабаблари ҳақида бизда кам ўқитилган, аммо билганларимиз маҳаллий аҳолидан рус аҳолига ернинг олиб берилиши, умумий босим билан боғлиқ. Сизнингча, унинг асосий сабаблари нима эди?

— Нафақат мен Акмал Бозорбоев билан ёзган мақола, балки китобдаги бошқа мақолаларда ҳам 1916 йилги қўзғолон сабаби 1916 йилги император фармони бўлмагани айтилади. Яъни, маҳаллий аҳолининг урушда мардикорлик қилиш учун олиб кетишга сафарбар этилиши ҳақидаги фармон асосий сабаб эмас эди. Асосий сабаб мустамлакачилик тузумининг ўзи эди.

Масалан, Жиззах мисолида Акмал изоҳлайдики, у ерда ерга эгаликнинг ислоҳ қилиниши, ер категориялаштирилиши, ундан фойдаланиш йўлидаги мустамлакачилик дастури халқ кўтарилишига асосий сабаб бўлган. Чунки аҳолининг ерга эгалик ва фойдаланиш одати бошқача эди.

Шунингдек, биз Жиззах вилоятининг қаерларида қўзғолон бўлгани ва қаерларида бўлмаганига эътиборни қаратдик. Ва асосий муаммо шундаки, Қирғизистон бўладими ё Ўзбекистон, бу ҳодисани миллийлаштиришга уринишлар бўлган ва биз ана шу миллий талқинлардан узоқроқ туришга уриндик.

— Албатта, сиз айтган давлатлар чегаралари у вақтда ҳали йўқ эди, ва бу китобда Туркистоннинг турли қисмлари, Семиречье, Жиззах, Хўжанд ва бошқа ҳудудлар ҳақида гап кетади. Ўша ҳудудларда юз берган қўзғолонлар ўзаро мувофиқлаштирилганмиди ёки буткул айри эдими?

— Совет тарихчилари бу қўзғолон ўта йирик бўлгани ва бутун Марказий Осиёга ёйилганини кўрсатишга уринганлар. Улар бир ўчоқни иккинчисига улашга ҳаракат қилишган. Лекин биз китобимизда Акмал Бозорбоев билан биргаликда, ҳар бир қўзғолоннинг моҳияти ўта маҳаллий бўлганини кўрсатишга уриндик.

Менинг мақсадим, Марказий Осиёдаги 1916 йилги қўзғолонларни микроанализ қилиш. Албатта, турли исёнлар ўртасида қандайдир боғлиқлик бўлган, аммо жуда кичик кўламда. Айниқса, ўтроқ ҳудудларда. Кўчманчи аҳоли бироз фарқ қилади, улар анча серҳаракат ва айниқса Семиречьеда бутун ҳудуд бўйлаб кўчганлар. Яъни, воқеанинг икки хил ривожини кўрса бўлади – ўтроқ жойлардаги зўравонликларнинг эпицентри Жиззах бўлган.

Жиззах вилоятидан 10 мингдан ошиқ эркак Биринчи жаҳон урушига юборилиш учун рўйхатга олинган.
Фото: CENTRAL ASIAN REVOLT 1916

— Сиз қўзғолонга асосий сабаб маҳаллий эркакларни урушда мардикорликка олиб кетиш ҳақидаги император фармойиши бўлмаган дедингиз, аммо мақолангизда Жиззахдан қанча эркаклар олиб кетилиши, ҳар бир волость ё қишлоқдан қанчаси, умумий ҳисобда 10 мингга яқин эркак сафарбар қилиниши рўйхати берилган. Ва айнан шу рўйхатлар тузила бошлаганда, қўзғолон кўтарилган. Демак, бу асосий сабаб бўлмаса-да, асосий туртки бўлган дейиш мумкинми?

— Ҳа, бу ерда аниқлаштириш лозим – эркакларни армияга урушда жанг қилишга эмас, балки унда меҳнат қилишга, масалан окопларни қазишга олиб кетиш учун йиға бошлаганлар. Русчасида бу реквизиция деб аталган. Дарҳақиқат, бу реквизицияни амалга оширишни буюрган император фармойиши қўзғолонга асосий туртки бўлган, аммо асосий сабаб эмас. Асосий сабаб – мустамлаканинг ўзи. 1905 йилдан кейин рус аҳоли келиб, бу ерларга жойлаша бошлаган ва, масалан, Семиречьеда улар ерларни ва булоқларни қонуний ва ноқонуний тарзда ўзлаштира бошлаганлар.

Яна бир сабаб – маъмурий тизим эди. Мустамлакачи ҳокимлар орасида коррупция кенг тарқалганди.

— Урушга олиб кетишдан норозилик ҳақида гапирсак, халқ айнан нимадан норози эди?

Қўзғолон уюштирувчилари ва иштирокчилари дея гумонланган маҳаллий аҳоли вакиллари аёвсиз жазоланган.
Фото: Getty Images

— Бу фармойиш ёз мавсумида эълон қилинган, Ўзбекистонда бу вақт қишлоқ хўжалиги учун ўта муҳим давр саналади. Нафақат пахта етиштиришда, балки бутун зироат соҳасида. Айнан қишлоқ хўжалиги ва даладаги меҳнат нуқтайи назаридан, бу фармойиш ўта ноқулай ва омадсиз даврда чиқарилган.

Ундан ташқари, ўша вақтда маҳаллий аҳоли рўза тутаётганди, Рамазон ойи эди. Маҳаллий рус администрация буларни ҳисобга олмаган, ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаган, у ўта самарасиз эди. Ундан ташқари, рус империяси бу жойларни ишғол қилганида маҳаллий аҳолига уларнинг эрлари урушда қатнашиш ёки урушда меҳнат қилиш учун олиб кетилмасликларини ваъда қилганди. Аммо, Биринчи жаҳон урушида бу келишувдан воз кечилиб, руслар маҳаллий мусулмонларни урушга жалб қилишга аҳд қилишган, чунки уларга ишчилар керак эди.

Марказий осиёлик эркаклар урушга бизни жанг қилишга олиб кетишади, бизни насронийликни қабул қилишга мажбурлашади, чўчқа гўштини едиртиради дея ваҳима ва миш-мишлар ичида қолишган.

— Китобингизда рус генераллари қўзғолондаги исломий омилни бўрттириб кўрсатишган дейилади. Сизнингча, қанчалар кучли эди исломий омил?

Мусулмон аҳолининг садоқатига ишонмаган Рус империяси мусулмонларни армия сафига қўшмаслик ваъдасида турмади.
Фото: Getty Images

— Бу саволга жавоб бериш қийин. Аввало айтиш керак, барча мустамлакачилар – Франция империяси, Британия империяси, Рус империяси – ислом таҳдидидан қўрққанлар. Шундай экан, архивда Панисламизм ва Пантуркизм ҳақида жуда кўп ёзилганини кўрамиз, чунки уларда қандайдир исломий исён ҳақида параноя бор эди. Лекин, асл вазият бундай эмас эди. Ўзбекистон ва Қирғизистондаги архивларни титкиласангиз, у ердаги маълумот асосан мустамлакачиларнинг ўзидан қолганини кўрасиз, яъни асосан ҳарбийлар тилидан ёзилган. Аммо, улар асл вазиятни ва Ислом ролини унча яхши тушунмаганлар. Улардаги асоссиз ваҳимани ва у вақтда мавжуд бўлмаган Ислом таҳдидини сезиш мумкин. Менинг назаримда, бундай таҳдид бўлмаган. Жиҳод деган сўз у вақтда кенг тарқалмаганди.

Жиззахликлар орасида кичик исломий омилни сезиш мумкин, масалан ғазавот сўзи қўлланган ва у кофирларга қарши курашда бирлашиш учун бир шиор сифатида ишлатилган. Аммо, у омил қанчалар чуқур эканини архивдан аниқлаш қийин.

— Бугун 1916 йилги қўзғолон ҳақида гапириш нега керак? Ундан нима сабоқ чиқариш мумкин?

— Бу мураккаб савол. Агар Марказий Осиёни анча кенгроқ жаҳон тарихига, Биринчи жаҳон уруши ва мустамлакалар тарихига қўшмоқчи бўлсак, Марказий Осиё тарихини чуқурроқ ўрганишимиз керак. Айтайлик, Францияда Марказий Осиёни умуман тилга олишмайди. Француз тарихчилари кўпроқ Франция ва Британия империяларини солиштиради, Рус империяси эса четда қолади. Афсуски, шундай. Шу сабаб мен Марказий Осиёни мустамлакачилик тарихи борасидаги кенгроқ баҳс-у мунозараларга қўшишни истайман.

— Сабоқ ҳақида сўраганимнинг сабаби, сизга маълум бўлса керак, Германия 20-аср бошида бугунги Намибия аҳолисини қирганини тан олди ва уларга қандай товон тўлаш борасида музокаралар олиб боряпти. Агар қирғиз, қозоқ, ўзбеклар ҳам бу тарихни чуқур ўрганиб, ўша даврда аҳолининг қатлиом этилгани ва ерлари тортиб олингани ҳақида кўпроқ гапира бошласа, бу ҳам қандайдир товон талабларига йўл очиб бериши мумкинми?

— Менимча, Германиянинг товон тўлаши расмийлаштирилса, жуда яхши бўларди, чунки у Франция ва Британия каби бошқа мустамлакачиларни ҳам сескантиради. Францияда мустамлакачилик даври ва, айтайлик, Жазоир уруши масаласи ҳали ҳам жуда оғриқли мавзу. Ўзбекистонда эса 100 йил ўтиб ҳам 1916 йилги қўзғолон Россия ва Ўзбекистон муносабатлари контекстида кўрилаётгани жуда қизиқ. Бу ҳақда кўп гапирилмайди, аммо сиёсат ўзгарган вақтда танқидий фикрлар чиқиб қолади. Бу кайфиятга боғлиқ. Бу халқаро муносабатларга боғланиб қолган.

Мавзуга оид