Ўзбекистон | 08:58 / 08.04.2019
9299
4 дақиқада ўқилади

Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятига алоқадор камчиликлар маълум қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар ва хўжалик бошқаруви органларини янада ихчамлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнининг тизимли таҳлили Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини ташкил этишда ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи айрим камчиликларнинг сақланиб қолаётганлигидан далолат бермоқда. Хусусан:

биринчидан, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини ташкил этиш асослари тармоқ, соҳа ва ҳудудларни ривожлантириш ҳамда жойларда тўпланиб қолган муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминламаяпти. Ижро этувчи ҳокимият органлари ҳуқуқий мақомининг айрим ҳолатларда аниқ чегаралаб қўйилмаганлиги уларнинг давлат аппаратидаги аниқ ўрни ва ролини аниқлаш имконини бермаяпти ҳамда айрим ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифаларнинг декларатив характерга эгалиги, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларининг мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари жавобгарлик соҳаларининг аниқ чегараси, айниқса, жойларда ижро этувчи ҳокимият органларининг ички идоравий ва идоралараро ўзаро ҳамкорлигининг механизмлари таъсирчан эмас;

иккинчидан, давлат функциялари ва ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлаштирилганлиги ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ролининг пасайишига олиб келмоқда;

учинчидан, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг суст ривожланганлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини чеклайди ҳамда оқибатда бюджет харажатларининг камайишини таъминламайди;

тўртинчидан, айрим раҳбарларда масъулият ва ташаббускорликнинг етарли эмаслиги соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни ва мақсадли кўрсатмаларни ўз вақтида ҳамда сифатли ҳал этишга салбий таъсир қилмоқда. Давлат хизматининг унификацияланган ҳуқуқий асослари, давлат хизматчиларининг мақомини белгиловчи ягона нормалар, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонлари шакллантирилмаганлиги давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш имконини бермаяпти. Ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларини ижтимоий-моддий ҳимоя қилишнинг паст даражада эканлиги, юклатилган жавобгарлик даражасининг улар ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатига мувофиқ келмаслиги, меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминот жамғармасини шакллантиришнинг ягона принциплари мавжуд эмаслиги малакали кадрларнинг давлат хизматидан чиқиб кетишига олиб келмоқда, шунингдек ҳокимликнинг турли бўғинларида (вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари) ва марказий давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларида (вилоят бошқармалари, туман, шаҳар бўлимлари) ваколат, вазифа ва функциялар аниқ тақсимланмаган, яъни ким нимага масъул эканлиги аниқ белгиланмаган;

бешинчидан, жойлардаги маҳаллий ҳокимликларнинг ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги ташаббускорлиги паст даражада, яъни марказга кучли боғланиб қолган. Тасдиқланаётган дастурларни маҳаллий кенгашлар томонидан тасдиқлаш имконияти мавжуд бўла туриб, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид