Жаҳон | 14:44 / 16.12.2025
2965
6 дақиқада ўқилади

НАТОдан ташқари, лекин шунга ўхшаш кафолат: Россия бунга рози бўладими?

Украинани НАТОга қабул қилмасдан, алянснинг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолати берилишига Россия томони қандай қараши борасида фикрлар турлича. Сиёсатшунос Санжарбек Рашидовга кўра, Путин бунга кўнмайди, чунки бу тажриба кейинчалик Грузия каби бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлади. Сиёсатшунос Бектош Бердиев эса, НАТОсиз кафолат ғояси ҳозирги вазиятда РФни қониқтиради деб ҳисобламоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Украинага НАТО аъзосига ўхшаш хавфсизлик кафолати берилса, Россиянинг реакцияси қандай бўлади?

Бектош Бердиев: Россиянинг Украинага бостириб киришдаги асосий стратегик мақсадларидан бири – Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига йўл қўймаслик эди. Бироқ бугунги вазият сезиларли даражада ўзгарди. Фронтдаги уруш ҳар икки томон учун ҳам оғир йўқотишлар билан кечди ва бу Россияни маълум маънода позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Хусусан, НАТО масаласида айрим ён беришлар эҳтимоли пайдо бўлди.

Украина томонидан талаб қилинаётган хавфсизлик кафолатлари НАТО уставининг 5-моддасига яқин бўлса-да, Москва учун муайян нарратив мавжуд: Украина расмий равишда НАТО аъзоси бўлмаяпти. Бу ҳолат Россияга ички аудитория олдида ўз позициясини оқлаш имконини беради.

Шу билан бирга, Россия бу келишувдан мамнун бўлмайди, чунки Украина амалда НАТО давлатларига яқин даражадаги хавфсизлик кафолатларига эга бўлади ва бу Киев учун стратегик устунлик яратади. Айрим норасмий манбаларга кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Украинани ҳимоялаш учун қарийб 800 минг кишилик ҳарбий контингент тайёрланиши мумкин. Бу кучлар Украина ҳудудида ёки унга туташ давлатларда жойлаштирилиши эҳтимоли бор. Бу эса Украина учун жуда кучли хавфсизлик кафолатини англатади.

Бундай келишув маълум нарх эвазига таклиф қилинмоқда. Гап Донбасснинг айрим ҳудудлари масаласида ён бериш ҳақида бормоқда.

Россиянинг ташқи реакцияси нисбатан сокин бўлиши мумкин, чунки Кремл бу ҳолатни ички ва ташқи аудиторияга “биз уруш орқали Украинани НАТОдан узоқлаштирдик, Донбассни қўлга киритдик”, деган сиёсий ютуқ сифатида тақдим этиши мумкин.

Ҳозирда Донбасс ҳудудида қуролланган йирик ҳарбий кучларни сақлаб қолмаслик, уларни ҳудуддан чиқариш ёки чекка зоналарга жойлаштириш масаласи кун тартибида турибди. Аммо бу масалалар ҳозирча жуда хом ҳолатда. Фронт чизиғида ҳали кўплаб келишилмаган нуқталар мавжуд ва уруш тўхтатилган тақдирда ҳам, ўқ узиш ва провокациялар давом этиши эҳтимоли юқори.

Ҳудудий масала – энг муҳим муаммолардан бири. Қайси шаҳар ёки қишлоқ қайси томон назоратида қолиши ҳозирча аниқ белгиланмаган. Музокараларда “Донбасс” атамаси умумий тарзда ишлатилмоқда, ҳолбуки Донбасс фақат битта маъмурий ҳудуд эмас. У Донецк ва Луҳанск вилоятларининг муайян қисмларини ўз ичига олади ва айнан шу ҳудудлар бўйича харитада ҳали кўплаб ноаниқликлар мавжуд.

Шунга қарамай, тинчлик музокаралари ҳар икки томон учун ҳам манфаатли. Россия ҳам, Украина ҳам бугунги кунда ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан ҳолдан тойган. Шу сабабли мавжуд имкониятдан урушни тўхтатиш йўлида жиддий фойдаланишга ҳар икки томон ҳам уриниши эҳтимолдан холи эмас.

Санжарбек Рашидов: Менимча, ундай эмас. Украинанинг НАТОдаги каби хавфсизлик кафолатларига эга бўлиши – Путин учун орқага чекиниш билан тенг. У 2007 йилда Мюнхенда сўзлаган нутқида НАТО қўшинларининг Шарқий Европа орқали Россия чегараларига яқинлашиши Москванинг ҳаётий манфаатларига зид эканини таъкидлаган ва шу позицияда турибди.

Берлиндаги музокараларда Америка томонидан Украинага қаттиқ босим ўтказилди. Доналд Трамп 25 декабргача урушни тугатишга ва Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим қилишга ваъда берди. Таклиф шуки, Украина Донбасснинг ўз назоратида қолаётган қисмларини Россияга бериб, ўзининг қолган 80 фоиз ҳудуди устидан суверенитетни сақлаб қолади ва НАТО аъзосига айлантирилмай, 5-моддага ўхшаш хавфсизлик кафолатини олади.

Аммо Путин бунга рози эмас. Россия Ташқи ишлар вазирлиги 15 декабр куни Америкага хавфсизлик кафолатлари бўйича ўз таклифини тақдим этди. Бу 9 банддан иборат ҳужжатда НАТОнинг шарққа кенгайишини Россия қабул қилмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилган. Путин ҳокимиятда қоларкан, бу позиция ўзгармайди. Агар Украина 5-моддага биноан кафолатларни олса, Россия назарида бундай кафолатни кейинчалик Грузия каби бошқа давлатлар ҳам талаб қилиши мумкин. Шу боис, 5-моддага ўхшаш кафолатни Россия қабул қилмаса керак деб ўйлайман.

Агар Украина шундай кафолатларни олса, бу – Россиянинг Украинага кейинги эҳтимолий ҳужумлари кафиллик берган барча давлатларга ҳужум сифатида баҳоланишини англатади. Бу эса жуда хавфли вазиятга олиб келади, чунки НАТО билан Россия ҳали юзма-юз тўқнаш келмаган. Россия элитаси бу хавфни яхши тушунади ва шунинг учун бундай кафолатларни қабул қилмайди.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид