Ўзбекистон | 09:31 / 15.12.2020
6316
2 дақиқада ўқилади

Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи ташкил этилади

Қорақалпоқ халқининг буюк шоири ва адиби Бердақнинг бой тарихий ижоди ва даврини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш мўлжалланган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Нукус шаҳрида юридик шахс мақомига эга бўлган Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейини давлат муассасаси сифатида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Нукус шаҳар, “Курылысшы” МФЙ, 1-уй манзилида жойлашган бино-иншоотлари мол-мулки ва моддий бойликлари билан бирга музейга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз ўтказиб берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Маданият вазирлиги билан биргаликда:

  • ташкил этилаётган музейнинг асосий вазифасидан келиб чиқиб, Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи тўғрисидаги янгиланган низомини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
  • музейнинг штат жадвали белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайди;
  • музейга замонавий интерфаол ахборот-технологияларни жорий этиш чораларини кўради.

Қуйидагилар музей фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

  • Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети маблағлари;
  • ўз фаолиятидан тушадиган даромадлар;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилишича:

  • музей фаолиятини ташкил этиш ва сақлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади;
  • 2021 йилдан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан назарда тутилади;
  • музейга штат бирликларини ажратиш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари бўйича Маданият вазирлиги тизимидаги музейлар учун белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид