Жаҳон | 08:45 / 19.12.2025
1501
3 дақиқада ўқилади

Трамп 2026 йил учун АҚШнинг рекорд мудофаа бюджетини имзолади

901 млрд доллар ҳажмидаги АҚШ мудофаа бюджети “уруш вазирлиги”га “Куч орқали тинчлик” сиёсатига амал қилиш имконини беради, деди ҳужжатни имзолаган Доналд Трамп.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатнинг 2026 молия йили учун мудофаа бюджетини имзолади. Унда ҳарбий харажатлар рекорд миқдор — 901 млрд доллар (тахминан 770 млрд евро) этиб белгиланган. Бу ҳақда Оқ уй 18 декабр, пайшанба куни хабар берди.

“Миллий мудофаа тўғрисидаги қонун (National Defense Authorization Act, NDAA) “уруш вазирлиги”га “Куч орқали тинчлик” деб номланган сиёсатимни амалга ошириш, ватанни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳамда мудофаа-саноат базасини мустаҳкамлаш имконини беради, айни пайтда эса ҳарбийларимиз жанговар руҳини сусайтирувчи исрофгарчилик ва радикал дастурларни молиялаштиришни тўхтатади”, — дейилади Трампнинг Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотида.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси NDAA'ни 11 декабрда маъқуллаган, 17 декабрда эса қонун Сенат томонидан қабул қилинган. Ҳужжат, жумладан, ҳарбий хизматчилар маошини 3,8 фоизга оширишни, ҳарбий техника харидини ва АҚШнинг асосий рақиблари — Хитой ҳамда Россияга нисбатан рақобатбардошлигини кучайтириш чораларини назарда тутади.

Жумладан, 2026 йил мудофаа бюджети Европада хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор нормаларни ҳам ўз ичига олади — бу эса Трамп ой бошида тақдим этган АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясига зид келади. Умуман олганда, 901 млрд долларлик сумма президентнинг ушбу мақсадлар учун сўраган маблағидан 8 млрд долларга кўп.

Оқ уй раҳбари Конгрессдан 2026 йил учун ҳарбий харажатларга 892,6 млрд доллар ажратишни сўраган эди. Сенат аввалбошда уларни 925 млрд долларгача оширишни таклиф қилди, Вакиллар палатаси эса Трамп таклифидаги суммага тенг миқдорни илгари сурган. 2025-молия йилида (у 30 сентябрда якунланган) АҚШ мудофаа бюджети 884 млрд доллар бўлган.

Ҳужжатда Украина қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланган. Қонун Украина хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш ташаббуси (Ukraine Security Assistance Initiative, USAI) доирасида 800 млн доллар ажратилишини кўзда тутади — кейинги икки йилда ҳар йили 400 млн доллардан. Бу маблағлар Америка компаниялари орқали Украина Қуролли кучлари учун қурол харид қилишга йўналтирилади.

Яна 175 млн доллар Болтиқ давлатлари — Эстония, Латвия ва Литванинг мудофааси учун ажратилади. Бундан ташқари, қонун АҚШ Мудофаа вазирлигининг Европадаги америкалик ҳарбийлар сонини 76 000 нафардан камайтирадиган қарорлар қабул қилиш имкониятларини чеклайди. Европадаги АҚШ қўмондонига НАТОнинг Олий бош қўмондони лавозимидан воз кечиш тақиқланади.

Қонун лойиҳасида Трамп таклиф қилган АҚШ Мудофаа вазирлигини “уруш вазирлиги” деб қайта номлаш ғояси тилга олинмаган. Гарчи АҚШ маъмурияти аллақачон бу номдан фойдаланаётган бўлса-да, мудофаа вазири Пит Ҳегсет ўзини “уруш ишлари бўйича давлат котиби” деб атаётганига қарамай, расмий ўзгартиш Конгресс томонидан тасдиқланиши керак.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид