Ўзбекистон | 08:45 / 05.09.2020
5589
6 дақиқада ўқилади

Ўрмон хўжалиги техникуми ташкил этилади

Ўрмон хўжалиги соҳасида илм-фан билан ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, таълим жараёнига замонавий ахборот ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда илғор хорижий тажриба бўйича етарли билим ва малакаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида Ўрмон хўжалиги техникуми фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Дархон қўрғони, Чимкент йўли кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган Тошкент тумани ўрмон хўжалиги коллежи негизида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Ўрмон хўжалиги техникумини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Техникум республикадаги ўрмончилик йўналиши бўйича таянч ўрта махсус профессионал таълим муассасаси ҳисобланиб, олий таълим муассасаларининг ўрмон хўжалиги соҳасидаги мос таълим йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилади.

Техникумда таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларини жорий этиш, мувофиқлаштириш, методик ёрдам кўрсатиш Тошкент давлат аграр университети ва ушбу йўналишлар бўйича раҳбарлик қилиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Қуйидагилар Техникумнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ўрмон хўжалиги соҳаси ва тармоқлари учун таълимнинг халқаро таснифлагичи 5-даражаси билан уйғунлашган миллий профессионал стандартларга мос ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш;

ўрмон хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксизлиги ва узвийлиги асосида ўрта махсус профессионал таълим даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган (Associate degree) дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш;

Халқаро таснифлагич даражалари билан уйғунлашган табақалаштирилган таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

ўрмонлар барпо этиш, асраш, кўпайтириш, муҳофаза қилиш, ўрмон флора ва фаунаси, соҳани рақамлаштириш, агробизнес, маркетинг, логистика, қишлоқ хўжалиги ва органик маҳсулотларни ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, шунингдек, экотуризм ва ов хўжаликларини ташкил этиш бўйича зарур билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш;

хорижий ва маҳаллий илмий-тадқиқот ҳамда олий таълим муассасаларида, илғор тажриба ва технологияларга эга ишлаб чиқариш корхоналарида педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини ривожлантириш мақсадида илғор технологиялар асосида фаолият юритаётган хўжалик субъектларида уларнинг амалиётларини ташкил қилиш, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш;

ўқувчиларда ватанпарварлик ва фидойиликни шакллантирувчи миллий ўзликни англаш, халқнинг маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, ватан билан ғурурланиш руҳида тарбиялаш.

Техникум Тошкент тумани ўрмон хўжалиги коллежининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Тошкент тумани ўрмон хўжалиги коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди, асосий воситалар ва товар-моддий бойликлари оператив бошқариш ҳуқуқи билан Техникумга бепул берилади.

Белгиланишича:

Техникумга ўқувчиларни қабул қилиш квоталари ва таълим йўналишлари истисно тариқасида 2020/2021 ўқув йили учун тасдиқланади;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжлари асосида шакллантирилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;

турдош таълим муассасалари томонидан ўрмон хўжалиги соҳасидаги касблар ва мутахассисликлар бўйича қабул квоталари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

Техникумда ўрта махсус профессионал таълим даражасида кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичининг камида 3-ёки 4-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган ёки умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи асосида касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда ташкил этилади;

Техникумда юқори малакали педагог-ходимлар таркибини шакллантиришда таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш мақсадида қўмита тизимидаги илмий ташкилотлар ҳамда аграр соҳадаги олий таълим муассасаларининг турдош кафедралари профессор-ўқитувчиларига устунлик берилади;

Техникумни ўрмон хўжалиги соҳаси бўйича муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади;

Техникум Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисоб рақамларига эга бўлади;

Техникумни жорий сақлаш, фаолият юритиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, тўлов-контракт, хомийлик ва грант маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Техникум директори Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосарининг тавсиясига кўра Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид