Жаҳон | 23:13 / 14.11.2023
16751
3 дақиқада ўқилади

Россияда рус тили давлат тили бўлмаган мамлакат фуқароларига баъзи касбларда ишлашни тақиқлаш таклиф этилди

Уларга мижозлар билан мулоқот қилишни назарда тутувчи касбларда, жумладан, такси ҳайдовчиси, сотувчи ва курйер сифатида ишлашни тақиқланиши мумкин.

Фото: ТАСС

Рус тили давлат тили бўлмаган мамлакатлар фуқаролари мижозлар билан мулоқот қилишни назарда тутувчи касбларда, жумладан, такси ҳайдовчиси, сотувчи ва курйер бўлиб ишламаслиги керак. Бу ҳақда Россия Давлат думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой Федерация Кенгашидаги парламент эшитувларида айтиб ўтди.

«Агар рус тили сизнинг давлат тилингиз бўлмаса, кечирасиз, бу мамлакатлар фуқаролари жамоат жойларида ишламаслиги керак: ҳайдовчи, сотувчи ва айниқса Yandex курьерлари сифатида. Бундай масъулиятли иш улар учун эмас», деди Толстой.

Давлат думаси раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, хорижий мамлакатларда «фарзандларини Россия элчихоналари қошидаги рус мактабларига беришни хоҳлайдиган маҳаллий аҳоли кўп, аммо қонун бунга рухсат бермайди. «Биз буни ўзгартиришимиз керак», — дейди Пётр Толстой.

Кейинроқ у «рус тили барча собиқ иттифоқ республикалари ҳудудида миллатлараро мулоқот тили бўлиши керак»лигини айтиб навбатдаги баёнотини берди.

«Афсуски, бугунги кунда Россия муҳожирларга нисбатан пассив позицияда. Биз собиқ совет республикаларидан фуқароларни қабул қиламиз — улар қурилиш соҳасида хорижий мутахассислар сифатида келишади. Бир ҳафта ўтгач, юқори технологияли Yandex компаниясининг логистика ва курьерлик хизматлари соҳасида ажралмас ходим бўлиб ишга олинади: сўнг оилаларини олиб келишади — болалари рус мактабларига боради. Ва ҳаммаси яхшидек, лекин… Бу жараён „рус тили имтиҳони“ деб номланувчи профанация фонида содир бўлади. Ундан ўтган юқори малакали мутахассислар, аслида, рус тилини билишмайди. Ва бу худди шу ҳуқуқбузарликлар содир этилганда аниқ бўлади — мигрантлар биринчи навбатда таржимонни талаб қилади, чунки «улар рус тилини тушунмайди», — дейди депутат.

У «бу муаммони тизимли равишда ҳал қилиш»га чақирган.

«Собиқ СССР мамлакатларида рус мактаблари тизимини ривожлантириш муҳимдир. Бугунги кунда рус тили миллатлараро мулоқот тили сифатида фақат Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистонда қўлланади. Аммо Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда-чи, йўқ. У ерда рус-тузем мактабларини қуриш, 90-йилларда „ўлдирилган“ совет интеграция тизимини ривожлантиришни бизнинг ҳисобимиздан эмас, юқорида қайд этилган давлатларнинг фуқаролари Россияда ишлаб топиб, ватанига юборадиган даромадлари ҳисобидан мустақил равишда амалга оширишини таклиф қиламан», — деган у.

Маълумот учун, Россиядан ташқари, рус тили Беларусда, шунингдек, тан олинмаган Жанубий Осетия ва Днестрбўйи республикаларида давлат тили мақомига эга. Қирғизистонда рус тили маълум чекловлар билан расмий мақомга эга, тан олинмаган Абхазияда ҳам вазият худди шундай.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид