Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нима учун мен Вестминстер магистратурасини танладим?
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер унивеситети (ТХВУ) мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртларидан бири бўлиб, ўз билим доираларини кенгайтиришни истаган талабгорларга магистратура курсларида таҳсил олиш имкониятларини беради. Магистратура курсларининг мослашувчан жадвали - кундузги ва кечки дарсларнинг мавжудлиги талабаларга ўқув ва иш фаолиятини бирдек олиб боришга имкон яратади.
Тошкент шаҳридаги Ҳалқаро Вестминстер университети Бизнес бошқаруви, Тижорий хуқуқ, Амалий иқтисодиёт ва Ўқитувчиларни малакасини ошириш махсус курс йўналишлари бўйича магистратура курсларини таклиф этади.
Қуйида магистратура талабалари ва битирувчилари нега айнан ТХВУ магистратура дастурида ўқишни танлаганликларини сўзлаб беришди.

Шаҳноза Мирҳайдарова, магистратуранинг Халқаро Бизнес Бошқаруви йўналиши талабаси
Мен логистика компаниясига раҳбарлик қиламан ва менеджер сифатида мен аввало ходимларни ишга олиш ва жамоа билан муносабатларни қандай тўғри ташкил этишни билишим керак. Бу борада менга магистратуранинг биринчи йилида ўтилган Кадрларни бошқариш фани жуда катта ёрдам берди. Қўлга киритилган билимларни амалда синаш орқали корпоратив маданият даражасини ҳамда ишчиларни рағбатлантириш тизимини оширишга муваффақ бўлдим ва бу ўз навбатида ходимларимнинг самарадорлигини оширишга ёрдам берди. Бундан ташқари, Бизнес бошқаруви дастуридан ўрин олган маркетинг фани ҳам ўз соҳамни чуқурроқ тушунишга ва бозорнинг ўрганилмаган қирраларини топишда катта рол ўйнади.
Тошкент шаҳридаги Вестминстер университетини магистратура учун танлаганимнинг яна бир асосий сабаби бу ўқув даргоҳида ўзига хос бўлган илиқ ва дўстона муҳитдир. Ўқитувчиларнинг интерактив ўқитиш усулларини қўллаши, уларнинг талабалар билан очиқ мулоқотга доим тайёрликлари талабаларни улар билан бўладиган мулоқотида қийинчилик туғдирмайди. Шахсан мен бу нарсани университет танловида энг муҳим омил деб ҳисоблайман.

Алишер Суюнов, магистратуранинг Амалий Иқтисодиёт йўналиши битирувчиси
ТХВУ талабаларга мустақил ўқиш ва ривожланиши учун ажойиб муҳит яратиб беради. Маъруза ва дарсликларни ўқитиш тезлиги талабаларнинг ўрганиш салоҳияти тезлигига қараб тартибга солинади ва бу ўз навбатида талабаларда амалий кўникмалар пайдо бўлишини таъминлайди. Таълим жараёнида сиз танқидий фикрлаш қобилиятларини ривожлантирасиз, бу эса ностандарт ечимларни топишда, мавжуд ижодий кўникмаларни яхшилашда ёрдам беради. Чунки сиз нарсаларга турли нуқтаи назардан қарашга, маълумотлар манбаининг ҳақиқийлигидан тортиб то фуқароларнинг ҳаётига ва уларнинг фаровонлигига таъсир қилувчи ҳар бир қарорнинг потенциал самарадорлигини таҳлил қилишга ўрганасиз.
Биринчи курс охирида Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти (IFPRI-АҚШ) ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Марказий Осиё ёш иқтисодчилар минтақавий тренингида иштирок этиш имкониятига эга бўлдим. Тренингни якунлаганимдан сўнг танловда муваффақиятли қатнашиб, Вашингтон шаҳридаги IFPRI штаб квартирасида амалиёт ўтиш имконини қўлга киритдим. Мен Вашингтонда глобал таъсирга эга бўлган тадқиқотларни олиб боришда кучли амалий тажриба орттирдим. Ўйлайманки, университетдаги амалиётлар, халқаро конференциялар ва тренингларда иштирок этиш касбий ривожланиш ва ишбилармонлик истиқболлари учун ажойиб имкониятдир. Бу талабаларнинг мустақил нуқтаи назарини шакллантиради ва ижтимоий фикрлаш доирасини кенгайтиради.

Жавоҳир Каримов, Ҳалқаро Тижорий Ҳуқуқ магистратура йўналиши талабаси
Мен тижорат ишлари бўйича “Denton’s” компаниясида мутахассисман. Мен Тошкент Давлат юридик университетида бакалавр даражасини олганман, аммо ўқув режасида инглиз қонунчилигини ўрганмаганман. Ҳозирда мен ишлаётган компанияда мижозлар билан ишлашда инглиз қонунчилигига асосан шартномалар тузишади, шунинг учун Тошкент шаҳридаги Вестминстер университетида магистратурада ўқиш менга катта ёрдам бўлди, инглиз қонунчилигини асосий тамойилларини ўрганишга имкон берди. Бугунги кунда, мен чет эллик мижозлар билан ишлашда, шартнома тузиш ва муайян ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда инглиз қонунчилигини қандай қўллашни биламан.
Ўқув жараёнининг ўзи стандарт таълим тизимидан катта фарқ қилади. Университетдаги таълим муҳити танқидий идрок қилиш, талабаларни фикрини асослаш, вазиятни ҳар томонлама таҳлил қилишга рағбатлантиради. Бундан ташқари, мустақил ўқувга барча шарт-шароитларни яратилган. Мисол учун, ўқув-ресурс маркази – кутубхона томонидан тақдим этилган хизматларнинг барчаси талабанинг мустақил таълим олиши учун йўналтирилган. Кутубхона ходимлари тезда сизга тегишли бўлган ресурсларни топиш ёки маслаҳат беришда катта ёрдамчидир.

Азизахон Ҳакимова, Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш махсус курси битирувчиси
Ушбу курс менинг таълим олиш ва билим бериш ҳақидаги тасаввуримни янада чуқурроқ англашга ёрдам берди. Семинар ва амалиёт давомида ўтказилган суҳбатлар, баҳс-мунозаралар дарс бериш методологиясида ҳилма-хиллик, эркин фикрлаш, ижодий ёндашишнинг қанчалик муҳимлигини яққол кўрсатди. Ҳар бир семинар талабани қизиқтирадиган интерактив суҳбат, мунозара, ўйин ва гуруҳ иши шаклида ўтказилди. Курс қўлланмаси ва дарслар режаси талабаларга оғзаки ва ёзма равишда тақдим этилди. Курс давомида ҳар бир талабадан тушган таклиф ўқитувчилар томонидан бефарқ қолдирилмагани менга жуда ҳам маъқул келди.


Магистрлик курсларида ўқиш учун www.wiut.uz веб-сайтимиз орқали 2019 йил 26 августга қадар ариза беришингиз мумкин.
Қўшимча маълумот учун: +99871 238 74 45
Реклама ҳуқуқи асосида