«Асака» банк пандемияда қандай ўзгармоқда? Банк раҳбарияти билан суҳбат
Kun.uz пандемия ва иқтисодий инқироз масалаларига оид суҳбатларни давом эттириб, «Асака» банк Бошқарув Раиси ўринбосари Абдуллаев Бобохон Рустамович билан суҳбат уюштирди. Унда банк раҳбариятининг пандемиядаги танлови, кредит таътиллари, маблағ ажратиш ва молиялашнинг янги усуллари ҳақида маълумот берилган.
– Пандемия даврида бутун дунё бошқа тартиб ва қоидалар билан яшашга мажбур бўлди. Хусусан, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва банк фаолияти ҳам бундан мустасно эмас. Айни пайтда сизнинг раҳбарлигингизда «Асака» банкида ишлар қандай ташкил этган?
– Шубҳасиз, биз биринчи навбатда карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда ишларни ташкиллаштирмоқдамиз. Ходимлар асосан масофадан туриб ишлаяпти. Банкда бўлиши зарур бўлган фронт-офис ходимлари эса махсус кийим ва индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминланган. Бош офис ва Банкнинг барча филиалларида барча хоналар, шунингдек, транспорт воситалари ҳам мунтазам дезинфекция қилиняпти. Кассага келиб тушган нақд пулларга кимёвий ишлов берилгач, сақлаш учун омборга туширилмоқда.
Бундан ташқари, таътилга чиқишига тўғри келган ходимларимизни ҳам унутиб қўйганимиз йўқ. Улар учун онлайн тренинглар ва банк соҳаси қонунчилиги, ички корпоратив маданият ва одоб, хизмат кўрсатиш стандартлари, бугунги кун билан боғлиқ бўлган кўплаб долзарб масалаларни кенг қамраб олган вебинарлар ташкиллаштирилмоқда. Юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, Банкимиз мижозлари, умуман Ўзбекистон аҳолисига онлайн хизматларимиздан фойдаланишни тавсия қиляпмиз.
Бунинг учун барча шароитлар яратилган. Asaka mobile, Asaka business, My Asaka web мобил иловаларимиз ёрдамида банкимиз мижозлари уйдан чиқмай туриб осонлик билан турли тўловларни амалга ошириши, халқаро пул ўтказмаларини олиш, омонат ёки овердрафтни расмийлаштириш, пластик карталарини бошқаришлари мумкин. Шунинг билан бирга, Асака банкининг Алоқа маркази кучайтирилган тартибда ишламоқда. Мутахассисларимиз куну-тун мижозларнинг турли саволларига жавоб бериб, ҳар бир масалани ҳал этишга тайёр туришибди.
Бундан ташқари, Банк Телеграм-чати фаолияти йўлга қўйилган. Агар банкка келиш эҳтиёжи туғилган тақдирда ҳам барча ҳавфсизлик чоралар кўрилган. Биз учун ҳар бир мижозимизнинг соғлиғи ўта муҳим.
– Коронавирус туфайли юзага келган қийин вазиятда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар ҳам молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу билан бирга, айрим шахсларнинг тўлов мажбуриятлари сақланмоқда. «Асака» банк мижозлари учун бу шароитда қандай енгилликлар тақдим этилди?
– Мижозлар қийин вазиятда қолишининг олдини олиш мақсадида кредит таътиллари эълон қилдик. Бунинг учун банкка келиш шарт эмас. Ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимиз орқали мижозларимиз, жисмоний ёки юридик шахс бўлишидан қатъий назар истаган хизмат туридан масофадан туриб фойдаланиши мумкинлигини эслатиб ўтяпмиз. Бунинг учун юқорида айтиб ўтганимиздек, Asaka mobile, Asaka business, My Asaka web иловаларимиз бор.
Масалан, юридик шахслар Asaka business мобиль иловаси ёрдамида компания ёки фирмаларнинг ҳисоб рақамларига осонлик билан пул ўтказиш, ходимларнинг иш хақини тўлаш, ўз ҳисоб рақамларидаги операцияларни кузатиб бориш, корпоратив карталарни тўлдириш ва бошқа операцияларни амалга ошириш мумкин. Жисмоний шахсларнинг муддати тугаган омонатларининг мухлати бир томонлама тартибда узайтирилди ва фоизлар тўлаб бориляпти. Бундан ташқари, биз пластик карточкаларни он-лайн очиш ва табиийки, уни мижозларнинг уйига етказиб бериш тизимини йўлга қўйдик.
– Бундан кейин ҳам, аҳоли ва хусусий секторнинг маблағга бўлган эҳтиёжи кўпайиши мумкин. Шунингдек, арзон кредитга бўлган талаб ошади. Банк бунга тайёрми, кредит ажратишда ресурслар етишмовчилиги муаммоси бўлмайдими?
– Яқинда Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки фоизлар бўйича асосий ставкани 16 фоиздан 15 фоизга туширди. Бу умуман олганда кредитлар фоизи бироз пасайишига хизмат қилади. Бироқ, унутмаслик керакки, кредитлар бўйича ставкалар ҳажми, маржани ҳисобга олмаганда истаган хизмат тури сингари яъни маълум махсулот ёки хизмат турининг таннархидан келиб чиқади. Бундан ташқари, бозор иқтисодиёти ва очиқ рақобат шароитида бозор коньюктураси махсулот ёки хизматнинг якуний нархига ўз таъсири ўтказмай қолмайди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ҳукумати томонидан аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вақтида зарур чоралар ишлаб чиқилди. Фоиз ставкаларини компенсациялаш тизими бунга яққол мисол бўла олади. Шу сабабли арзон кредитлар сиёсати ҳақида гапиришга эрта деб ўйлайман.
Бугунги кунда мижозларимизнинг пул оқимларидаги бўшлиқни бартараф этиш мақсадида биз айланма маблағлар учун револьвер кредитлари билан бизнес субъектларини фаол қўллаб-қувватлаяпмиз. Илгари бошланган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда давом этяпмиз. Умуман олганда кредитларга, хусусан чакана кредитларга талаб ортиши банк тизими ривожланган истаган иқтисодиёт учун табиий ҳол саналади. Асосийси бу эҳтиёж «соғлом» бўлиши, яъни кредитлар олиш осонлиги (нархи, ҳажми ва ҳ.) учун эмас, мақсадли, аниқ бир молиявий ёки моддий талабларни қондириш учун бўлиши керак. Шубҳасизки, қарз олувчининг масъулиятини ошириш ва тўлов маданиятини ривожлантириш ҳам муҳим жиҳатлардан саналади. Мана шундай шароитда кредит ресурслари танқислиги юзага келиши эҳтимоли ўз-ўзидан йўқолади.
– Инқироз даврида револьвер кредитлари ажратиш кўзда тутилган. Бу ҳақида маълумот берсангиз.
– Револьвер кредитининг принципи қуйидагилардан иборат: қарз олувчи банкнинг кредит лимити доирасида пул маблағларидан фойдаланади ва кредит сўндирилиши биланоқ, тўлдирилган сумманинг лимити қайта тикланади. Бундай кредитлаш воситаси уни таъминлайдиган банк учун ҳам, қарз олувчилар учун ҳам жуда қулайдир, чунки у вақтинча пул оқими тақчиллигини қоплашга имкон беради. Юқорида айтиб ўтганимдек, «Асака» банк ушбу турдаги молиялаштиришни ўз мижозларига кенг қўлламоқда.
– Келгуси режада қандай ўзгаришлар кутиш мумкин? Банк мижозлари учун тавсия ва маслаҳатларингиз.
– Коронавирус пандемияси, мавжуд ҳаёт тарзи ва тартибига бошқача назар билан қарашга мажбур қилди. Назаримда, сезиларли иқтисодий йўқотишлар, ижтимоий чекловлар ва бошқа салбий омилларга қарамай, бу инқироз барча тизимларнинг ҳимоясизлигини кўрсатди. Айнан шу омил яқин келажакда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга инвестиция киритиш зарурлигини исботлаб берди. Қисқа вақт ичида барча соҳалар, шу жумладан банк фаолияти бизнес жараёнларини рақамлаштиришнинг нақадар муҳимлигини ҳис қилдирганига гувоҳ бўлдик.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан барча соҳаларда, шу жумладан банк-молия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Банкимизда трансформация жараёнлар кечаётган бўлиб, замон талаблари даражасида иш юритиш, халқаро муносабатларни ривожлантириш, капиталлаштириш, ресурс базаси ва даромадлилик даражасини оширишга йўналтирилган кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Банк процедураларини соддалаштириш бўйича қатор ишлар қилинмоқда. Аҳолига чакана банк хизматларини кўрсатиш тизими жадал ривожланмоқда, биз филиаллар сонини кўпайтирмасдан кўп сонли мижозлар билан ишлашга имкон берувчи янги инновацион платформалар ва тизимлар яратмоқдамиз.
Келгусида бизнинг барча филиалларимиз мижозларнинг янги эҳтиёжларига банк соҳасини глобал миқёсда рақамлаштиришни ҳисобга олган ҳолда функционал равишда мослаштирилади. Банк инвестиция ва Ватанимиз иқтисодиётини ривожлантириш жараёнларидаги фаоллигини давом эттиради.
Сўзим якунида жамоамизда ишловчи ҳар бир шахс номидан Банкнинг кўп йиллик фаолияти давомида муваффақиятли одимлаши учун ишончли замин яратган шерикларимизга, акциядорларга, мижозларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман!
Чин қалбимдан аввало саломатлик, профессионал фаолиятингизда муваффақиятлар, сизга ҳамда яқинларингизга хотиржамлик ва фаровонлик тилайман.
Муборак Рамазон ойи билан табриклайман.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
19:07 / 27.10.2020
«Асака» банк: «Тошкент металлургия заводи» банкнинг йирик молиявий лойиҳаси
15:15 / 18.09.2020
«Асака» банк: Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан 50 млн долларлик битим имзоланди
20:30 / 07.09.2020
«Асака» банк Бошқарув раиси ёш ходимлар билан онлайн учрашув ўтказди
09:00 / 13.08.2020