Ўзбекистон | 08:31 / 09.04.2021
18796
3 дақиқада ўқилади

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча имтиёзлар тақдим этилади

Президентнинг «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2021 йилда дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштиришнинг манбалар кесимидаги мақсадли параметрлари;
  • 2021 йилда дастурлар доирасида лойиҳаларни кредитлашнинг ҳудудлар кесимидаги мақсадли параметрлари.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилишга йўналтирилган дастурларга қуйидагилар киритилган:

а) «Ҳар бир оила − тадбиркор» дастури;

б) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини, шунингдек хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурлари;

в) ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури;

е) бандликка кўмаклашиш дастури.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинади.

«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга ажратилган кредитлар мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш масъулияти тижорат банклари билан бирга мос равишда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун:

а) Молия вазирлиги 1,3 трлн сўм миқдоридаги маблағни ваколатли банкларнинг устав капиталини оширишга, шу жумладан «Агробанк» АТБга − 700 млрд сўм, «Микрокредитбанк» АТБга − 400 млрд сўм ва АТ «Халқ банк»га − 200 млрд сўм йўналтиради;

б) Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси уч йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга:

  • ваколатли банкларга 1,6 трлн сўмлик кредит ресурслари ажратилишини таъминлайди;
  • АТ «Алоқабанк»га − асаларичиликни ривожлантириш учун 5 млн АҚШ доллари эквивалентида ва «Туронбанк» АТБга тадбиркорлик субъектларининг 10 сотихдан кам бўлмаган майдонларда лимончиликни ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун 8 млн АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилишини таъминлайди.

Тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар МБнинг асосий ставкаси доирасида белгиланади. Тижорат банкларига ресурслар МБнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст даражада ажратилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид