Ўзбекистон | 14:07 / 08.10.2019
24617
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хусусий пенсия жамғармалари ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда хусусий пенсия жамғармаларининг пайдо бўлиши учун қонунчилик базасини шакллантириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, 7 октябрь куни президент билан йиғилишда пенсия ислоҳоти масаласи кўтарилган, унинг доирасида келгуси йил охирига қадар Ўзбекистонда хусусий пенсия жамғармалари пайдо бўлиши мумкин. 

«Биз Молия вазирлиги билан яқиндан ишлаймиз. Ўйлашимча, келгуси йил охирига қадар жиддий ўзгаришлар ва фундаментал қонун лойиҳаларининг дастлабки вариантлари пайдо бўлади», - деди Назиров Kun.uz мухбирига.

Унинг таъкидлашича, бутун дунёда пенсия жамғармалари аҳоли жамғармаларини шакллантиришнинг асосий омили ҳисобланади.

«Бизда бундай амалиёт ҳали мавжуд эмас ва президент жаҳондаги энг яхши тажрибани ўрганиш ҳамда Ўзбекистонда пенсия ислоҳотининг қандай моделини таклиф қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди», - дея қўшимча қилиб ўтди агентлик раҳбари.

«Бу бошқа мамлакатларда қандай амалга оширилади? Киши пенсия ҳисобварағига пулларини қўйганида, улар солиққа тортилмайди. Яъни, сиз солиқ базангизни пасайтирмоқдасиз. Фуқарода пул тежаш учун тўғридан-тўғри рағбат пайдо бўлади. Бу пуллар кейинчалик қимматли қоғозларга фонд бозори орқали киритилади», - деди Назиров.

Агентлик бошқарма бошлиғи Турсун Маҳкамовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда хусусий пенсия жамғармалари пайдо бўлса, аҳоли ўз жамғармаларини қаерда сақлаши ва улар орқали пул ишлаши мумкинлигини ҳам танлаши мумкин бўлади.

«Бу ихтиёрий бўлади ва сиз келажакда пулларингиз қай тарзда қайтарилишини билиб турасиз, омонатларингиз қанчалик ўсаётганини кузатишингиз ёки уларни бошқа пенсия жамғармасига ўтказишингиз мумкин бўлади. Агар ҳозир давлат сизнинг кексалигингиз ҳақида ўйлаётган бўлса, кейинчалик омонатларингизни ўзингиз бошқариш имконига эга бўласиз», - дея таъкидлаб ўтди у.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид