Ўзбекистон | 12:57 / 24.05.2021
5107
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Асадов: «Илик кўчириш амалиётларини келаси йилдан ўтказиш режа қилинмоқда»

Президент матбуот котиби илик кўчириш амалиётларига давлат кўмаги бўйича маълумот берди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун ўтказилган анъанавий брифингда бошланган ҳафтада давлат раҳбари иштирокида қандай тадбирлар режалаштирилгани тўғрисида маълумот берди. Тадбир якунида журналистларнинг саволларига ҳам жавоб қайтарилди.

Kun.uz сайти мухбири Аброр Зоҳидов президент матбуот котибига қуйидаги савол билан мурожаат қилди:

“Маълумки, давлат раҳбари ҳайит кунларида онкология ва гематология шифохоналарига ташриф буюрди. Ташриф чоғида илик кўчириш операцияларининг 50 фоиз тўлови давлат томонидан қоплаб берилиши маълум қилинди. Ҳозирда кўпчилик ота-оналарни шу савол қизиқтирмоқда – бу режа қачон амалга ошади ва маблағ масаласида кимга мурожаат қилиш керак?”

“Илик кўчириш бу жуда мураккаб тиббий амалиёт бўлиб, бунинг учун юқори технологик лаборатор асбоб-ускуналар, жуда малакали мутахассислар керак. Биздаги маълумотларга қараганда, фуқаролар ҳозирда бу операция учун Ҳиндистондаги клиникаларга мурожаат қилмоқда. Ҳиндистонда бу амалиёт бошқа жойларга қараганда арзон – 30-50 минг долларгача. Чунки, Европа давлатларида бу амалиёт 100 минг доллардан ортиқ. Бу катта пул. Бунча маблағни топиш касалликка чалинган болаларнинг ота-оналари учун оғирлик қилади.

Шу боис, давлатимиз раҳбари тиббиётнинг бундай амалиётларини ўзимизда йўлга қўйиш, беморларга, уларнинг ота-оналарига енгиллик яратиш мақсадида амалиётлар 50 фоизини давлат ҳисобидан қоплаб бериш топшириғини бердилар.

Ҳозирда Гематология маркази ва Россиянинг Д.Рогачев номидаги болалар гематология, онкология ва иммунология институти ўртасида илик кўчиришда янги даво усулларини татбиқ қилиш бўйича меморандум имзоланди. Меморандум асосида юртимиз мутахассислари хорижий тажриба ўрганишга, малака оширишга жўнатилади. Шундан кейин ўзимизда жорий қилинади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, илик кўчириш амалиётларини юртимизда келаси йилдан ўтказиш режа қилинмоқда.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган ва доимий назоратда бўлган эҳтиёжманд болалар рўйхати шакллантирилиб, уларни Германиядаги “Шерите” клиникаси, Россиядаги Д.Рогачев ва Н.Блохин клиникаларига даволаниш учун юбориш режалаштирилган. Бунга сарфланадиган харажатлар бир қисмини қоплаб бериш масаласи ҳам ҳозирда кўриб чиқилмоқда”, дея жавоб берди Шерзод Асадов.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид