Жамият | 13:25 / 26.05.2021
13873
4 дақиқада ўқилади

Бир кунда камида 4,5 млн сўмлик маҳсулот сотамиз — Томорқада қулупнай етиштираётган оила

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида боғдорчилик ва миришкорликда ном таратган Ўқчи қишлоғи бор. Бу ҳудуд Ўзбекистон туманининг ўзига хос «ташриф қоғози»га айланган.

Айни кунларда Ўқчида қулупнай сайли бошланган. Kun.uz мухбири туманнинг мазкур маҳалласида бўлиб репортаж тайёрлади. 

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Ўқчи» МФЙ раиси Мартабахон Жалилованинг сўзларига кўра, қишлоқдаги 955та хонадонда жами 150 гектардан ортиқ томорқа мавжуд. Яна 500 гектардан ортиқ боғ майдонларида сархил мевалар етиштирилади. Қишлоқ аҳолиси асосан боғдорчиликда ном қозонган, аҳолининг асосий даромад манбайи ҳам шундан.

Мартабахон Жалилова, «Ўқчи» МФЙ раиси

«Қишлоқдошларимиз оиласи учун қандай эҳтиёж бўлишидан қатъи назар, шу боғдорчилик ва деҳқончилик ортидан қондирилади. Сиз ёзда бир келинг, шафтолими, гилосми, ўрикми, қўйингки, барча турдаги меваларни топа оласиз», — дея маҳалла раиси бизни қишлоқдаги қулупнай пайкалларидан бирига бошлаб борди. 

Боғбон аёл Манзурахон Мелиева асли Андижондан. Ўқчига келин бўлиб тушган. У келин бўлиб тушгунича ҳам, оила қулупнай етиштириш билан шуғулланган. Боғбон аёл турмуш ўртоғининг вафотидан кейин ҳам ушбу анъанани сақлаб қолди. У икки ўғли, бир қизи ва келинлари билан қулупнай етиштиришни давом эттириб келмоқда.

Қулупнай асосан август ойларида экилади. Ҳосил мўл бўлиши учун у 5 марта чопиқ қилинади.

Бу йил далаларга қулупнайнинг «Чарли», «Кобра», «Малина» ва «Тошкент» навлари экилган. Қулупнайни иссиқхонага ҳам экиш мумкин, бироқ унинг маззаси ер қулупнайникидан анча фарқ қилади. Ер қулупнайнинг мазаси ҳам, даромади ҳам яхши бўлади.

«Қулупнайларимиз асосан май ойида пишиб етилади. 1 майдан сотувга чиқади. Бу йил бироз кечикди, сотув 6 майдан бошланди. Бунга ҳавонинг совуқ келгани сабаб бўлди», — дейди боғбон аёл.

Манзурахон Мелиева

Манзура Мелиева «Малина» навли қулупнайдан мураббо тайёрлаш бўйича маслаҳат берди.

«Ўзим ҳам «Малина» навлисидан мураббо беркитаман. Йилига 20–25та банка ёпаман. Болаларим қишда мазза қилиб ейишади. Мазаси ҳам бошқача бўлади. Шакар ҳам кам кетади, чунки ўзининг шираси ўткир бўлади. Келгуси қулупнай пишиққача етиб боради», дейди у.

Манзура опа қулупнай кўчат етиштириш билан ҳам шуғулланади. Қишлоқдаги кўплаб деҳқонлар ундан кўчат сотиб олади. Ерда етиштирилган бир қатор кўчат баҳоси — 200 минг сўм.

Биз боғбондан бу йилги меҳнатларининг самарасини сўрадик.

«Бу йилги ҳосил роса кўнглимдагидек бўлди. Қишдан ўзи қийналиб чиққан эдик. Бир кунда йўқ деганда 4,5 млн сўмлик қулупнай сотамиз. Бу йилги мавсумда яхши даромад қилдик. Эрта баҳорданоқ битта машинанинг пулини қилдик. Худо хоҳласа чоршанба куни ўғилларим чиқиб битта машина олиб келишади», — дейди юзида самимий табассум билан суҳбатдошимиз.

Манзура опа ҳар куни дала томорқасида 7-8 нафар ишсиз аёлларни мавсумий иш билан таъминлайди. Уларга ҳар куни 90–100 минг сўмдан иш ҳақи тўлайди. Ўқчидаги қулупнай мавсуми май ойи охирига қадар давом этади.

Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид