Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Келишув билан тугаган исён: Пригожиннинг жавобгарликка тортилмагани нимани англатади?
Пригожин Москвага юришида бир нечта вертолёт ва битта қимматбаҳо разведка самолётини уриб туширди. Камида 13 рус учувчиси ҳалок бўлди. Россия қонунларига кўра, бу ҳаракатлар террорчилик деб тан олиниши, уни содир этган шахс ёки гуруҳ жуда оғир жазога тортилиши керак эди. Аммо Путин Пригожинни жавобгарликка тортишни эмас, у билан келишишни ўйлади. Сиёсатчи Камолиддин Раббимов бунинг сабаблари ва оқибатлари ҳақида фикр юритди.
“Вагнер” хусусий ҳарбий компания асосчиси Евгений Пригожиннинг 23-24 июн кунларидаги Москвага юриши Россия ичи ва атрофидаги сиёсий вазиятни мутлақ ўзгартириб юборди. Украина урушида катта ҳарбий тажриба тўплаб, Россия учун таниқли блогер ва сиёсатчига айланишга улгурган Пригожин 23 июн куни Россиянинг жанубий федерал округи маркази Ростовни ҳеч қандай қийинчиликларсиз эгаллаб олди.
24 июн куни эса Пригожин, тахминан 8 минг кишилик “Вагнер” қўшинлари билан Россия пойтахти Москвага юриш бошлади. Пригожиннинг шиддатли юриши бутун дунёни ҳайратлантирди. Бу бўлаётган ишларга жуда кўпчилик ишона олмади, тушуна олмади. Шунинг учун ҳам шу заҳотиёқ “бу Путиннинг ўйини бўлса керак”, “ҳаммасининг бошида Путиннинг ўзи турибди”, деган фаразлар майдонга чиқди.
Пригожин шиддат билан Москвага қараб юриб, яна шундай шиддат билан ортга қайтди. Беларус президенти Лукашенко воситачилигида Пригожин Москвага юриш ғоясидан чекинди. Унга хавфсизлик кафолати берилди.
Мана шу воқеалар фонида бир муҳим савол ўртага чиқади. Россияда давлат борми? Яъни давлат институтлари шаклланганми ва улар якка шахсларнинг қош-қовоғига қарамасдан, мустақил ва барқарор ишлай оладими?
23-29 июн кунлари оралиғида, Путин уч марта Россия халқига ва давлат мулозимларига мурожаат қилди. Биринчи мурожаатида Пригожинни энг оғир жиноятларда айблади, уни исёнкор, шантажчи, хоин ва бошқа айбловлар билан қоралади. Иккинчи мурожаатида Путин “Москвага юриш барибир тўхтатилар эди” деди.
Бу билан “Вангер”ни давлат эмас, Пригожин билан келишувгина тўхтатганини тан олди. Учинчи мурожаатида “Вагнер” фоалияти ҳақида кенг тўхталиб, Путин давлат бюджетидан Пригожиннинг ҳарбий компаниясига биргина 2022 йилнинг ўзидаёқ 86 миллиард рубль ёки 1 миллиарддан ортиқ доллар берилганини тан олди.
Шу пайтгача Путин “Россия давлатининг “Вагнер” билан ҳеч қандай алоқаси йўқ” деган гапни такрорлаб келарди. Лекин Пригожин исёнидан кейин Путин “Вагнер”ни молиялаб келганини тан олди. Маълумки, “Вагнер” компанияси Африка, Осиё, Европанинг кўплаб давлатларида “террористик ташкилот” сифатида тан олинган.
Халқаро ташкилотлар Вагнерни инсон ҳуқуқларини қўпол ва тизимли бузувчи хавфли ташкилот сифатида танишади. Путиннинг “Вагнер”ни биз молиялаб келдик” деган баёноти халқаро ташкилотлар ва хориж давлатлари томонидан Россияни терроризмни молиялашда айблаш учун яна битта исбот берди.
Давлат – маълум қонун-қоидалар асосида ишлайдиган институт. Агар давлатда қонун-қоидалар ишламаса ёки ҳаммага ҳар хил ишласа, бу ҳуқуқий давлат бўлмайди.
Пригожин Москвага юриши мобайнида бир нечта вертолётни ва битта қимматли разведка самолётини уриб туширди. Натижада 13-15 учувчи ҳалок бўлди. Россия қонунларига кўра, шунча одамни ўлдирган ва шунча ҳарбий-техник зарар келтирган одам ёки гуруҳга нисбатан жуда оғир жазо ва жавобгарлик бор. Аммо Путин Пригожинни жавобгарликка тортишни эмас, у билан келишишни ўйлади.
Давлатда қонунлар аниқ ёзилган бўлади ва бу қонунларни ҳар хил талқин қилиш имконсиз. Асосийси, қонунлар ҳаммага бирдек ишлаши керак. Пригожин исён қилдими, одам ўлдирдими – жавобгарликка тортилиши керак эди. Лекин Путин у билан келишув излади ва келишди. Унинг жиноятларига кўз юмди. Ва бу кўз юмишни Россия элитаси ва халқи ҳам қабул қилди.
Бу нима дегани? Бу – Путин режими қонунларга эмас, куч ишлатишга, сиёсий босим ва репрессияларга асосланганини билдиради.
Акс ҳолда, Путин халққа ишонарди ва кучишлатар тизимлари Путин ҳокимиятини тиш-тирноғи билан ҳимоя қиларди. Амалда эса ҳеч ким Путинни ҳимоя қилиб, Пригожинга қарши чиқмади. Аксинча, Пригожинга қарсак чалган, уни қўллаб-қувватлаган одамлар нақадар кўплиги маълум бўлди.
Қиёслаш учун, 2016 йилда Туркияда ҳарбийлар Эрдўғанни ҳокимиятдан йиқитиб ташламоқчи бўлишди. Шунда, Эрдўған бир бурчакка яшириниб, қўлидаги телефон орқали Туркия халқига мурожаат қилади ва халқни ҳарбий тўнтаришга қарши чиқишга чақирди. Бу мурожаат ижтимоий тармоқлар орқали тарқалди. Шу заҳотиёқ минглаб турклар кўчаларга чиқиб, Эрдўған ҳокимиятини қутқариб қолди. Ҳарбий исён бостирилди. Эрдўған сўз орқали бутун халқни ҳаракатга келтира олган эди. Бу – легитим бўлган ҳокимиятларга хос сиёсат.
Россияда эса, Пригожин исёни фонида, Россияда ҳеч ким Путинни ҳимоя қилишга отланмади. Халқ ҳам, сиёсатчилар ҳам, кучишлатар тизимлар ҳам бефарқ эди, ўзини четга олганди. Бу – Путин ҳокимиятининг легитимлиги, одамларнинг унга ишончини катта шубҳа остига қўяди. Одатда, бундай сиёсий инқирозлардан кейин, легитимлиги паст ёки йўқ бўлган режимлар унчалик кўп яшай олмайди.
Пригожин исёни фонида, дунё экспертлари ва сиёсатчиларнинг фикри бир жойдан чиқяпти: Россияда давлат институтлари ишламаяпти, Путин ҳокимияти жуда заиф, унинг легитимлиги ниҳоятда паст. Демак, яқин ойлар ва йилларда Россияда янги сиёсий бўҳронлар, инқирозлар ва катта ўзгаришлар кутилади. Энди вазият олдингидек бўлмайди.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
20:00 / 12.11.2025
"Иброҳим келишувлари" ва Қозоғистон: янги йўналишми ёки дипломатик рамз?
18:30 / 05.11.2025
Трамп нишонида — Венесуэла. Нега?
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025