Жамият | 14:05 / 10.04.2020
26628
6 дақиқада ўқилади

Етиштирган маҳсулотлари хорижда ҳам машҳур бўлган Янгийўлдаги Ниёзбош қишлоғи деҳқонларининг сири нимада?

Янгийўл туманидаги Ниёзбош қишлоғи деҳқонлари етиштирган маҳсулотлар нафақат Ўзбекистон бозорларига етказиб берилади, балки хорижга ҳам доимий равишда экспорт қилиб келинади.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Ўзбекистонда маҳалла раиси ва профилактика инспекторига томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгаларини расман огоҳлантириш, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланиши бўйича тақдимнома киритиш ваколати берилади. Ўз навбатида томорқадан самарали фойдаланган фуқароларга солиқ имтиёзлари берилади.

Давлат раҳбари бошчилигида 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида томорқачиликни ривожлантириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаси эканини таъкидлаган, «бундай даврда томорқани қаровсиз ташлаб қўйиш хиёнат деб баҳоланиши керак», деб айтган эди. Президент Ш.Мирзиёев барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши кераклигини таъкидлаган, томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлашини маълум қилганди.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин ҳолати жорий қилинганлигига қарамасдан, Тошкент вилоятида баҳорги дала юмушлари, томорқада мева-сабзовот маҳсулотлари етиштириш юмушлари бир зумга ҳам сусайгани йўқ. Энг асосийси, бу ерда томорқадан фойдаланиш бўйича катта тажриба тўпланган. Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши билан ҳамкорликда мунтазам равишда фуқароларга зарур тавсия ва йўл-йўриқлар бериб борилмоқда. Жорий йилда ҳам бундай тадбирлар давом эттирилиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, баҳорги экиш юмушларини ташкил этиш ва маҳсулот етиштиришни кўпайтириш бўйича бир қатор чоралар кўриляпти.

 

Томорқачиликдаги бой тажрибадан бу йил ҳам унумли фойдаланилмоқда. Бугун иссиқхоналар билан бирга, дала шароитида ҳам сабзовот маҳсулотлари етиштириш қизғин паллага кирган. Буни пойтахтимиз бозорларида сотилаётган помидор, бодринг, карам ва кўкатларни кўриб, ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Янгийўллик миришкор деҳқонларнинг томорқасида қулупнай пишганига анча бўлди. Бозорларга кирган киши тўкинликни кўриб, тўғриси, шукрона айтиши шубҳасиз. Кўз тегмасин ҳам дейди. Ҳа, юртимиздаги тўкинлик ва баракага кўз тегмасин. Тезроқ синовли кунлар ўтиб, яна тинч ва хотиржам кунларимиз қайтиб келсин. Ҳамманинг кўнглида шу гап. Катта-кичикнинг қўли дуода.

Биз Янгийўл туманида бўлиб, хонадонларнинг томорқасидаги экинлар билан қизиқдик. Туманнинг 66 та маҳалласидаги 34 минг 403 та хонадоннинг томорқа майдонлари 2061 гектардан иборат. «Ниёзбош» маҳалласи ҳудудидаги томорқа ерлари эса 248 гектарни ташкил қилади.

— Бир неча йилдан бери оилам билан қулупнай етиштираман, — дейди «Юксалиш» маҳалласининг Истироҳат кўчасидаги 151-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ислом Исроилов. — Бу йил ҳам 40 сотих майдонда ушбу мева экинини парвариш қилдик. Қулупнайнинг пишганига бир неча кун бўлди. Янгийўл шаҳри ва пойтахтимиздаги бозорларга олиб чиқяпмиз. Савдо ёмон эмас. Даромади ҳам шунга яраша бўлади. Томорқадан йилига уч мартагача ҳосил оламиз.

«Гулистон» маҳалласининг Н.Авазов кўчаси 19-уйда яшовчи Содиржон Муҳиддинов оиласи эса турли кўкатлар етиштириш билан шуғулланади. Бутун оила аъзолари шу юмуш билан машғул. Даромади ҳам яхшигина. Кўкатларни Россияга ҳам жўнатишади. Бўш вақти бўлса, барча томорқада меҳнат қилади. Ёки «Фаравон» маҳалласининг О. Қўчқоров кўчасидаги 199-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Нуриддин Раҳимовлар оиласи гулчилик билан шуғулланади. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Пойтахтимиз аҳолисини куз-қиш ойларида ҳам ёздаги каби ёз неъматлари билан таъминлашда вилоят аҳолисининг хизмати катта, албатта. Тажрибали деҳқон бир қарич ернинг ҳам қадрини яхши билади. У томорқасининг четини ҳам бўш қолдирмайди. Ёз мавсумида дала шароитида, қиш пайтида эса иссиқхона барпо этиб, маҳсулот етиштиради. Айниқса, Зангиота, Тошкент, Қибрай, Янгийўл, Паркент туманлари аҳолиси ердан фойдаланишнинг ҳадисини олган.

Умуман вилоятда бугунги кунда 451,9 минг хонадоннинг 30,8 минг гектар майдондаги томорқасидан самарали фойдаланиш чоралари белгиланган. Томорқаларнинг 16,0 минг гектари, яъни 52 фоизида эртапишар, жумладан, 9,5 минг гектар майдонда сабзовот, 3,0 минг гектарда картошка, 706 гектарда полиз ва 1,7 минг гектарда бошқа экинлар етиштириш мўлжалланмоқда. 12,1 минг гектар, яъни 39,3 фоизида эса ўртаги экинлар экилади.

Томорқачиликда бу йил яхши бир ташаббусга қўл урилди. Аҳоли томорқаларига арзон кўчат, уруғликлар етказиб бериш мақсадида барча туманларда «Томорқа–2020» ярмаркалари ўтказилди. Бундай тадбир табиийки, ўз самарасини беради. «Томорқа хизмати» корхоналари томонидан 53,4 минг  аҳоли хонадонлари билан маҳсулот етиштириш ва сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланиши кутиляпти.

Бундай кенг кўламда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бериши шубҳасиз. Вилоятда жорий йилда томорқалардан 2-3 маротабадан ҳосил олишга бел боғланди. Натижада, аҳоли истеъмолидан ортган қисми пойтахтимиз аҳолиси ва хориждаги истеъмолчиларга етказиб берилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид