Ўзбекистон пандемияга Қозоғистонга қараганда яхшироқ тайёр бўлиб чиқди — Forbes
Ўзбекистонда ўлим ҳолатлари даражаси паст, туғилиш даражаси эса Қозоғистонга қараганда юқори.
Forbes нашри мутахассисларининг маълумотига кўра, пандемия пайтида соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш масаласи биринчи ўринга чиқди.
2020 йилда Қозоғистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасининг асосий капиталига бир йил аввалгига нисбатан 2,2 баравар кўп - 305,1 млрд тенге сармоя киритди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар улуши ЯИМга нисбатан жуда ҳам паст кўрсаткич - 0,4 фоизни ташкил этди. Таққослаш учун, Ўзбекистонда соҳадаги капитал қўйилмаларнинг улуши ЯИМдан 1 фоизни ташкил қилди.
Пандемиядан олдинги йилларда (2016-2019) Қозоғистонда соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар улуши деярли бир хил даражада сақланиб қолган бўлса, Ўзбекистонда бироз ўсиш кузатилган.
Қозоғистонда ўлим кўрсаткичи Ўзбекистонга қараганда анча ёмон. Хусусан, 2020 йил январ-декабр ойларида мамлакатда 162,6 минг киши вафот этди - бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 22,1 фоизга кўп. Шу даврда аҳолиси Қозоғистонга нисбатан 1,8 баравар кўп бўлган Ўзбекистонда бироз кўпроқ инсон вафот этди - 175,6 минг киши, йиллик ўсиш 15,5 фоизни ташкил этди. Қозоғистонда ўлим коэффициенти 1000 кишига 8,6, Ўзбекистонда 5,1га тенг бўлди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хавфсизлик бўйича глобал рейтингда Ўзбекистон пандемияга тезкор реакция билдириш ва уни юмшатиш бўйича нисбатан тайёр ҳолатда экани қайд этилди, мамлакат 195 ўриндан 138-поғонани эгаллади. Шу билан бирга, Қозоғистон бу кўрсаткичда ҳам ортда қолди ва 143-ўринда қайд этилди.
Ўтган йили, пандемия эълон қилинганидан кейин, Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам тиббиёт ходимларини рағбатлантириш чоралари кўрилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда устама пул миқдори Қозоғистонга қараганда анча юқори бўлди. Ўзбекистон президенти пандемия даврида коронавирус аниқланган беморлар билан алоқада бўлган ва касалланганлар жойлаштирилган муассасаларда фаолият олиб борган шифокорларга ҳар ойда 2,7 минг АҚШ доллари, ҳамширалар ва лаборантларга - 1,6 минг доллар, санитар ходимларга - 1,1 минг доллар, бошқа ходимларга - 530 доллар тўланишини маълум қилди.
Шу билан бирга, Қозоғистон бош вазири соғлиқни сақлаш ходимлари 3 ой давомида, хавфли зоналарда ишлашига қараб, 1,9 минг доллар, 947,5 доллар, 473,7 доллар миқдорида устама пули олишини билдирди (2020 йил март ойидаги курс бўйича - USD/KZT - 448,57; USD/UZB курси - 9570,88).
Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги шифокорларга устама пули тўлашда кўп миллионлик қонунбузарлик ҳолатларини аниқлади.
Туғилиш жараёнида ўлим кўрсаткичи бўйича ҳам Қозоғистон Ўзбекистондан ёмонроқ натижани қайд этди.
2020 йилда Қозоғистонда туғилганлар сони 425,6 минг кишини, 1000 кишига туғилиш коэффициенти 22,4 кишини ташкил этди. Ўзбекистонда ушбу даврда туғилишлар сони 734,1 минг кишига ўсди, туғилиш коэффициенти - 24,6 киши. Қозоғистонда умр кўриш даражаси ҳам Ўзбекистондагидан ёмонроқ: пандемия содир бўлгунга қадар, 2019 йилда бу кўрсаткич 73,2 ёшни ташкил этган бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 73,6 ёшга тенг эди.
Мавзуга оид
20:04 / 21.12.2024
Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган
15:00 / 18.12.2024
Россия Қозоғистондаги уран қўшма корхоналаридаги улушини Хитойга сотади
16:30 / 13.12.2024
Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев ҳаётига оид маълумотлар махфийлаштирилади
21:59 / 11.12.2024