Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил ва Ҳамас музокаралари. Трампнинг тинчлик режасидаги асосий муаммолар нимада?
Фото: Khames Alrefi/Anadolu via Getty Images
Шарм-ал-Шайх шаҳрида Миср воситачилигида Исроил ва Ҳамас вакиллари ўртасида билвосита музокаралар бошланди. Музокаралардан мақсад – АҚШнинг Ғазо сектори учун тинчлик режаси бўйича якуний келишувга эришишга ҳаракат қилишдир. Урушнинг икки йили давомида томонлар биринчи бор келишувга бу қадар яқин келишди, аммо бу музокаралар энг қийини бўлиши ва жуда узоқ давом этиши кутилмоқда.
Доналд Трампнинг 20 банддан иборат тинчлик режаси амалда бир неча саҳифадаги схема холос.
Исроил унга тўлиқ, Ҳамас қисман розилик билдирган ва томонлар келишув йўлида кўплаб тўсиқларни четлаб ўтишига тўғри келади.
Гаровдагиларни озод этиш схемаси
АҚШ президенти Доналд Трампнинг режасида гаровга олинганларнинг барчаси битим тузилганидан кейинги 72 соат мобайнида озод этилиши кўзда тутилган. Ғазода қолаётган 48 нафар исроилликдан 20 нафари ҳамон тириклиги тахмин қилинмоқда.
Ўтган дам олиш кунларида Трамп гаровдагилар «жуда тез фурсатлар»да озод қилиниши мумкинлигини айтди, бу вақтда эса Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу уларни яҳудийларнинг Суккот байрами якунлангунича (13 октябр кунигача) қайтариш мумкин деб ҳисобламоқда.
Ҳамас Трамп режасида батафсил баён этилган «гаровдагиларни алмашиш формуласи»га «жойлардаги шартлар» бажарилиши шарти билан рози бўлади.
Аммо гаровдагилар – фаластинликлар гуруҳининг қўлидаги ягона кузир бўлиб, Ҳамас уларни келишувнинг бошқа бандлари бажарилмагунича қўйиб юбориши даргумон.
Бу музокараларда икки томон ўртасида ўзаро ишонч йўқ. Ўтган ойда Исроил Ҳамас музокарачилари гуруҳини йўқ қилишга уриниб, Доҳа бўйлаб авиазарба йўллаганди, бу эса нафақат гуруҳдагиларни, балки Доналд Трампни ҳам, шунингдек, можаро бўйича муҳим воситачилардан бири бўлган Қатарни ҳам ғазаблантирди.
Энди эса ўша зарба вақтида ўғли ҳалок бўлган Халил ал-Хайя бошчилигидаги музокарачилар гуруҳи аъзолари Исроилнинг Мисрдаги делегацияси билан икки қадам масофада турибди.
Ҳамасни қуролсизлантириш
Исроил бутун уруш давомида Ҳамасни йўқ қилиш мақсадида эканини эълон қилиб келди. Нетаняҳу бир неча марта гуруҳ тўла яксон этилмагунича тўхтамаслигини билдирган.
Трамп режасидаги муҳим бандлардан бири гуруҳни қуролсизлантириш ҳақида. Аммо Ҳамас бунгача қуролларни топширишдан бош тортиб, фақат Фаластин давлати тузилган тақдирдагина бунга рози бўлишини билдирган.
Таклиф қилинган режага жавобида Ҳамас қуролсизланиш тўғрисида бирор сўз айтмаган, бу эса унинг позицияси ўзгармай қолаётгани ҳақидаги тахминларни кўпайтирди.
Аммо бир неча кун олдин Бинямин Нетаняҳу қуйидагича ваъда берди: «Ҳамас қуролсизлантирилади, Ғазо эса ҳар қандай ҳолатда ҳам демилитаризация қилинади. Аммо бунинг икки йўли бор: ёки осон, ёки қийин йўл».
Ғазо сектори бошқаруви
Режада айтилишича, келгусида Ҳамас Ғазо секторида ҳеч қандай рол ўйнамайди. Сектор бошқаруви дастлабки босқичда Доналд Трамп бошчилигида ва Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр иштирокидаги «Тинчлик кенгаши» томонидан назорат қилинадиган Фаластин технократларининг вақтинча ўтиш даври органи томонидан амалга оширилади.
Охир-оқибат сектор бошқаруви Фаластин мухторияти таъсиридаги маъмуриятга топширилади.
Нетаняҳу Трамп режасидаги барча 20 бандга розилик берган бўлса-да, у Фаластин мухторияти бошқарувда иштирок этишига эътироз билдирган. Ўтган ҳафтада Оқ уйдаги минбарда Доналд Трамп билан ёнма-ён турган ҳолатда у Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Маҳмуд Аббос бошчилигидаги маъмуриятни коррупциялашган ҳамда Ғазо сектори ҳудудларини бошқариш учун лаёқатсиз деб атаганди.
Режанинг бу банди Нетаняҳунинг ҳукмрон коалициясидаги ўта миллатчи қатъий йўналиш тарафдорларининг энг кўп эътирозига сабаб бўлмоқда, уларнинг аксарияти Ғазо сектори устидан назоратни сақлаб қолишни ва у ерда яҳудий аҳоли манзилгоҳларини тиклашни хоҳлайди.
Бунга жавобан Ҳамас келажакда «ягона Фаластин ҳаракати» доирасида Ғазо секторида маълум рол ўйнашга умид қилаётганини маълум қилди. Гарчи таъриф ноаниқ бўлса-да, у Трамп учун ҳам, исроилликлар учун ҳам номақбул бўлиши мумкин.
Исроил қўшинлари Ғазодан олиб чиқилиши
Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиш кўлами – тўртинчи баҳсли нуқта.
Режада айтилишича, ЦАҲАЛ Ғазони «барча томонлар томонидан келишилиши керак бўлган стандартлар, босқичлар ва муддатлар асосида» тарк этади.
Оқ уй томонидан тарқатилган харитада Исроил қўшинларини олиб чиқишнинг учта тахминий босқичи кўрсатилган. Биринчи босқичда Ғазо ҳудудининг қарийб 55 фоизи, иккинчи босқичда 40 фоизи, якуний босқичда эса 15 фоизи Исроил назорати остида қолади.
Якуний босқич «хавфсизлик периметри» бўлади, у «Ғазо ҳар қандай қайта тикланаётган террорчилик таҳдидидан тўлиқ ҳимоялангунга қадар мавжуд бўлади».
Бу ифодалар Исроил қўшинларини тўлиқ олиб чиқишнинг аниқ муддатлари ҳақида тасаввур бермайди, Ҳамас эса аниқликни талаб қилмоқда.
Бундан ташқари, Оқ уй томонидан тақдим этилган харита Исроил ҳарбийлари хариталарига мос келмайди, уларда ҳарбийлаштирилган ҳудудлар акс этган ва Ғазо чегаралари баъзи жойларда нотўғри кўрсатилган.
Мавзуга оид
15:41 / 20.12.2025
Исроил сулҳга қарамай Ғазодаги бошпанага ҳужум уюштирди: камида 6 киши ҳалок бўлди
11:40 / 18.12.2025
Берлинда эркак Исроилга қарши шиори учун жаримага тортилди
20:40 / 15.12.2025
Сиднейдаги теракт. Сўнгги маълумотлар
23:30 / 14.12.2025