Жаҳон | 12:26 / 31.07.2025
5101
2 дақиқада ўқилади

АҚШда F-35 қирувчи самолёти ҳалокатга учради

30 июл куни АҚШ денгиз флотининг F-35C жанговар самолёти Калифорниядаги ҳарбий база яқинида қулаб тушди. Пилот катапулта қилишга улгурган. Бу — тахминан 100 миллион доллар турадиган самолётнинг жорий йилдаги иккинчи ҳалокати ҳисобланади.

F-35C Lightning II / Фото: USNavy

АҚШ денгиз флотига тегишли F-35 жанговар самолёти чоршанба куни Калифорниянинг марказий қисмида, "Lemoore" денгиз-ҳаво базаси яқинида қулаб тушди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар денгиз флоти баёнотига таяниб CNN нашри хабар бермоқда.

Баёнотга кўра, пилот ўзини катапулта қилиб омон қолди, 18:30 атрофида юз берган ҳалокат сабаблари бўйича текширув бошланган.

Воқе жойидан олинган видеоларда самолёт қулаган ҳудудда аланга ва қалин қора тутун кўтарилаётгани кўринади. Самолёт "Lemoore" базаси яқинидаги текис очиқ далаларга қулаган. Бу жой Фресно шаҳридан 64 км жануби-ғарбда жойлашган.

Фресно округи шерифи офиси хабарига кўра, маҳаллий тез тиббий ёрдам хизмати ҳодиса жойига етиб келиб пилотга ёрдам берган. Шунингдек, Калифорния ёнғин хизмати ҳам воқеа жойига етиб борган.

Маълум қилинишича, самолёт АҚШ денгиз флотининг VF-125 зарба жанговар эскадронига бириктирилган эди. Ҳалокатга учраган самолёт F-35 Lightning II'нинг уч вариантидан бири – F-35C бўлиб, у АҚШ авиация ташувларида фойдаланиш учун мўлжалланган.

Фото: ABC News

Тахминан 100 миллион доллар турадиган бу самолётнинг қулаши шу йил ичидаги иккинчи F-35 ҳалокати бўлди. Жорий йил январ ойида Аляскадаги ҳаво базасида ўқув парвози пайтида АҚШ ҳаво кучларига тегишли F-35A ҳалокатга учраган ва ўша ҳодисада ҳам пилот омон қолган эди.

F-35 – АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг асосий таянч қисмларидан бири бўлиб, бешинчи авлод жанговар самолёти ва дунёдаги илғор ҳарбий учиш аппаратларидан бири ҳисобланади.

Lockheed Martin томонидан ишлаб чиқарилган бу самолёт радарлардан яшириниш (stealth) ва жанговар имкониятлари билан юқори баҳоланади. Бироқ сўнгги йилларда F-35 техник хизмат кўрсатиш ва жанговар шайлик билан боғлиқ муаммолар туфайли кўпроқ танқидга учрамоқда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид