Жамият | 09:15 / 19.08.2025
7449
1 дақиқада ўқилади

Минораи Калон олдидаги ошхонада ёнғин чиқди

19 августга ўтар кечаси Бухоро шаҳрида, тарихий Минораи Калон яқинида жойлашган икки қаватли ошхонада ёнғин юз берди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий маълумот берди.

Фото: Видеодан кадр

Вазирликнинг маълум қилишича, 19 август куни соат 00:45 да Бухоро шаҳри Зарафшон маҳалласи Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли ошхонанинг иккинчи қаватида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.

Воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Улар соат 00:49 да ҳодиса жойига етиб бориб, оловни 00:53 да ўраб олишга муваффақ бўлган. Ёнғин соат 01:50 да тўлиқ бартараф этилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 100 квадрат метр майдонда ошхонанинг том қисми зарар кўрган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида маълумотлар келиб тушмаган.

Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби ҳамда етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид