Жаҳон | 13:23 / 10.10.2022
32423
4 дақиқада ўқилади

Россия Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига ракета зарбалари берди

Киевга бир қатор ракета ҳужумлари натижасида камида саккиз киши ҳалок бўлди, яна бир неча ўнлаб кишилар яраланди. Украинанинг Днепр, Житомир, Лвов ва бошқа шаҳарларида ҳам портлашлар кузатилмоқда.

Фото: AP

Россия 10 октябр, душанба куни эрталаб Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларига кучли ракета зарбалари берди. Киев мэри Виталий Кличкога кўра, пойтахт марказидаги Шевченко тумани ҳужумга учраган. Ракеталардан бири Михаил Грушевский ёдгорлиги ёнига қулаган, натижада унинг ёнидан ўтаётган автомобиллар ёниб кетган.

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида саккиз киши ҳалок бўлган, 24 киши яраланган. Портлаш оқибатида олтита автомобиль вайрон бўлган, яна 15 таси зарар кўрган. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар УХХ маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Володимирска кўчасидаги офисларидан бирида содир бўлган. Киев метросининг қизил чизиқ йўналишида поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлаяпти.

Охирги марта Киев июнь ойи охирида ракета зарбаларига учраган эди. Ўшанда рус ҳарбийлари шаҳарга 14 та ракета отди. Улардан бири Шевченко туманидаги кўп қаватли уйга бориб урилган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлиб, олти киши жароҳат олганди. 

Шунингдек, Киев области ва Украинанинг бошқа минтақалари шаҳарларига ракета ҳужумлари содир этилгани ҳақида хабарлар бор. Днепр, Тернопол, Житомир, Хмелницкий, Винница, Лвов, Кременчуг, Кривой Рог, Ровно ва Ивано-Франкивскда бир қатор портлашлар содир бўлди. Украинанинг област марказларида электр таъминотида узилишлар бошланди. Лвов, Хмелнцский, Житомир, Харков қисман қувватсизланган. Днепрда ракета ҳужуми натижасида саноат объекти вайрон бўлди.  

Украина президенти Володимир Зеленский ўз мамлакатидаги оммавий портлашларга изоҳ берар экан, Украинани Ер юзидан йўқ қилишга уринишаётганини айтди. «Тўлиқ миқёсдаги урушнинг 229-куни. 229-кун бизни Ер юзидан йўқ қилишмоқчи. Умуман. Запорижжяда уйда ухлаётган одамларимизни йўқ қилишмоқчи. Днепр ва Киевда ишга бораётганларни ўлдиришмоқчи. Украина бўйлаб ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигнали тўхтамаяпти. Ракета зарбалари бор. Афсуски, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар мавжуд. Сиздан илтимос қиламан: бошпаналарни тарк этманг. Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. Кучли бўлинг», деб ёзди у Telegram’да. 

Украина Керч бўғозидаги Қрим кўприги портлатилганидан икки кун ўтиб йирик ракета зарбаларига учради. Портлаш натижасида кўприкнинг автомобиль қисми тармоқларидан бирининг икки оралиқ қисми вайрон бўлган, кўприкнинг темирйўл қисмида цистернали поезд ёниб кетган. Россия президенти Владимир Путин Қрим кўпригидаги портлашни теракт деб атади ва бунинг учун Украинани айблади. Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведевнинг айтишича, Россиянинг Қрим кўпригининг портлатилишига жавоби фақат «террорчиларни бевосита йўқ қилиш» бўлиши мумкин. 

Қрим кўпригидаги портлашдан сўнг Россия қўшинларининг Украинадаги операцияларига янги қўмондон тайинлангани маълум бўлди. Бу постни армия генерали Сергей Суровикин эгаллаган. «Медуза» ахборот ресурси манбалари Суровикинни Украина инфратузилмасига, жумладан, тинч аҳолига йирик ракета зарбалари бериш тарафдори деб атамоқда. 

Мавзуга оид