Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент имконияти чекланган болаларга график дизайнни ўргатиш таклифини маъқуллади. Бу қандай ташкил этилади?
Умиджон Ортиқов 15 январ куни президентнинг Юнусобод фаоллари билан ўтказган учрашувида қатнашиб, кар ва соқов болаларга IT-дизайнни ўргатиш таклифини билдирди. Давлат раҳбари таклифни маъқуллаб, тегишли ташкилотларга топшириқлар берди.
Умиджон Ортиқов /Фото: Kun.uz
Умиджон Ортиқов Kun.uz мухбири билан суҳбатда таклифининг мазмуни ҳақида сўзлаб берди.
«Президент билан учрашувга қадар, таклифимни рад этиб келишган»
— Тошкент давлат ахборот технологиялари университетини тамомлаганман. Ҳозирда Шарқшунослик институти қошидаги академик лицейда информатика фанидан дарс бераман. Шунингдек, веб-сайтлар ясаш, лого-брендинг ва SMM-постерлар, дизайн маҳсулотлари ясаш, Android дастурларини ишлаб чиқиш ва Play Market'га жойлаб бериш билан шуғулланаман.
Иш жараёнида имконияти чекланганлар мактабларига бориб турардик. Шулардан бири 101-сонли кар ва соқовлар мактаб-интернати бўлган. Борганимизда уларнинг қизиқишларини ўрганганмиз. Аллоҳ уларни нимадир томондан қисгани билан бошқа жиҳатдан устунликлари бор. Мен ўзим пайқаган нарса – улардаги ижодкорлик туйғусининг юқорилиги эди.
Кейинчалик дўстларим билан келишиб, эшитиш ва гапиришда нуқсони бор укаларимизга IT-дизайн соҳасини ўргатишни мақсад қилдик. Лойиҳани Uzbek Compass деб номладик.
Президентимиз билан учрашувда шу ҳақда гапирдим ва менга имконият берилди. Бунгача лойиҳа рад этиб келинарди. Балки, айб ўзимда бўлгандир, тушунтириб беролмагандирман, деб ўйлайман.
«Лойиҳадан мақсад – кар ва соқовлар жамиятга ҳисса қўшишига имкон яратиш, масофадан даромад топишга йўналтириш»
— Биз бу лойиҳа орқали кар ва соқовларни дизайн йўналишларига ўргатиб, уларни ҳам масофадан даромад топишга йўналтирмоқчимиз. Асосий мақсад - эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган кишиларга жамиятга ўз ҳиссасини қўшишига имкон яратиш.
Улар ҳам жамиятга ҳисса қўшишни хоҳлайди. Бунинг учун эса ўртадаги тўсиқни олиб ташлаш керак.
Бунинг учун, аввало, уларнинг компьютер саводхонлиги оширилади. Биз бунда сурдо таржимонлар хизматидан ҳам фойдаланамиз. Кейин эса юқори синфларда график дизайнни ўргатиб, улар орқали бир-бирига ўргатиш усули билан бошқа ёшларда қўллаймиз.
Биз уларни 3 ойдан 6 ойгача ўқитамиз, бу даврда улар фотошоп, иллюстратор каби дастурларда ишлашни ўрганади. Муддат узоқ қўйилишига яна бир сабаб – IT'да 45 киши ўқишни бошлаши мумкин, лекин охирида 5–6 нафар ҳақиқатда қизиқадиган одам қолиши ҳам бор гап.
Фрилансерликнинг қулай тарафи – буюртмачининг ҳам, ишни бажарувчининг ҳам вақти тежалади, бирор нарсага буюртма бериш учун масофага вақт сарфлаб келиб-кетиши шарт эмас, онлайн тарзда буюртма бериши мумкин.
Президентимиз тавсияси асосида Юнусободдаги IT-парк билан учрашдим ва лойиҳамизнинг концепциясини келишиб олдик.
Бундан ташқари, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳам боғландим. Улар бу лойиҳани амалга оширишим учун жой, моддий-техник база билан таъминлашини таклиф қилди.

«Президентимиз нонсизлик ҳақида гапирганида беихтиёр йиғлаб юбордим»
— Президентимиз билан учрашувда нонсизлик ҳақида ҳақида сўз борди. Биласизми, шу пайт гапирганларида ўзимни тасаввур қилиб кетдим ва беихтиёр йиғлаб юбордим.
Ўзим Бекобод шаҳриданман. Оилада катта фарзандман, отам раҳматли оддий ишчи инсон бўлган. Ёшлигимни яхши эслайман, ота-онам сомсахоналарга пиёз тўғраб олиб бориб берарди. Шу сабаб ҳам ёшлигим қийинчиликда ўтган. Мактабдан уйга боргим келмаган ҳолатлар ҳам бўларди. Чунки уйга борсам пиёз тўғрайман деган фикр бўларди-да. Мактабда кўпроқ қолишни истардим.
Сал катта бўлгач бозорда арава тортганман, новвойхонада ишлаганман. Тушлик вақтигача ишлаб кейин мактабга борардим. Тенгдошларим мени ҳам бозорда, ҳам мактабда кўрарди. Мен улар каби компьютер ўйинлари клубларига боролмасдим. Оддий ширинлик еган ёки яхна ичимлик ичган куним байрам эди.
Ким биландир тортишиб қолсам, бор, торт аравангни, деганини эшитардим. Кўча, бозор ва ҳар хил гап-сўзлар мени таслим бўлмасликка ўргатди. Ёшим улғайгач, бу нарсалар бекорга бўлмаганини тушундим.
Коллежни тамомлаб, Бекободдаги заводга ишга кирганман. Ишим яхши эди: ойлигим баланд, шароит муҳайё. Лекин ўқишни хоҳлардим. Билардимки, менга порлоқ келажакни ҳеч ким яратиб бермайди. Ўзим ҳаракат қилишим керак.
Биз томонда ҳамма «политехника»да (Тошкент давлат техника университети – таҳр.) ўқигани учун, Тошкентда битта университет бор деб юрардим. Кейинчалик университетлар кўплигини, исталган соҳамни танлаб ўқишим мумкинлигини тушундим. Шу сабабли иш асносида тайёргарлик ҳам кўриб юрдим. Ва ТАТУга ўқишга кириб, у ерни муваффақиятли тугатдим ҳам.
Контрактда ўқиганман, отам вафот этгани сабаб мени ўқитиш имконсиз эди, лекин онам ва укам мен учун Россияда ишлашди, фаррошлик қилишди ва контракт пулини топиб беришди. Ўзим ҳам ҳар жойда ишлаб ҳаракат қилганман.
Олий таълимни тугатганимга мана 2 йилдан ошди, шундан буён Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги академик лицейда информатика фанидан дарс бераман. Шу билан бирга, юқорида айтганимдек, IT соҳасида ишлаб келаман.
Мавзуга оид
20:18 / 26.12.2025
IT соҳасидаги топ-10 миллиардернинг бойлиги сунъий интеллект туфайли кескин ошди
11:26 / 29.11.2025
Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқи амал қиладиган халқаро IT-марказ ташкил этилди
13:40 / 27.11.2025
Enterprise Uzbekistan рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди
18:13 / 28.08.2025