Спорт | 01:33 / 14.10.2018
7923
2 дақиқада ўқилади

Буэнос-Айресда яна бир бор Ўзбекистон мадҳияси янгради, медаллар сони 10 тага етди

Фото: Анвар Ильясов

Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда ўсмирлар Олимпиадаси баҳслари давом этмоқда. Мусобақанинг 7-кунида Ўзбекистоннинг икки спортчиси делегация жамғармасини медаллар билан бойитди.

Дастлаб оғир атлетика баҳсларида Долера Давронова бронза медалини қўлга киритди. +63кг вазн тоифаси вакиласи даст кўтаришда 92 кг., силтаб кўтаришда эса 125кг. тошни ўзига бўйсундирди. Умумий ҳисобда эса 217 кг натижа кўрсатган Давронова шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.

Долера Давронова / Фото: Анвар Ильясов

Шундан сўнг байдарка ва каноэ бўйича яккамалик баҳсларида Гулбаҳор Файзиева барча рақибларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди. У мусобақада давомида Янги Зеландия, Белорусь, Қозоғистон вакилаларидан устун келиб, финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи чиқишда венгриялик спортчини мағлубиятга учратди ва олтин медаль билан Ўзбекистон мадҳиясининг Буэнос-Айрес ареналарида учинчи марта янграшига сабаб бўлди.

Гулбаҳор Файзиева / Фото: Анвар Ильясов

Спорт курашларида -49 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шоҳида Аҳмедова совриндорлар қаторидан жой олди. Аҳмедова мусобақа давомида Қозоғистон, Венесуэла, АҚШ, Белорусь мамлакатлари вакилларини мағлубиятга учратиб финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи жангда эса у швециялик рақибасига имкониятни бой берди қўйди ва якунда кумуш медаль билан кифояланди.

Шоҳида Аҳмедова / Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Еттинчи кунги баҳсларда делегация ҳисобидаги медаллар сони 10 тага етди – жамғармада 3 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медаллари мавжуд. 1 та олтин ва 1 та бронза медаллари микст баҳсларида қўлга киритилган.

Мусобақалар 18 октябрга қадар давом этади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид