Ўзбекистон | 20:29 / 16.10.2025
7220
1 дақиқада ўқилади

Путин Ўзбекистон бош прокурорини «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Ниғматилла Йўлдошевнинг «МДҲ маконида қонунийлик, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, прокуратуралараро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси» эътироф этилди.

Фото: Бош прокуратура

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевни «Дўстлик» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Шу тариқа, Россия раҳбари Йўлдошевнинг «МДҲ маконида қонунийлик, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, икки томонлама ва кўп томонлама шаклларда прокуратуралараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Россия билан стратегик шерикликни йўлга қўйишга қўшган улкан ҳиссасини» қайд этди.

Ниғматилла Йўлдошев 2019 йилдан буён Ўзбекистон Бош прокуратурасига раҳбарлик қилиб келмоқда. 2024 йил июн ойида у ушбу лавозимга қайта сайланди.

Россиянинг «Дўстлик» ордени 1994 йилда таъсис этилган. У билан Россия Федерацияси фуқаролари ва хорижликлар халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун тақдирланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Фарруҳ Зокиров ва Севара Назархонни ҳам «Дўстлик» ордени билан тақдирлаганди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид