Ўзбекистон | 12:27 / 04.02.2022
22308
3 дақиқада ўқилади

“Инсон омили ва коррупциядан холи” — ҳайдовчилик имтиҳони олинадиган янги марказдан репортаж

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун синовлар ўтказиладиган янги типдаги илк мажмуа – Тошкент имтиҳон маркази очилди. Мажмуа нимаси билан фарқ қилиши, имтиҳонлар қандай ўтказилиши, имтиҳон топшириш нархлари ва бошқалар – Kun.uz репортажида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

3 феврал куни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази тақдимоти бўлиб ўтди.

Янгиҳаёт туманида жойлашган мазкур хусусий марказ – ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган Ўзбекистондаги илк автоматлаштирилган имтиҳон комплекси ҳисобланади.

Очилиш маросимида қайд этилишича, автоматлаштирилган имтиҳон марказида синовлар инсон омилисиз, коррупциядан холи бўлади, фақат ўқиб тайёргарлик кўрганларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини ола олади.

Имтиҳон қандай ташкиллаштирилади?

Имтиҳон топшириш учун келган номзод рўйхатдан ўтгач кассага боради ва дастлаб назарий имтиҳон учун тўлов қилади.

Тўлов қилгач, фуқаро кириш қисмида QR-кодли бейжигини текширтиради. Код орқали рўйхатга олингани, ҳужжатлари тўлиқлиги ва тўлов қилгани текширилади. Назарий имтиҳон хоналари 3та, ҳар бир хонада 25 кишидан, жами 75 киши имтиҳон топшириши мумкин.

Назарий имтиҳонни биринчи уринишда топшира олмаган номзод яна 7 кундан сўнг қайта имтиҳон топшириши мумкин.

Имтиҳонни топшириб бўлган номзод қайтадан тўлов қилиб, амалий имтиҳон ўтказиладиган қисмга боради. Имтиҳон олди номзодлар амалий имтиҳон жараёнини махсус экранлар орқали кузатиши, синовлар қандай тартибда ўтиши ҳақида визуал маълумот олиши мумкин.

Бундан ташқари, амалий машғулотларни назорат қилиш маскани мавжуд бўлиб, унда синовларда инсон омили иштирок этмаслиги, номзоднинг қай тартибда имтиҳон топшираётгани назорат қилинади.

Имтиҳон топшириш нархи қанча?

Марказ директори Даниэл Буркнинг сўзларига кўра, амалий ва назарий имтиҳонлар нархи 50 минг сўмдан. Бу нарх – биринчи марта имтиҳон топшираётганлар учун.

“Тайёргарлик кўрган, ўқиган одам биринчи мартанинг ўзидаёқ имтиҳондан ўта олади. Биз барчани бу ерга тайёргарлик кўриб келишга рағбатлантирмоқчимиз. Тайёрланган одамга синовлар қийин эмас”, дейди Даниэл Бурк.

4 февралдан имтиҳон олиш бошланади

Марказ ходими Насриддин Маматовнинг қайд этишича, автодром 400-500 кишини сиғдира олади. Бошида 1 сменада имтиҳонлар олиш режалаштирилган. Лекин имтиҳон топширувчилар оқимига қараб 2 сменада ҳам синовларни ташкиллаштириш мумкин.

Агар номзод назарий имтиҳондан ўтиб амалийни топшира олмаса, у кейинги сафар – 7 кундан кейин келиб фақат амалий имтиҳонни топширади. Назарий имтиҳонда олинган балл 2 ой ҳақиқий ҳисобланади. Бу муддат ичида амалий синовни топшира олмаган номзод қайтадан яна назарий имтиҳон ҳам топшириши керак бўлади.

“Ҳар иккала имтиҳондан ҳам ўтганларга эса имтиҳонни топширганлик тўғрисидаги сертификат бирданига берилади. Ва бу сертификат ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга асос ҳисобланади”, дейди Насриддин Маматов.

Марказ 4 февралдан ўз фаолиятини бошлайди. Янгиҳаёт туманида жойлашган имтиҳон марказига фуқароларнинг келиб-кетишини таъминлаш учун автобус қатнови йўлга қўйилиши ҳам режалаштирилган.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов. 

Мавзуга оид