Тошкент вилоятида коронавирус юқтириб олганларнинг 60 фоизи 5та туманга тўғри келади — Рустам Холматов мурожаати
Булар – Қибрай, Тошкент, Зангиота, Янгийўл ва Паркент туманларидир.
Бугун, 20 июлда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов вилоятдаги эпидемиологик вазият юзасидан мурожаат билан чиқди.
Холматовнинг сўзларига кўра, Тошкент вилоятида жами касалланиш ҳолатлари 1892тани ташкил этади. Шундан 936 киши соғайган.
«Кеча [19 июль] вилоят бўйича касалланганлар сони 78 нафарни ташкил этган бўлса, 58 нафари кечанинг ўзида соғайган. Демак, бугунги ҳолатга кўра, даволанаётганлар сони 947 нафарни ташкил этяпти.
Шулардан 244 нафари стационар шароитда (Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасида – 68, Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида – 33, республика муассасаларида – 143 нафар), уй шароитида эса 703 нафар бемор даволанмоқда.
Касаллик енгил шаклда аломатларсиз кечаётган уй шароитида даволанаётганларнинг тўлиқ изоляция ҳолатида бўлишларини таъминлаш мақсадида ҳамда уларга тиббий хизмат кўрсатиш (онлайн тарзда тиббий маслаҳат ва хонадонига бориш), зарурий озиқ-овқатлар, иммунитетни кўтарувчи дори-дармонлар ва бошқа зарурий эҳтиёж молларини етказиб бериш мақсадида 31та мобил гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.
Олдимизда турган энг катта вазифалардан бири – тиббиёт муассасаларида тез тиббий ёрдам учун шарт-шароитларни яратиш. Бугунги кунда вилоятимиздаги фақат шаҳар ва вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида 905 ўринли захира мавжуд. Бундан ташқари, яна сиҳатгоҳ ва санаторийларда 10 мингта ўрин захирасини яратиш ишлари кетяпти.
Иккинчидан, дори-дармонлар масаласи. Президент топшириғига кўра, 10 млрд сўм ўтказилди, яна қўшимча маблағларимиз бор. Соғлиқни сақлаш муассасаларида 9 турдаги зарурий дори-дармон воситаларидан 5 тури мавжуд бўлиб, бу 5 кунлик захирани ташкил этади.
Вилоят ҳудудида инфекцияга қарши ишлатиладиган 9 хил турдаги дори – дармонларнинг 3 ойлик (293 млн сўмлик) захираси жамланди. Бундан ташқари, COVID-19 ва унинг асоратларини даволашда ишлатиладиган 49 хил турдаги дорилар эҳтиёжи ва зарур маблағ ҳисоблаб чиқилди (3 ойлик дори-дармон эҳтиёжи учун 27 млрд сўм маблағ керак бўлади).
Учинчидан, коронавирус касаллигини вилоят туманларидаги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, даволаш усулларини ишлаб чиқиш. Стационар, уй шароитида даволанаётганлар ва карантинга олинган фуқаролар билан ишлаш бўйича механизм яратамиз.
Шу билан бирга, жойларда фуқароларни касалликдан профилактика қилиш учун тарғибот-ташвиқот олиб борамиз. 286та тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, 178та ППХ патруль автомашинасининг овоз чиқарувчи воситаси билан ва 79та мобил овоз кучайтирувчи станциялари билан шунингдек, карантин қоидаларига риоя этиш бўйича 2 311та тарғибот суҳбатлар ўтказилди.
Бош вазир Абдулла Арипов вилоятга ташриф буюриб, шифокорлар, мутасаддилар билан биргаликда йиғилиш ўтказди. Унга кўра, вилоят шифохоналарига 80та тез ёрдам машинаси олиб келинади. Бир қисми бугун етиб келади.
Жойларда 237та тез тиббий ёрдам гуруҳлари бўлса, уларга қўшимча 114та тез тиббий ёрдам гуруҳлари ташкил қилинади.
Тест топшириш бўйича гапирадиган бўлсак, вилоят СЭОМда 4та ПЗР аппарати ишлаб турибди. Тошкент, Янгийўл, Зангиота туманларида биттадан лаборатория ишга туширилди. Вилоятда жами 7та ПЗР аппаратида таҳлиллар ўтказиляпти.
Бугун Қибрай туманига олиб келдик, лаборант-ходимлар ўқитиляпти. Олмалиқ шаҳри, Бекобод тумани ва уларга яқин ҳудудларга шунақа аппаратлар олиб келиш режалаштириляпти.
Вилоятда 132та поликлиника бўлса, айримлари 24 соатлик иш режимига ўтказилади. Барча имкониятларимиз етарли.
Вилоятимизда касалланганларнинг асосий қисми – 60 фоизи 5та туман: Қибрай, Тошкент, Зангиота, Янгийўл, Паркент ҳиссасига тўғри келади. Касалланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларга алоҳида эътибор беряпмиз», – деди Рустам Холматов.
Маълум қилинишича, айни пайтда Тошкент вилоятида 7 мингта тест жамламаси захираси бор.
Мавзуга оид
23:07 / 21.12.2024
Тошкент вилоятида чиқинди полигонлари хизмат нархи оширилади
16:16 / 17.12.2024
Тошкент вилоятида 8,7 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган цех фош этилди
20:14 / 16.12.2024
Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
21:41 / 14.12.2024