Ўзбекистон | 10:34 / 16.04.2022
18795
2 дақиқада ўқилади

Ситораи Моҳи Хосса мансабдорларига жиноий иш очилди. Тарихий мажмуанинг бир қисми бадиий аҳамиятини буткул йўқотган

Мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган.

Фото: Wikipedia

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ҳамда Маданий мерос агентлиги томонидан "Ситораи Моҳи Хосса" тарихий мажмуасидаги реставрация ишлари ҳолати ўрганилган. Ўрганиш давомида таъмирлаш ишлари маданий мерос объектларини реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилгани аниқланган.

Хусусан, таъмирлаш-реставрация лойиҳалари махсус Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмаган, тегишли рухсатномалар олинмаган ва яна бир қатор талаблар қўпол равишда бузилган. Мажмуада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган. 

Агентлик томонидан ўрганиш ишлари якунлари ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилган. Айни вақтда Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатлар бўйича мутасадди мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Маълумот учун, Ситораи Моҳи Хосса Бухоро амирларининг ёзги саройи ҳисобланиб, асосий бинолар амир Мир Саййид Олимхон (1911-1920 йиллар) ҳукмронлиги даврида қурилган. Ҳозирда музей сифатида фаолият юритаётган мажмуага йилига 158 минг (шундан 63 минг нафари хорижий) сайёҳ ташриф буюради.

Таъкидланишича, 2019-2020-йилларда мажмуада қиймати 8 млрд сўмлик таъмирлаш ва реставрация ишлари олиб борилган.

Мавзуга оид