Ўзбекистон | 18:02 / 06.05.2021
11003
3 дақиқада ўқилади

Хорижий тиллар ўқитувчиларининг ойлик маоши уларнинг малакасига қараб белгиланади

Келгуси йилдан бошлаб янгидан ишга қабул қилинаётган чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилади. Бу ҳақда чет тилларини ўқитишни такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда маълум қилинди.

«Бундан буён, хорижий тиллар ўқитувчиларининг ойлик маоши уларнинг малакасига қараб белгиланади. Халқаро сертификатнинг дастлабки ва ўрта даража олган ўқитувчиларга – 40 фоиз ва юқори натижа кўрсатганларга 50 фоиз устама белгиланади. Бунда, юқори балл олган ўқитувчиларга халқаро сертификат олиш учун тест топшириш харажатлари бир кишига ўртача 2 миллион сўмгача қоплаб берилади. Ишметов ушбу мақсадлар учун жорий йилда 50 миллиард сўм ажратсин», деган президент Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йилдан бошлаб янгидан ишга қабул қилинаётган чет тили ўқитувчиларига миллий ва халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилади.

«Ёшларимиз чет тили ўқитувчиси бўламан деса, ҳаракат қилишлари лозим. Кейинги 3 йил давомида мактаблардаги жами 53 минг нафар чет тили ўқитувчилари халқаро сертификат олишлари зарур.

Ушбу ишларга, хусусий таълим ташкилотларини ҳам фаол жалб қилиб, юқори балл олган ўқитувчиларга ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилади.

Халқ таълими вазири Шерматов вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, икки ой муддатда яратиладиган қўшимча имкониятлардан фойдаланиб, 1300та вакант ўринларни малакали мутахассислар билан тўлдириши керак. Бу ҳақда вазир бош вазирга ҳисобот беради. Вакантимиз бор, ойлигимиз бор, лекин мутахассисимиз йўқ.

Бекзод Мусаев, Шерзод Шерматов вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари билан бирга, жорий йил 1 сентябрга қадар танлаб олинган жами 207та мактабда барча шароитларни яратиб, чет тилларини чуқур ўргатишни бошлаши керак.

Ушбу мактабларда хорижий китоблар, илғор ўқув дастурлари ва методикаларидан эркин фойдаланиш ҳамда фанларни чет тилида ўқитиш йўлга қўйилади. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари Халқ таълими вазирлиги ва янги Агентлик билан бирга, ушбу мактабларни зарур адабиётлар,ўқув дастурлари ва қуроллари ҳамда техника воситалари билан жиҳозлашга масъул бўлади.

Умуман, вилоят ҳокимлари ўз бюджетидан мактабларда чет тилини ўқитиш сифатини ошириш учун, ҳар бир туман ва шаҳарга 1 миллиард сўмдан маблағ ажратсин. Бу оғир, лекин бошқа иложимиз йўқ. Айрим етакчи туманлар бу маблағни икки карра кўпроқ ажратиши ҳам мумкин», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид