Ўзбекистон | 13:01 / 18.08.2022
22207
3 дақиқада ўқилади

Хотин-қизларга текин магистратура: квотадан ташқари қабул қилинганларга ҳам контракт тўлаб бериладими?

Магистратурага табақалаштирилган контракт асосида қабул қилинган, 2022-23 ўқув йилида 2-курс бўладиган хотин-қизлардан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан Kun.uz Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан изоҳ олди. Вазирлик масъули квотадан ташқари қабул қилинган хотин-қизларга контракт суммаси қоплаб бериладими, деган саволга жавоб берди.

Google Photos

15 августдаги ҳукумат қарорига кўра, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган ва ўқиётган хотин-қизларга базавий тўлов-контракт (стипендиясиз) суммалари тўлиқ тўлаб берилади.

Бунинг учун талабгорлар 15 сентябрга қадар ОТМ ректори (ёки филиал директори) номига ариза ёзиши керак, бу муддатдан кеч берилган аризалар қабул қилинмайди ва контракт пуллари тўлаб берилмайди.

Ҳозирда магистратура босқичида ўқиётган, табақалаштирилган контракт асосида қабул қилинган хотин-қизлар уларга ҳам контракт тўловлари тўлаб бериладими, деган савол билан мурожаат қилмоқда.

Kun.uz бу борада Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати мутахассиси Зафар Амирқуловдан изоҳ олди.

Унинг сўзларига кўра, янги тартиб фақат базавий контракт бўйича қабул қилинганларга нисбатан амал қилади.

“Масалан, квотада жами 10 та, шундан 2 та грант 8 та контракт ажратилган бўлса, натижасига кўра биринчи 8 таликда талабаликка тавсия этилган магистрларнинг бу йилги контракт суммалари қоплаб берилади. 8 тадан ташқари қўшимча қабул қилинганларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бу фақат биринчи курсга қабул қилинадиган талабалар учун. Агар магистратура босқичида ўқиётган хотин-қизлар биринчи курсга квотадан ташқари, табақалаштирилган контракт асосида қабул қилинган бўлса, уларга ҳам иккинчи курсдан контракт суммаси қоплаб берилади”, – деди у.

Демак, икки ҳолатда магистратурадаги хотин-қизларга контракт суммалари қоплаб берилмайди: агар талабгор 15 сентябрдан кечикиб ариза берса ёки квотадан ташқари қабул қилинган бўлса. Талаба иккинчи курсдан базавий контрактга ўтганда, контракт қоплаб берилади.

Демак, икки ҳолатда магистратурадаги хотин-қизларга контракт суммалари қоплаб берилмайди: агар талабгор 15 сентябрдан кечикиб ариза берса ёки квотадан ташқари қабул қилинган бўлса.

Эслатиб ўтамиз, бу тартиб давлат олийгоҳлари билан бирга Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура Академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ва Банк-молия академиясига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Нодавлат ва хорижий ОТМларнинг Ўзбекистондаги филиалларида магистратура босқичида таҳсил олаётган талаба хотин-қизларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид