Соғлом ҳаёт | 18:28 / 26.08.2025
5084
8 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Қувват улашиб, уйқуни қочиради, аммо соғлиқни емиради: энергетик ичимликлар организмни қандай шикастлайди?

Бундай суюқликлар таркибида юқори миқдорда кофеин ва шакар мавжуд. Мазкур моддалар юрак уришини тезлаштиради, қон босимини оширади ҳамда миядаги нерв ҳужайраларини “уйғотиб”, фаоллаштиради. Қувват улашувчи ичимликларни тез-тез қабул қилиш уйқусизлик, чарчоқ ва руҳий беқарорликка олиб келади. Меъёрдан ортиқ истеъмол эса юрак ритми бузилиши, асабийлашиш ва ҳатто ҳушдан кетиш ҳолатларини юзага келтириши мумкин. Мутахассислар бундай ичимликлар организмни вақтинча тетиклаштирса-да, узоқ муддатли таъсирда соғлиқ учун катта хавф туғдиришини таъкидлайди.

Фото: AP

Ўзбекистонда охирги йилларда энергетик ичимликлар бозори кескин кенгаймоқда. Тошкентдан тортиб вилоят марказларигача деярли ҳар бир дўконда уларнинг турфа хили савдо расталарида мавжуд. Айниқса, мактаб ва коллеж ёшидаги ўқувчилар ҳамда талабалар орасида бу ичимликларга талаб юқори. Рекламаларда “энергия берувчи”, “уйқуни қочирувчи” сифатида кўрсатиладиган суюқликларнинг асл таркиби эса соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. Бундай ичимликлардаги кофеин юракка, шакар метаболизмга, сунъий қўшимчалар эса умумий организмга зарар етказади. Улар танага тезда тетиклик улашади, лекин мазкур қувват соғлиққа зарар етиши ҳисобига ҳосил бўлади.

Кофеин – тетиклик ортидаги хавф

Энергетик ичимликларнинг организмни тетиклаштирувчи асосий “қуввати” кофеиндан ҳосил бўлади. Бу модда марказий асаб тизими фаолиятини қўзғатиб, уйқуни қочиради, сергаклик беради ва чарчоқни вақтинча босади. Шу туфайли кўпчилик имтиҳонларга тайёрланаётганда, тунгача ишлаш ёки спорт мусобақаларига қатнашиш олдидан бундай ичимликларни истеъмол қилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир шиша (250–330 мл) энергетик ичимлик таркибидаги кофеин миқдори икки-уч стакан кучли қаҳвага тенг бўлади. Бундай юқори дозадаги кофеин юрак уришини тезлаштиради, қон босимини оширади ва айрим ҳолларда юрак ритмини бузиши мумкин. Айниқса, ўсмирлар ва юрак-қон томир касаллиги бор одамларда бу ҳолат хавфли оқибатларни юзага келтириши эҳтимоли баланд.

Кофеиннинг ортиқча истеъмоли уйқусизлик, асабийлик, қўл-оёқларда қалтираш, меъда-ичак фаолиятида бузилишлар ва ҳатто бош оғриғига сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда организмда “кофеин қарамлиги” шаклланиб, инсон тинчланиш ёки ишлаш учун доимо янги дозага эҳтиёж сеза бошлайди. Бу эса соғлом турмуш тарзига зид бўлиб, узоқ муддатли оқибатларда организмнинг умумий заифлашишига олиб келиши мумкин.

Шифокорлар катта ёшдагилар учун кофеин истеъмолини кунига 400 мг.дан, ўсмирлар учун эса 100–150 мг.дан оширмасликни тавсия этади.

Шакар – “ширин душман”

Энергетик ичимликларнинг асосий таркибий қисмларидан бири — шакар. Одатда, 0,5 литрли машҳур бренд номи остидаги ичимликларининг ҳар бирида 15–18 чой қошиқ атрофида шакар бўлади. Таққослайдиган бўлсак, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) катталар учун кунлик шакар истеъмолини 5–6 чой қошиқдан оширмасликни тавсия қилади. Демак, битта энергетик ичимлик ичиш орқали одам кунлик меъёрни уч баробардан ортиқ қабул қилган бўлади. Шакар тезкор энергия манбаи сифатида қисқа муддатга тетиклик бағишлаши мумкин, бироқ бу таъсир узоққа чўзилмайди. Бир неча соат ичида организмда кескин қувват пасайиши, яъни “чарчаш синдроми” кузатилади. Шунинг учун ҳам одам ўзини яна кучсиз ҳис қилиб, қайтадан ширинлик ёки ичимлик истеъмол қилишни хоҳлайди.

Узоқ муддатли оқибатларда шакар истеъмоли миқдорининг ҳаддан ташқари юқорилиги семириш, 2-тур диабет ва юрак-қон томир касалликлари ривожланиш хавфини оширади. Шунингдек, ортиқча шакар тиш эмалини емиради ва кариесни тезлаштиради.

Таурин, гуарана ва витаминлар

Рэкламаларда тез-тез тилга олинадиган таурин, гуарана ва Б гуруҳи витаминлари энергетик ичимликлар таркибидаги “қувват манбаи” сифатида кўрсатилади. Аммо бундай ичимликларда уларнинг миқдори жуда паст бўлиб, организмга фойда бериши илмий жиҳатдан исботламаган.

Масалан, таурин инсон организмида табиий равишда синтез қилинадиган аминокислота бўлиб, юрак фаолияти ва мушаклар учун муҳим. Бироқ энергетик ичимликларда унинг миқдори организм учун зарур бўлган даражадан анча паст бўлади ва кутилган ижобий таъсирни бермайди.

Худди шунингдек, гуарана ўсимлиги ҳам кофеинга бойлиги билан машҳур, бироқ ичимлик таркибидаги миқдори инсонни сезиларли даражада тетиклаштира олмайди. Б гуруҳи витаминлари эса асосан асаб тизими фаолияти ва энергия алмашинуви учун фойдали саналади, уларни энергетик ичимликларни ичмасдан, оддий овқатлар орқали ҳам организмга етказиш мумкин.

Ичимлик таркибидаги асл қувват манбаи сифатида кўрсатилаётган таурин, гуарана ва витаминлар истеъмолчига катта фойда бермайди, балки одамни ичимлик хавфларидан чалғитиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Шу сабаб, мутахассислар энергетик ичимликлар таркибидаги бу каби қўшимчаларнинг фойдаси илмий жиҳатдан исботланмаганини, аксинча, кўпроқ маркетинг усули сифатида ишлатилишини таъкидлайди.

Сунъий қўшимчалар

Энергия ичимликларини харид қилганимизда уларнинг ёрқин ранги ва ўзига хос таъми эътиборни тортади. Аслида эса бундай жозиба кўпинча табиий эмас, унъий ранг берувчи ва таъм кучайтирувчи моддалар ҳисобига юзага келади. Мазкур моддалар организм учун ҳеч қандай фойда бермайди. Аксинча, уларнинг салбий таъсири ҳақида кўплаб илмий тадқиқотлар мавжуд.

Сунъий ранг берувчилар узоқ муддатли истеъмолда аллергик реакцияларни қўзғатиши, терида тошмалар пайдо қилиши ёки бронхиал астмани кучайтириши мумкин. Бундан ташқари, болаларда диққат етишмовчилиги ва гиперактивлик синдромини кучайтириши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Таъм кучайтирувчи кимёвий моддалар эса овқат ҳазм қилиш тизимига юклама беради. Улар меъда ва ичак шиллиқ қаватини яллиғласҳи, аксар ҳолларда кўнгил айнишини пайдо қилиши мумкин. Баъзи қўшимчаларнинг организмда узоқ вақт парчаланмай сақланиб қолиши ҳам аниқланган.

Шундай экан, энергия ичимликларидаги сунъий ранг ва лаззатлар “зарарсиз безак” эмас. Улар қисқа муддатли маза ва тетиклик эвазига организмга ортиқча кимёвий юклама беради.

Дунё тажрибаси ва Ўзбекистон

Манбаларда қайд этилишича, энергэтик ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш туфайли кўплаб ёшларнинг шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилиши сони ортган. АҚШ ва Европада эса ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилган. Шу сабабли айрим мамлакатларда бу ичимликларни вояга етмаганларга сотиш тақиқланган.

Ўзбекистонда эса энергетик ичимликлар барча ёшдагилар учун бирдек, ҳеч қандай тақиқларсиз, бемалол сотилади. Статистик маълумотларга кўра, охирги 5 йил ичида уларнинг импорт ҳажми бир неча баробарга ошган. Тошкентдаги айрим дўкон эгалари айтишича, бундай ичимликларнинг асосий харидорлари 16–25 ёшдагиларни ташкил этади.

Хулоса қилиб айтганда, энергетик ичимликлар инсон организмига “қувват” эмас, аксинча, яширин хавф олиб киради. Улар қисқа муддатли тетиклик улашиши билан бир қаторда юрак-қон томир касалликлари, асаб тизими бузилишлари, уйқусизлик ва ҳатто ўлим хавфини юзага келтирадиган оқибатлар пайдо қилиш эҳтимолидан холи эмас. Мутахассислар бундай ичимликларни соғлом турмуш тарзини таъминловчи восита эмас, балки тижорат мақсадида кенг тарғиб қилинаётган маҳсулот сифатида баҳолашади. Шу сабаб, инсон ўз саломатлиги учун энг катта энергия манбаини қувват улашувчи сунъий ичимликлардан эмас, табиий йўллар ёрдамида яъни соғлом уйқу, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали топиши лозим.

Диёрахон Набижонова

Мавзуга оид