Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Доирадан ташқаридаги уч соат: Учқудуқнинг олис овулига сафар таассуротлари (очерк)
Баъзан ўз юртингизнинг қайсидир бир гўшасини ўзингиз учун кашф қиласиз. Одамларининг тилини, дилини тушунасиз, аммо негадир улар мутлақо бошқача муҳитда яшаётгандек туюлаверади. Масалан, Учқудуқ ва учқудуқликлар...

Хизмат сафарларимизнинг навбатдагисида Навоий вилоятининг энг олис тумани – Учқудуқда, туманнинг олис овулларида бўлдик. Сафаримиз давомида овул одамларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, орзу-армонлари билан қизиқдик.

Учқудуқ – вилоятнинг ҳудудий жиҳатдан энг йирик тумани. Туман асосан кончилик ва чорвачиликка ихтисослашган. Аҳолиси 37 минг, шундан 4,7 минг киши қишлоқ, яъни овулларда яшайди. Таққос учун айтиш мумкинки, 1,12 минг кв.км. ер майдонига эга Ургут туманида ярим миллион аҳоли яшайди. Учқудуқнинг умумий ер майдони эса 46,63 минг кв.км.ни ташкил қилади.
Бу фактни келтиришимизнинг боиси – Учқудуқда одамлар тиқилиб қолмаган, ер кўп. Ургут туманидан 46 баробар катта. Машҳур қизиқчининг таъбири билан айтганда, югуриб чарчагач, дўппини отиб, яна бир неча гектар ер ўлчаш ўша ёқларга тўғри келади. Ургутнинг даласида мол боқсангиз, сигирингнинг думи бизни чегарага ўтмасин, дейишади. У ёқда эса от ва туялар, қўй-қўзилар ихтиёрида – адоғи йўқ кенгликлар.

Бу ерда биров қурилиш қилай, деб ер талашмайди.


Нега Учқудуқ? Айтишларича, Буюк ипак йўлида жойлашган бу манзилда қадимдан учта қудуқ бўлган ва номланишига ҳам шу қудуқлар асос бўлган. Очиғини айтиш керак, бу манзилда қудуқ – ҳаётнинг ягона манбайи. Жой номлари ҳам шунга монанд: Мингбулоқ, Узунқудуқ, Қулқудуқ...
«Қулқудуқ»: ўзини, ўзлигини йўқотмай яшаётганлар овули
«Алтинтау» овул фуқаролар йиғини «Қулқудуқ» овулида бўлдик. Овулдагилар интернет нашрлар, хусусан Kun.uz деган сайтни жуда кам эшитишган. Қишлоқ аҳлининг ОАВга иши тушмайди: уларда, мисол учун, ер талашиш, уй бузиш, компенсация ололмаслик, деган муаммолар йўқ...

Дарвоқе, бу овулда жиноят ҳам бўлмайди. Бўлмасин ҳам. Ҳамма бир-бирини танийди. Ўғри ҳам йўқ. У ерларда ўлди-сўйдиларни эшитмайсиз. Чақалоқлар далага ташлаб кетилмайди, пулланмайди, болафурушлик йўқ. Орият бор, хотинини бўлди-бўлмадига «қўйиб юбормайди»...

«Алтинтау» овулида асосан қозоқ миллатига мансуб дўстларимиз яшаркан. Жами 134 хонадон, 664 нафар аҳоли истиқомат қиларкан.
Овул раисини кўпчилик «ота» деб чақираркан. Жомарт Абдираманов – оқсоқол. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Фаррух Бафоев ҳамда Жомарт оға ҳамроҳлигида овул ораладик.
«Худога шукур, одамларимиз ориятли, меҳнатдан қочмайди. Тасаввур қилинг, овулимиз туман марказидан 50-60 км олисда. Оралиқда ҳеч нарса йўқ, қип-қизил чўл. Шу овулда бир ҳовуч бўлиб яшаймиз. Ишламаслик, ҳаракат қилмаслик мумкинми? Йўқ, албатта. Биров келиб нон-ош бермайди.
Шундайига ҳам камбағалимиз йўқ деёлмайман. Бор. Лекин уларни ёлғизлатиб қўймаймиз, ҳамма бир-бирига қариндош. Саноқлигина камбағалимиз бор эди, уларга қўй олиб бердик. Овулда бошқа иш қилиш осонмас. Асосан чорва билан шуғулланамиз. Давлатнинг ёрдами сифатида камбағалларга нақд пул ҳам тарқатдик», дейди Жомарт оға.
Биз эҳтиёжманд оила вакилларида бири Соҳиба Нуруллаева билан суҳбатлашдик.

Унинг турмуш ўртоғи болаликдан ногирон; ўзи эса ҳозирги вақтда жамоат ишига жалб қилинган, 750 минг сўм ойлик олаётган экан. Айтишича, унга кредит асосида 12та қўй олиб берилган. «Айни кунда қўйларим сони 20 бош бўлди. Насиб қилса, яна кўпаядиган бўлиб турибди. Ўзим Хатирчи туманидан келин бўлиб тушганман, ўзбекман. Худога шукур, шу ерга эл бўлиб кетдим», дейди Соҳиба.

Оиланинг бироз қўли калталик қилаётгани сабабли ўғлига суннат тўйи қилишга қийналаётган экан. Овул оқсоқоли ва ҳоким ўринбосари бу савобли ишга ўзимиз бош бўламиз, дейишди.
Жомарт оғанинг айтишича, овулда ўн нафар ўзбек келинчак яшаб келаётган экан. «Икки миллат аралашиб кетганмиз, айирмачилик йўқ» дейди оға.
Шундан сўнг Айтуар Алимбаевнинг хонадонида бўлдик. Улар ёш оила экан.


Ота ҳамроҳлигида Айтуарнинг ҳовлисига кириб борарканмиз, унинг турмуш ўртоғи Назеркенинг саломлашиши эътиборимизни тортди. Қозоқ аёллари ҳурмат юзасидан ўзидан каттани кўрганда, чап қўлини кўксига қўйиб, ўнг қўлини тиззадан пастга қадар тушираркан. Хуллас, ўзига хос тарбия ва латифлик бор.
Айтуар йўл қурилишида, Назерке жамоатчилик ишида ишлар экан. Уларнинг ҳам ўн чоғли қўйи бор. Аммо Учқудуқ шароитида йигирмата қўйи бор одам ўзини бойман, демаскан...

Айтуарнинг айтишича, туман марказига бир ойда нари борса икки марта эҳтиёж учун чиқиб келади. Ҳеч қачон интернетга кирмаган, боши оғримаган. «Овулим бўлади, шаҳарга боргим келмайди, сира қизиқмаганман», дейди у. Жўралари шу ерда, шаҳарга сиғмай кетади.
Овулнинг чашмаси қуримайди
Умуман, бу овулда одамлар яшаб қолганининг сабаби маълум: сира қуриб қолмайдиган чашмаси бор экан.

Бутун овул шу чашма сувидан ичади. Ариқдан оқиб турган сувни кафтингизга олиб ичишингиз мумкин. Сувнинг қадри жуда баланд бу ерда, муздек ва тотли.
Қудуқлар – ҳаёт манбайи
Овулда ҳамманинг ўтови бор. Жомарт оғанинг айтишича, ёзнинг кунида ўтов – жоннинг ҳузури. Ҳеч қандай замонавий совиткичга эҳтиёж йўқ.
Овулбоши билан суҳбатимизни ўтовда давом эттирдик.
«Бир пайтлар Учқудуқ туманининг ўзида юздан ортиқ қудуқлар бўлган. Биргина бизнинг овулимизда йигирмата қудуқ бор эди. Ҳозирги вақтда туман бўйича қирқта қудуқ қолган. Кўпи қуриб, кўмилиб кетган. Нима учун бу гапни айтяпман? Чунки чўл ҳудудларда қудуқнинг аҳамияти беқиёс. Чорвамиз сув билан. Одамларимиз чорвани кўпайтира олмаётгани, шунча ердан тўлиқ фойдалана олмаётгани сабаби ҳам шунда.


Кўриб турибсиз, аввал овулимиз анча катта бўлган, ҳозир кўпгина уйлар бўшаб қолган. Йиллар давомида айримлар катта шаҳарларга кўчиб кетди, юртдан чиқиб кетганлар ҳам бўлди. Масалан, 90-йилларда овул мактабида мингдан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олган бўлса, ҳозирги кунда 140 нафар ўқувчи ўқийди.
Сўнгги йилларда овулимиз анча обод бўлди. «Обод қишлоқ» дастури асосида фуқаролар йиғини, мактаб, боғча, врачлик пункти реконструкция қилинди. Ёшларимиз учун сунъий қопламали спорт майдончаси қурилди. Умуман олганда, шароитимиз анча яхши бўлди. Натижада ўзини шаҳарга, четга урадиганлар камайди.

Менинг эса бобом, отам шу ерда туғилган, яшаган. Овулимдан кетмайман. Миллатим қозоқ бўлса-да, Ўзбекистонни ватаним, деб билганман», дейди «Алтинтау» овул фуқаролар йиғини оқсоқоли Жомарт Абдираманов.


Жомарт оға туман кенгаши депутати ҳам экан. Суҳбатидан сездикки, овулида одамларнинг муаммосини яхши билади. Ўзи айтганидек, ҳаммасини қондошим, деб ҳисоблайди.

Шаҳар ва овул ўртасида тафовут бор
Шу ўринда бир мулоҳаза. Учқудуқда ҳеч кимнинг деҳқончилик қилиши мумкин бўлган томорқаси йўқ. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Туман бўйича жами иссиқхоналарни санасангиз, бармоқларингиз ортиб қолади. Интенсив боғлар йўқ. Чорвани кўпайтириш ҳам ўлда-жўлда. Сабаби – сув муаммоси.
Туманда доимий иш билан банд бўлган аҳолининг етмиш фоиздан ортиғи «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси Шимолий кон бошқармасида ишлайди. Жуда озчилик мактаб, шифохона каби давлат ташкилотларида банд.
Айтиш лозим, ҳудудда ҳавонинг ифлосланиши, аҳолига етказадиган зарари ҳисобига бошқа вилоятларга қараганда ойлик маош баланд. Ходимнинг йиллик тажрибасига қараб устама ҳам ортиб бораверади. Масала шундаки, Учқудуқ туманида бу меъёр, яъни ойликка устама қўшилиши фақат шаҳар ҳудудидагина амал қиларкан.
Масалан, туманнинг шаҳар қисмида ўн йил ишлаган ўқитувчи ўртача 3,8 млн сўм ойлик олса, овул ўқитувчиси 2,4 млн олади. ҚВП шифокори шаҳарда ўртача 2,5 млн сўм, овулда 2,1 млн олади. Ваҳоланки, туманда жами 9 та мактабгача таълим муассасаси, 12 та мактаб, 7 та ҚВП овулларда жойлашган.
Демоқчимизки, овулларда яшаш ҳам осон эмас. Айниқса, Учқудуқ шароитида. Шундай экан, имтиёз барчага бирдек қўлланилса, одамларнинг турмуш шароити яна ҳам яхшиланарди.
***
Дарвоқе, нафақат бу овул, балки тумандаги деярли барча овуллар «Обод қишлоқ» дастури доирасида обод бўлаётган экан.
«Қулқудуқ»дан қайтарканмиз, овул одамларига маънан яқинлашганимизни, уларнинг турмуш тарзидан нимадир олганимизни ҳис этдик. Узоқдан овул тобора кичрайиб борарди.

Минглаб қўйлар, отлар уюри ва чўл кемаси бўлган туялар яккам-дуккам адирларда, қип-қизил ялангликда қолаверди. Овулнинг одамлари биздан кўра чидамлироқ, ҳаётга бардошлироқдек, деган таассурот билан қайтдик.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Суратлар муаллифи – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
13:30 / 17.05.2025
Учқудуқда овчи эҳтиётсизлик оқибатида шеригини отиб қўйди
20:09 / 27.11.2022
Қозоғистонлик наркокурьерларнинг Ўзбекистон ҳудудида амалга оширмоқчи бўлган режаси фош этилди
09:05 / 22.06.2022
Кондаги “уруш”, “ебтўймас” бактериялар – Учқудуқда олтин қазиб олиш жараёнидан репортаж
15:47 / 05.03.2022