Ўзбекистон | 14:51 / 07.07.2022
21830
3 дақиқада ўқилади

Қабул-2022: Кўп берилаётган айрим саволларга жавоблар

20 июлдан бошланган ОТМларга қабул жараёнида, 6 июл соат 18:00 ҳолатига 355 153 нафар абитуриент my.dtm.uz сайтида рўйхатдан ўтган. Қуйида қабул жараёни билан боғлиқ кўп келиб тушаётган саволлардан учтасига тўхталиб ўтамиз.

Фото: Kun.uz

Мақсадли қабул нима дегани?

Мақсадли қабул – қайсидир ҳудуд ва йўналишларда кадрлар етишмовчилиги сабаб ажратиладиган квота ҳисобланади.

Мақсадли квотага даъвогарлик қилиш ёки қилмаслик абитуриентнинг ўзига ҳавола: агар хоҳласа, ҳужжат топшираётган пайтда мақсадли қабулда иштирок этмоқчилигини белгилаши лозим.

Мақсадли квотанинг умумий квотадан фарқли жиҳати, унда пастроқ балл билан ҳам давлат гранти асосида ўқишга кириш имкони бор. Аммо кейинчалик талаба маълум муддат ўз ҳудудида ишлаб бериши керак ва шундан кейингина дипломини қўлига олади.

Мақсадли квота учун ажратилган қабул параметрлари билан шу ерда танишиш мумкин.

Техникумни битирганлар ОТМга кира олмайдими?

Ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда 2023 йилдан бошлаб техникумларнинг аълочи битирувчилари олийгоҳларга имтиҳонсиз кириш тартиби бекор қилинишини айтганди.

Айрим абитуриентлар орасида бу хабар тушунмовчиликларга сабаб бўляптики, яъни эндиликда техникумларни битирганлар ОТМга кира олмайдими?

ДТМнинг маълум қилишича, мактаб, академик лицей, касб-ҳунар мактаби, коллеж, техникум каби умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тугатган барча ўқувчилар ОТМда ўқиши мумкин.

Демак, истовчилар, талабгорлар қўрқмасдан бу йилги имтиҳонларда иштирок этиш имкониятига эга.

Мактабни шу йил тугатганлар онлайн рўйхатдан ўтишда битирган таълим муассасининг маълумотларини киритмайдими?

Абитуриентлар ОТМга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтаётганда битирган таълим муассасалари ҳақидаги маълумотларни сайтга киритишади, лекин шу йил 11-синфни тамомлаганлар бундан мустасно. Уларнинг маълумотлари таҳсил олган таълим муассасаси қайси вазирлик тасарруфида бўлса, ушбу вазирликнинг электрон базасидан олинади.

Бироқ айрим таълим муассасалари ўз битирувчиларининг маълумотлари тегишли базага тўлиқ киритилмагани сабабли абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтган вақтда тегишли маълумотлари чиқмаяпти.

Давлат тест маркази бундай ҳолатларда абитуриентлардан тугатган таълим муассасаси маълумотларини киритмасдан, ўзлари таҳсил олган таълим муассасаси (мактаб, лицей, касб-ҳунар мактаби)га мурожаат қилишларини сўрамоқда.

Таълим муассасаси тегишли маълумотларни базага киритгач, абитуриентлар “Тугатган таълим муассасаси” бўлимидан “Янгилаш” ёки “Юклаб олиш” тугмасини босиш орқали тамомлаган таълим муассасаси маълумотларини янгилаб олишлари мумкин.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид