Ўзбекистон | 10:29 / 26.02.2020
5083
4 дақиқада ўқилади

Бухорода Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактаби ташкил этилади

Бухоро шаҳрида Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактабини ташкил этиш мўлжалланмоқда

Мухтор Ашрафий

Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро шаҳрида Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларни ривожлантириш агентлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлигининг Бухоро шаҳрида Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактаби ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан мактабни қуриш учун Бухоро шаҳар А.Ғиждувоний кўчаси ҳудудидан ер майдони ажратилган.

Белгилаб қўйилишича:

мактаб Агентлик тизимидаги давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланади, Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисоб варағига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;

2020-2021 ўқув йилида мактабнинг мусиқа ҳамда она тили ва адабиёти йўналишларига 7-8-9-10-синфларига ҳамда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб 7-синфига 20 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилинади;

Агентликка мактабнинг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрларнинг салоҳияти ва мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квотасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига 200 ўринли мактаб биноси ва унинг 200 ўринли ётоқхона биносини қурилиш ҳамда жиҳозлаш ишларини қўшимча равишда киритилишини таъминлайди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги:

мактабнинг қурилиш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари жиҳозларнинг техник параметрларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқилишини ва ваколатли экспертиза органлари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилишини;

мактабнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали, хор, мусиқа хоналари ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси билан таъминлайди;

Агентлик билан биргаликда  ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўради.

Мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш бўйича:

Бухоро вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи этиб белгиланади;

бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилот белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари натижасида аниқланади.

Молия вазирлиги:

асосланган ҳисоб-китоблар ва тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига қўшимча равишда киритиладиган мактабнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, мактабнинг 200 ўринли ўқув биносини ҳамда 200 ўринли ётоқхона биносини қуриш ишларини бошлаш учун республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ ажратиш чораларини кўради;

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Давлат бюджети параметрларида «Таълим» соҳасига ажратилган маблағлар доирасида мактабнинг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутади.

Агентлик Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда:

мактабга 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг мусиқа ва санъат йўналишларини тамомлаган иқтидорли педагог-кадрларни жалб этишни таъминлайди;

мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида мусиқа ва адабиёт йўналишларида ижодий танлов, тегишли фанларидан тест синови ва психологик-педагогик диагностика ўтказади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид