Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Узоқроққа зарба: Трамп Зеленский сўраган ракетани берса нима бўлади?
Сўнгги баёнотларга қараганда, АҚШ президенти Киевга анча ён боса бошлагандек кўринади. Володимир Зеленский билан учрашув илиқ кечди, унда Украина етакчиси “Tomahawk” ракеталарини сўради. Америка расмийлари бу масала кўриб чиқилаётганини расман тасдиқлаган. Айни мавзу – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури муҳокамасида.
— Украина АҚШдан “Tomahawk” ракеталарини сўрамоқда. Трамп рози бўлса, бу амалда нимани ўзгартиради?
Анвар Йўлдошев: Баъзи манбаларда Трамп “Tomahawk” ракеталарини “ҳа, берамиз” деб жавоб бергани айтилмоқда. Бошқа манбаларда эса АҚШ уларни берган тақдирда ҳам, бу қуроллар билан Россия ичкарисигача зарба берилишига рози бўлмаслиги қайд этилган.
Ҳозирча булар – риторика даражасида. Вазиятни аниқ баҳолаш учун расмий тасдиқ керак. Украина президенти Россия томонидан Киевда блэкаут уюштирилса, Москва ҳам шу кўйга тушишга тайёр бўлиши кераклигини айтди. Бу баёнотга Медведев, Лукашенко муносабат билдирди. Лекин ҳозирги шароитда Украинада бундай ҳужумларни амалга ошириш имконияти мавжуд эмас, зарур ракеталар ҳали етказиб берилмаган. Шу боис, ракеталар амалда қўлга киритилгачгина уларнинг ишлатилиши эҳтимоли ҳақида гапириш мумкин.
Бектош Бердиев: “Tomahawk” ракеталари тийиб турувчи омил бўлиши мумкин. Бу – қанотли, паст баландликда учадиган ракета бўлиб, уни ишга тушириш учун разведка координатлари зарур. Украина томони бу ракетани олиб… худди бир пайтлар “Leopard” танклари ва F16 самолётлари келди деб шов-шув қилганди, лекин катта ўзгариш қилолмаган эди.
Бироқ бундай ракеталар Украина учун Киевга ҳужумларни тийиб туриш имконини бериши мумкин. Россия: “Агар биз Киевга ҳужум қилсак, энди улар ҳам Москвага зарба бера олади” деб ўйлай бошлайди.
Камолиддин Раббимов: БМТнинг 80-сессиясида Зеленский Доналд Трамп билан ёпиқ эшиклар ортида узоқ суҳбатлашди. Учрашувдан олдин ҳам, кейин ҳам Трамп Россияга нисбатан кескин танқидий муносабат билдирди. У Россия иқтисодиёти “чарчаганини”, ҳарбий салоҳияти эса “қоғоздан ясалган йўлбарс” даражасида эканини айтди. Бунга жавобан Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков “биз йўлбарс эмасмиз, биз айиқмиз, айиқ қоғоздан бўлмайди”, дея истеҳзо билан жавоб қайтарди.
Трампнинг Украинага нисбатан сиёсатида ҳозир икки асосий йўналиш кўзга ташланмоқда. Биринчидан, у энди очиқчасига Украина тарафини қўллаб-қувватламоқда. Чунки АҚШ учун Украинадаги мағлубият Афғонистондан кейинги иккинчи катта ютқизиш бўлиши мумкин. Россиянинг Европа давлатларига қарши провокациялари, хусусан, Полшада юзага келган хавотир ҳам бунга мисол. Иккинчидан, Трамп масъулиятни Европага ўтказишга уринмоқда. Унга кўра, агар Украина мағлуб бўлса, бу Ғарбнинг, хусусан, Европа Иттифоқининг ютқазиши бўлади. Аммо амалда бундай сценарийда АҚШ ҳам ютқазган ҳисобланади, бу эса халқаро майдонда ҳамма учун аён.
Зеленский учрашувдан кейинги интервюсида Россия Украина Вазирлар Маҳкамасига ҳужум қилганини таъкидлади ва “нега биз жавоб бермаслигимиз керак?” деган саволни кўтарди.
Шуҳрат Расул: Ўтган йили Россия пропагандасида кенг тарқалган нарратив шундай эди: “Агар Доналд Трамп президент бўлса, у биз томонда, урушни бизнинг шартларимиз билан тўхтатади”. Бу ғоялар Соловёв ва Скабееваларнинг телекўрсатувларида ва Россия расмий матбуотида мунтазам такрорланар эди. Трамп президент бўлгач, дастлабки бир неча ой давомида рус пропагандаси “Трамп бизники” дея умид билдирарди. Айни шу БМТ сессияси кунлари вазият тубдан ўзгарди.
Трамп ўз позициясини сезиларли даражада қайта кўриб чиқди ва очиқчасига Украина томонига ўтди. Бу ўзгаришни Хитойнинг аналитик марказлари ва йирик нашрлари ҳам қайд этмоқда, Трамп эндиликда Украина тарафини қўлламоқда. Нима учун бундай ўзгариш юз берди? АҚШ етакчилари ва ҳарбий-маслаҳатчилар (жумладан, генерал Кит Келлог ва бошқалар) Доналд Трампга фронтдаги реал ҳолатни батафсил тушунтирганидан сўнг, у ўз қарашини ўзгартиргани тахмин қилиняпти.
Охирги пайтларда Россия қўшинлари қуршовга тушгани ҳақида хабар берилмоқда. Трамп ва НАТО бош котиби Украинанинг 1991 йилги чегараларга қайта олиши имконияти борлигини айтганига ҳам балки айнан шу вазият сабабдир.
Ракеталарга келадиган бўлсак, ҳозирги муҳокамада ERAM (тахминан 400–450 км гача уча олади) ва Tomahawk (конфигурациясига қараб, учиш масофалари турлича) каби тизимларни бериш масаласи кўтарилган. 3 350 дона ракета берилиши ва Трамп маъмурияти томонидан маъқуллаш борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Агар етарлича кўп “Tomahawk” берилса, русларнинг муҳим инфратузилма ва ҳарбий объектлари катта таҳдид остида қолади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.